Жаҳон | 14:27 / 05.03.2024
5188
3 дақиқада ўқилади

РФ Олий суди Надеждиннинг шикоятини рад этди

Борис Надеждинни Россия Федерациясида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарор кучга кирди. Олий суд унинг апелляциясини рад этди. Надеждин Олий суд президиуми ва Конституциявий судга назорат шикояти беради.

Борис Надеждин Фото: Alexander Zemlianichenko/AP/picture alliance

Россия Олий суди (ОС) апелляция комиссияси сиёсатчи Борис Надеждиннинг Марказий сайлов комиссияси уни Россия президентлигига номзод сифатида рўйхатга олмаган қарорини бекор этиш тўғрисидаги даъвоси ҳақидаги шикоятини рад этди. Тегишли қарор 4 март, душанба куни қабул қилинди. 

Шу билан бирга, Надеждин Telegram’да тўхтамаслигини ва «охиригача» курашишини айтди. «Мен ҳайъат қарорига қўшилмайман, шунинг учун Олий суд президиумига назорат шикояти билан мурожаат қиламан. Кейин эса Конституциявий судга мурожаат қиламиз», - деб ёзади у. 

Назорат шикоятининг апелляция шикоятидан фарқи шундаки, у қонуний кучга кирган суд қарори устидан шикоят қилиш имконини беради. У қонуний кучга киргунга қадар суд қарори устидан шикоят қилишга уринишлар тугасагина берилиши мумкин. 

Надеждиннингпрезидент сайловида иштирок этишга уринишлари 

Борис Надеждин Россия Федерацияси президентлигига сайловда «Фуқаролик ташаббуси» партиясидан номзодини илгари сурди. 31 январ куни у МСКга 105 мингга яқин сайловчининг ўзини қўллаб-қувватлаган имзосини топширди. Надеждин имзо тўплаш жараёнида кўплаб оммавий ахборот воситалари ва Telegram-каналларида Россиянинг Украинага қарши урушини тўхтатиш тарафдори бўлган бу сиёсатчини қўллаб-қувватлаш учун имзо қўймоқчи бўлган фуқаролар қатор шаҳарларида ва хорижда навбатда тургани акс этган видео ва фотосуратлар эълон қилинди. 

Бироқ Марказий сайлов комиссияси Надеждинни қўллаб-қувватловчи имзоларнинг 15 фоиздан ортиғини рад этди. 60 минг имзони текшириш натижаларига кўра, улардан 9147 таси «яроқсиз» деб топилди, деб хабар қилди МСК 8 феврал куни.

Сайловда рўйхатдан ўтишни рад этишга эътироз билдирмоқчи бўлган сиёсатчининг даъвоси 21 феврал куни Россия Олий суди томонидан рад этилган эди. 15 феврал куни Россия Федерацияси Олий суди Надеждиннинг яна иккита даъвосини - имзоларни тўплаш ва имзо варақларини текшириш тартиби бўйича рад этди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид