Трамп Вашингтондаги праймеризда ютқазди
Доналд Трампнинг рақиби Никки Хейли республикачилар сайловолди ташвиқоти тадбирларида илк бор уни мағлуб этишга муваффақ бўлди.
АҚШ президентлигига номзод Никки Хейли 3 март, якшанба куни Вашингтонда бўлиб ўтган Республикачилар партиясининг праймеризларида ғалаба қозонди. Жанубий Каролина собиқ губернатори ва АҚШнинг БМТдаги собиқ доимий вакили 62,9 фоиз, унинг рақиби - АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп эса 33,2 фоиз овоз олди, деб ёзади Reuters.
Хейлининг сайловолди штаби вакили Оливия Перес-Кубас натижаларни ҳайратланарли деб атади ва АҚШ пойтахтидаги республикачилар «Доналд Трампни ва унинг барча тартибсизликларини рад этишини» айтди. Шу билан бирга, Никки Хейли АҚШ тарихида республикачилар праймеризларида ғалаба қозонган биринчи аёлга айланди, деди Перес-Кубас.
Reuters агентлиги қайд этишича, Вашингтонни ўз ичига олган Колумбия округи аҳолисининг 100 фоизи шаҳар аҳолиси, жумладан, юқори даражадаги маълумотга эга одамлар ҳисобланади, Трамп сайловолди ташвиқоти эса бошқа турдаги сайловчилар учун мўлжалланган. У 2016 йилда, биринчи марта АҚШ президентлиги учун курашганида ҳам пойтахтдаги праймеризда ютқазган эди.
Хейлининг ғалаба қозониши деярли имконсиз - экспертлар
Вашингтондаги праймериз натижалари Хейлининг сайлов пойгасида Трамп устидан биринчи ғалабасини белгилаб берди, бироқ Edison Research таҳлилчиларига кўра, бу ғалаба «рамзий»дир. Хейлининг республикачи номзод бўлиш эҳтимоли «деярли имконсиз» бўлиб қолмоқда. Республикачилар орасида яққол фаворит - Трамп партиянинг барча олдинги кокуслари ва праймеризларида, шу жумладан Хейли ватани Жанубий Каролина штатида ҳам кўпчиликнинг қўллаб-қувватлашига эришди.
Вашингтондаги мағлубиятидан бир кун олдин Трамп бирданига АҚШнинг учта штатида - Миссури, Мичиган ва Айдахода бўлиб ўтган сайловларда ғалаба қозонди.
АҚШ сайлов кампаниясидаги навбатдаги катта воқеа 5 март куни «суперсешанба» деб аталадиган кун бўлади, бунда партия праймеризлари бир вақтнинг ўзида 15 штат ва АҚШ битта орол ҳудудида бўлиб ўтади. «Суперсешанба» натижалари Хейли ва Трамп ўртасидаги қарама-қаршиликда ҳал қилувчи бўлиши мумкин – агар собиқ президент ушбу тадбирларда ягона рақибини мағлуб этса, 20 мартгача у республикачилар овози учун курашда тўлиқ ғалаба қозонганини эълон қилиши мумкин бўлади.
Шу билан бирга, уни АҚШнинг камида учта штати - Колорадо, Мэн ва Иллинойсда 2021 йил бошида Капитолийга бостириб киришга ундаганлик айблови туфайли сайловолди пойгасида иштирок этиши тақиқланган, бу ҳудудларда унинг праймеризлардан четлаштилиши масаласи ҳали ҳам очиқлигича қолмоқда. Мэн ва Колорадо штатларида праймеризлар «суперсешанба» куни, Иллинойсда эса 19 март куни бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Мавзуга оид
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
17:00 / 09.11.2024
The Telegraph: Трамп режаси Британия қўшинларини Украина чегарасига жойлаштиришни назарда тутади
15:09 / 09.11.2024
ЕК раҳбари Трампга РФ газини Америка газига алмаштиришни таклиф қилди
13:48 / 09.11.2024