Ўзбекистон | 13:58 / 04.03.2024
5433
2 дақиқада ўқилади

Харидорлар мобил илова орқали маҳсулотлар ҳақиқийлигини текшириши мумкин

Бугунги кунда қатор маҳсулотлар рақамли маркировкаланган ҳолда сотилиши лозим. Улар орасида маиший техника, дори воситалари ва тиббий буюмлар бор.

Маҳсулотларни ноқонуний олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сотиш ҳолатларининг олдини олиш, алоҳида турдаги маҳсулотларнинг қонуний айланмасини таъминлаш мақсадида республикада 2021 йилдан бошлаб товарлар босқичма-босқич рақамли маркировкаланмоқда.

Солиқ қўмитаси хабарига кўра, бугунги кунда қатор маҳсулотлар рақамли маркировкаланган ҳолда сотилиши лозим. Улар орасида маиший техника, дори воситалари ва тиббий буюмлар бор.

Ушбу маҳсулотларни харид қилишда маркировкаланганига алоҳида эътибор бериш ва уни Soliq мобил иловаси орқали текшириш мумкин. Бу қалбаки ва сифатсиз товарларга алданиб қолишнинг олдини олади.

Маркировкани текшириш учун мобил илованинг «Умумий хизматлар» бўлимидан Markirovkani tekshirish танланади. Очилган ойна пастки қисмидан Datamatrixni skanerlash тугмаси босилади ва камера маҳсулотдаги маркировка кодига йўналтирилади.

Агар маркировка коди ҳақиқий бўлса: «код ҳақиқий» ёзуви, маҳсулот номи, маҳсулот ҳолати (ишлаб чиқарилгани, сотувдалиги ёки сотилганлиги), қайси корхона томонидан қачон ишлаб чиқарилгани, улгуржи савдо корхонаси қачон сотиб олгани, истеъмолчига қайси корхона томонидан қачон сотилгани тўғрисидаги маълумотлар экранда пайдо бўлади. Kod haqiqiy emas ёзуви маркировканинг сохталигини билдиради.

Мавзуга оид