Ўзбекистон | 17:41 / 25.02.2024
49398
9 дақиқада ўқилади

Криптовалютанинг “онаси”. Сим орқали ўғирланаётган миллиардлар

Майнинг фермаларнинг яширинча ишлатилиши ортидан Ўзбекистонда миллиардлаб сўмлик электр энергияси ўғирланиб, таъминот тизимига катта зарар етмоқда. Ҳатто ҳокимларнинг ҳам ишдан олинишига сабаб бўлаётган майнинг ўзи аслида нима? У қандай ишлайди ва қаердан пул “қилади”? Kun.uz бу борадаги маълумотларни тўплади.

Электр энергиясидан пул “ясайди”

Майнинг “рақамли валютага эришиш, топиш ёки қўлга киритиш” маъносини англатади. Майнинг ферма бу – бир тизимга бирлаштирилган бир қанча компютерлар ёки серверлар.

Кўпчилик рақамли валюталар ҳақида эшитган. Дўконларда тўловлар биткоинларда қабул қилинмаса-да, криптовалюталар рақамли дунёда ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлиб улгурган. Майнинг саноати криптовалюталарга сармоя киритишнинг ҳамон жуда машҳур усули бўлиб қолмоқда. Дунё бўйлаб миллионлаб одамлар рақамли активларни “қазиб олиш”дан манфаатдор ва унга сармоя киритишга ҳамон тайёр.

Турли криптовалюталар учун ҳар хил ускуналар ишлатилади. Хусусан, бир неча йиллар олдин биткоинни олиш учун асосан видеокарталардан кенг фойдаланилган бўлса, кейин улар махсус ишлаб чиқилган процессорлар (АSИC) билан алмаштирилган.

Жаҳондаги барча майнинг ускуналари биз тасаввур ҳам қилолмайдиган даражада электр энергиясини истеъмол қилади. Оддий қилиб тушунтирганда майнинг қурилмаси электр энергияси ёрдамида криптовалюта “ясайди”. Кейин ўша криптовалюта крипто-биржалар орқали сотилиб, ҳақиқий пулга айлантирилади. 

Маълумотларга кўра, 1 биткоинни ишлаб чиқариш учун мингта хонадоннинг бир ойлик электр энергиясига тенг электр сарфланади. 1 биткоин нархи ҳозирги кун ҳолатига 51 минг АҚШ долларидан кўпроқни ташкил этади. 54 та қурилмага эга майнинг ферма 1 биткоинни 1 соатда ишлаб чиқади.  

Жаҳонда вазият қандай?

Кембриж университети олимларининг тадқиқотларига кўра, биргина биткоин криптовалютасини олиш учун йиллик 121,36 TWh электр энергияси зарур бўлар экан. Бу тахминан Ўзбекистон аҳолисининг икки йил давомида истеъмол қиладиган электр энергиясига тенгдир.

BitRiver маълумотларига кўра, дунёда майнинг бўйича етакчи давлат криптовалюта ишлаб чиқаришга жалб қилинган қувват миқдори бўйича 3-4 GW қувватга эга бўлган АҚШ ҳисобланади. Ундан кейинги ўринни 1 GW қувватга эга Россия эгаллаган. Қозоғистонда майнинг билан шуғулланиш учун қўйилган чекловлар ва Хитойда электр тақчиллиги сабаб Россия рейтингда юқорилаган.

АҚШда ҳам солиқ имтиёзларининг олиб ташланиши, электр энергияси нархининг ошиши ва тартибга солувчиларнинг чекловчи ҳаракатлари туфайли мамлакатда криптовалюта бозори ўсиши секинлашиши кутилмоқда.  

Карманадаги йирик ўғирлик

Ўзбекистонда криптовалюта ишлаб чиқариш билан боғлиқ фаолият турини тартибга солишга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Уларга асосан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолият лицензияланиши белгилаб қўйилган. Лекин бугунги кунда айрим шахслар томонидан ўрнатилган тартибларни ғайриқонуний тарзда четлаб ўтиб, крипто-активлар майнинги билан шуғулланиш ҳолатлари учраб турибди. 

Улар орасида 2023 йилда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган энг йирик майнинг ферма Навоий вилоятининг Кармана туманида аниқланган.

Ўзэнергоинспекция томонидан тумандаги қурилиши тугалланмаган бинода назорат тадбири ўтказилган. Жараёнда бинода фуқаро Р.Э.И.га тегишли, умумий истеъмол қуввати 840,4 kWhʼни ташкил этадиган майнинг қурилмалари қуввати 630 kWhʼга тенг иккита трансформаторга ўзбошимчалик билан улангани маълум бўлган.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Ушбу ҳолатдан сўнг энергетика соҳаси бўйича президент ўтказган йиғилишда Кармана тумани ҳоким, прокурори, департамент бошлиғи, ИИБ ва электр тармоқлари раҳбарлари ишдан олинди. Сабаби, улар 10 ой давомида 452 та майнинг қурилмаси орқали 5,5 млн kWh электр энергиясининг ноқонуний ишлатилганини пайқамаган. Бунинг оқибатида давлатга 24,4 млрд сўм зарар етказилган.  

Нима тақиқланган ва нимага рухсат бор?

Ўзбекистонда майнинг фаолияти билан шуғулланиш қонунчилик билан тартибга солинган: Адлия вазирлиги томонидан “Майнинг фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисида”ги низом давлат рўйхатидан ўтказилган. Ушбу низом билан майнинг фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш ҳамда унинг фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланган.

Бунда талабгор рухсатнома олиш учун ахборот тизимига Ягона идентификация тизими (OneID) орқали кириб, аризани электрон равишда тўлдиради. Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан рухсатнома бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза ва белгиланган маълумотлар ҳамда ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилган кундан эътиборан 20 кун ичида қабул қилинади. Аризани кўриб чиқиш ҳамда рухсатнома расмийлаштириш учун йиғим ундирилмайди. Рухсатнома 5 йил муддатга берилади. 

Шунингдек, рухсатнома ваколатли орган томонидан қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир кун ичида QR-код қўйилган ҳолда электрон ҳужжат тарзида расмийлаштирилади.

Майнинг фаолияти фақат юридик шахс томонидан қуёш фотоэлектр станциялари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади, лекин мустасно ҳолатлар ҳам бор. Яъни майнерлар истеъмол қилинган электр энергиясини ҳисобга олиш ускунасини ўрнатиб, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ягона электр энергетика тизимига уланиши мумкин.

Ўзэнергоинспекция ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоевнинг маълум қилишича, ҳуқуқий асослар бўлса ҳам Ўзбекистонда ҳали бирорта майнинг ферма давлат рўйхатидан ўтказилмаган. 

“2023 йил 15 июл санасида Вазирлар Маҳкамасининг қўшимча қарорига кўра, майнинг фермалар 5 баробар оширилган тариф билан электр тармоғига уланиши ёки қуёш батареялари орқали фаолият юритиши мумкин. Бу эса майнерлар учун кўпроқ тўлов харажатларини талаб қилади. Шу сабабли ҳам ортиқча харажатлардан қочиш учун улар фаолиятини яширин олиб боради”, деди у.

Рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Шунингдек, электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиш, ҳисобга олиш асбобларига, уларнинг пломбаларига шикаст етказиш, кўрсаткичларини ўзгартириш ўғрилик ёки оз миқдорда талон-торож қилиш сифатида баҳоланиб, жавобгарликка сабаб бўлади.

Майнерлар ўз фаолиятини фақат рўйхатга олинган пайтда кўрсатилган манзилда, ёнғин хавфсизлиги ҳамда санитария нормалари ва қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга ошириши мумкин. Майнерлар майнингни амалга ошириш натижасида олинган крипто-активларни Ўзбекистонда крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолияти билан шуғулланиш учун лицензияга эга бўлган крипто-биржалар орқали сотишга ҳақли.  

Майнинг – “свет”нинг “душмани”

Ҳа, айнан майнинг қурилмалари электр таъминоти сифатига ҳамда тизимга катта зарар етказиши мумкин.  

Тадқиқотчилар майнинг фермалари электр энергияси етказишда турли бахтсиз ҳодисаларга олиб келишини ва истеъмолчилар учун ҳамиша катта харажатлар келтиришини аллақачон аниқлаб бўлган. Уларнинг фикрига кўра, электр энергиясидан ҳисобсиз ва тўловсиз фойдаланиш бошқа истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлаш сифатига ҳамда тизимнинг ишончлилигига катта путур етказади.

Бундан ташқари, майнинг туфайли электр иншоотларида фавқулодда вазиятлар келиб чиқади. Тармоқ зўриқади, оқибатда истеъмолчилар паст кучланишда электр токи олишга мажбур бўлишади. Қолаверса, истеъмол қилинган электр учун тўловнинг етишмаслиги электр тармоқлари комплексини модернизациялаш ишларини молиялаштиришга ҳам салбий таъсир кўрсатади.

11 ойда 58 млрд сўм ўғирлик

Майнинг фермаси қишлоқ ва туманларда одамлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатади. Қурилмаларнинг тўхтовсиз ишлашидан атрофда яшовчи аҳоли сурункали бош оғриғига учраши мумкин. 

Наврўз Норбобоевнинг таъкидлашича, бир қанча мамлакатларда майнинг фаолиятига чекловлар ёки фаолиятини бутунлай тўхтатиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

“Майнинг фермалар қанчалик зарарли эканини хорижий давлатлар мисолида кўриш мумкин. Масалан, энг йирик майнинг фермалар Хитойда эди, 2021 йилда уларнинг бир қанчасининг фаолиятига чек қўйилди. Чунки энергетик таъминотга катта зарар етказади. Европа давлатлари ҳам майнинг фермалар фаолиятини чеклаш тўғрисида меъёрлар ишлаб чиқяпти. 2017 йилнинг ўзида майнинг фермалар сабаб энергия тизимига 900 фоиз юклама ортган, бу эса тармоқларда катта муаммолар, авария ҳолатларини келтириб чиқарган”, деди у.

Статистик маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 11 ойида Ўзбекистонда 26 та ноқонуний майнинг фермаси аниқланган. Бош прокуратуранинг хабар қилишича, улар томонидан 29 млн kWh электр энергияси талон-торож қилинган. Бу 145 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмол эҳтиёжига тенг. Давлатга етказилган зарар 58 млрд сўмдан ошган. Ҳолат юзасидан 29 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик)нинг тегишли қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва улар процессуал тартибда ушланган.

Эслатиб ўтамиз, майнинг фаолияти билан ноқонуний шуғулланиб, энергия ресурсларини жуда кўп миқдорда талон-торож қилиш Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзатилишига ҳамда 8 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишга сабаб бўлиши мумкин.

Бахтиёр Тўхтаев, Kun.uz

Мавзуга оид