Фан-техника | 21:14 / 01.03.2024
45871
7 дақиқада ўқилади

Сунъий интеллект “давления”ни даволашни бошлайдими? – Оксфорддаги ўзбек олими билан суҳбат

Иқболжон Собиров дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларидан бири, Буюк Британиянинг "Оксфорд" университетида илмий иш қилмоқда. У Kun.uz билан суҳбатда илмий иши, унинг аҳамияти ҳақида гапириб берди. Иқболжоннинг айтишича, у илмий гуруҳ билан амалга ошираётган иш келажакда юрак қон томирлари касалликларини сунъий интеллект билан муваффақиятли, тезроқ даволашга, ташхис қўйишга ёрдам бериши мумкин.

Иқболжон Собиров – “Оксфорд” университети илмий изланувчиси. Бакалаврни Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида, бизнес ахборот технологиялари тизимлари йўналишида ўқиган. Магистратурани эса 100 фоиз грант билан Абу Дабидаги Муҳаммад бин Зайид университетида компютер кўриши – сунъий интеллектнинг бир йўналиши бўйича тамомлаган. 2022 йил ёзида Оксфорд университетига илмий иш бўйича ёзги амалиётга бориб, кардиология бўйича ишлайдиган жамоа билан илмий иш қилган. Ундан кейин Абу Дабига қайтиб, магистратурани тугатиб, Оксфордда докторантурани бошлади.

“Кардиология бўйича сунъий интелеллектдан фойдаланган ҳолда илмий ишлар қиляпман”

“Оксфорд қаердан стипендия олаётганингиз, ким пул бераётганига қарайди. Йилига докторантларга 16 минг фунт стерлингдан 20 минггача стипендия беради.

Менга университетнинг ўқиш пуллари кардиология бўлимидан, стипендиям эса компания томонидан берилади. Ҳозир индустриал докторантура қиляпман, яъни ҳозир қилаётган илмий ишларимиз саноатга ўтади ва амалда қўлланади. Шунинг учун бир маънода компанияга ишлайман деб айтсам ҳам бўлади ва компания ойлиги стипендия сифатида ўтади. Бу Caristo Diagnostics деган компания, Оксфорднинг ўзида жойлашган, юрак-қон томир касалликлари бўйича ишлайди. Жамоа қилаётган барча илмий ишлар амалда қўлланиши керак. Бу ерда кўп ҳолатларда илмий ишлар илмий иш бўлиб қолиб кетган ва ҳаётга татбиқ қилинмаган. Компанияни очишдан асосий мақсад илмий ишларнинг қийматини оммага олиб чиқиш ва шифохоналар билан ишлаган ҳолда беморларнинг маълумотларини олиб, илмий ишларни амалга ошириш бўлган.

Юрак қон-томир касалликлари энг кўп ўлимга олиб борувчи касаллик ҳисобланади. Covid-19 бўлиб ўтди, бу коронавирусдан ҳам кўпроқ ўлимга олиб борадиган касалликдир. Бу касалликни даволашда биринчи ўринда ташхис қўйилади, шу касаллик одамда борми-йўқми, аниқланади. Ундан кейин у прогноз қилинади, яъни шу касаллик йиллар давомида қандай ривожланиши аниқланади ҳамда учинчи босқичда прогнозларга қараб даволаш усуллари тақдим этилади. 

Бизнинг ҳозирги қилаётган ишимиз сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда юрак-қон томир касалликлари бор инсонларга автоматик тарзда ташхис қўйиш ва 5-8 йил олдиндан бу касаллик унда қанчалик ривожланиши эҳтимолини аниқлашга оид. Агар ташхис қўяётган пайтда инсонда юрак-қон томир касалликлари ривожланмаган бўлса, қандайдир ривожланиш потенциали бўлса ҳам, унда шундай риск борлигини дастур айтиб бера олади.

“Кардиологларнинг 5-8 соат вақтини оладиган ишни сунъий интеллект билан сониялар ичида қилиш мумкин”

Бизда айти жамоа бор, улар дастурнинг интерфейсини, ташқи тарафини сунъий интеллект томонидан кўриш ва қилаётган ишларни автоматлаштириш билан шуғулланади. Айтайлик, юракни оладиган бўлсак, юрак атрофида коронар артериялар жойлашган ва бизнинг илмий ишимизда уларни ажратиб чиқиш керак, кейин ажратилган артерияларни таҳлил қиламиз. Уларни бирма-бир ажратиб чиқиш учун ҳар бир беморга битта кардиолог ўртача 5-8 соат вақт сарфлайди. Биз эса битта беморни сониялар ичида сегментация қилишимиз мумкин, бу лойиҳанинг бир қисми. Бизда бор генетик маълумотларни сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда таҳлил қилиш ҳамда томография ва генетик маълумотларни анализ қилган ҳолда прогноз қилиш асосий вазифамиз.

Прогноз қилинаётганда биоиндекаторлардан фойдаланиб, инсонни таҳлил қилишади. Юракда йиғилган калцийни ҳисоблаш юрак-қон томир касалликлари борлигининг асосий индикатори сифатида кўрсатилади, лекин унинг жуда кўп камчиликлари бор. Калцийнинг бор ёки йўқлиги юрак касаллигини ривожлантирадими ёки йўқми, аниқ айтиб бера олмайди. Жамоамиз билан қилаётган ишларимиз турли хил биоиндикаторларни яратиш, ҳозир иккита катта биоиндикатор яратилган, айни дамда 250 минг бемор устида тест қилиб, дастур қанчалик ишлашини текширмоқчимиз. Менинг вазифам расм ва генетик маълумотлардан фойдаланиб, янги турдаги индикаторларни яратиш.

Ўзбекистондаги энг олди муаммо ҳам юрак-қон томир касалликлари ҳисобланади. Кўп одам қон босими юқори эканини айтади.

Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида қайси муаммоларни айти нуқтайи назаридан ҳал қилиш мумкин?

Биринчи бўлиб тўпланган маълумотингиз борми деб сўраган бўлардим. Агар йўқ бўладиган бўлса, шу нарсадан бошлашимиз керак, тартибланган ҳолда маълумотларни йиғиш ва структурага солиш керак. Системалаштирилган маълумотлардан фойдаланиб, турли хулосалар олиш мумкин бўлади. Ўзбекистонда шунақа бир умумий тизим яратса бўлади. Худди One ID билан жуда кўп ташкилотларни боғлашгани каби соғликни сақлашни ҳам боғлаб қўйса бўлади. Бунда сиз қайси шифохонага боришингиздан қатъи назар, One ID орқали барча олдинги маълумотларингизни кўриш имконингиз бўлади. Агар шунақа бирлашган тизим бўлса, ҳар сафар қайсидир касаллик билан шифохонага борсангиз, шифокор олдин қандай касал бўлгансиз, қанақа даво берилганини кўрган ҳолатда яхшироқ хулоса бериши мумкин. Буни Ўзбекистонда қилиш имконияти бор.

Буюк Британиядаги ҳаёт...

Ҳаёт яхши, қизиқ. Атроф-муҳит яшаса бўладиган, табиати чиройли. Охирги 3 йилда Абу Дабида яшаганман, чўл зона бўлгани учун яшил табиат йўқлиги одамни эзади. Бу ерда табиат бор, Ўзбекистонга ўхшаган чиройли жойлари кўп. Яшаш жиҳатидан Ўзбекистондан кўп фарқ қилмайди. Лекин илм олмоқчи бўлганларга жуда кўп имкониятлар бор.

Бу ерга келганимда мени ҳайратга солган нарса – барча бинолар ўта эски ва бу эскиликда гўзаллик борлиги бўлди. Бинолар 1800 йилларда ва ундан ҳам олдинроқ қурилган. Уларда христианлик дини юзага келган, шунча йиллардан бери уларда бу гўзаллик сақланиб қолгани одамни ажаблантиради.

“Ёшларга ўзингизни чеклаб қўйманг, деган бўлардим”

Мақсадни каттароқ қўйса бўлади, мақсад қўйишдан қўрқмаслик керак. Орзу ва мақсаднинг фарқи бор, мақсад қўйгандан кейин объективалар яратиб олгач, ҳаракат қилиш керак. Катта мақсадлар қўйиб, уни кичик қисмларга бўлиб, босқичма-босқич юриб чиқиш керак. Ўзини чеклаб қўйиш керак эмас. Илмий маънода келажак бир соҳа бўйича кетмайди, барча соҳалар аллақачон бир бирига боғланиб кетяпти. Бир соҳани эмас, бир неча соҳаларни тушуниш керак. Айтини эмас, айтининг қайсидир соҳада қўлланишини ўрганиш мумкин. Коммуникацияларни кучайтириш, софт скилларни ўрганиш керак. Одамлар билан мулоқотда ўз фикрини етказиб бера олиш жуда муҳим.

Мадина Очилова суҳбатлашди.
Оператор – Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтажчи – Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид