Ўзбекистонда тақиқланган оздирувчи дорилар рўйхати эълон қилинди
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Ўзбекистонда тақиқланган, бироқ интернет орқали онлайн сотилаётган 19 турдаги оздирувчи маҳсулот рўйхатини эълон қилди. Уларда кучли таъсир қилувчи сибутрамин моддаси мавжудлиги аниқланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази давлат муассасаси томонидан Ўзбекистон ҳудудида сотилиши тақиқланган оздирувчи маҳсулотлар рўйхати эълон қилинди.
Қайд этилишича, қуйидаги маҳсулотларни Ўзбекистон ҳудудида реализация қилиш ва сақлаш тақиқланади: Reborn Ultimate, Lipotrim Ultra, “Сексуальная фигура”, Al-Sheikh, Fatzorb, Fatzorb Ultra, Fatzorb Plus, Spirulina, Arabic, Reduksin Layt, Kod S, Shafran diet, Gold Puma, “Блокатор жира”, Hot pepper, “Ферментаиз”, “Липоксин для похудения”, “Куаймый Extra”, Slim ultra (Samyun Wan).
Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний йўллар билан кириб келган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда ашёвий далил сифатида олинган ушбу маҳсулотларнинг таркибида сибутрамин моддаси мавжудлиги аниқланган.
Мазкур модда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган. Таркибида сибутрамин моддаси мавжуд бўлган юқоридаги 19 турдаги маҳсулот дори воситаси сифатида Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказилмаган.
Марказ кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни ишлаб чиқариш, олиш, сақлаш, ҳисобга олиш, бериш, ташиш ёхуд жўнатиш қоидаларини бузиш учун жиноий жавобгарлик белгиланганини эслатган.
Олдинроқ Ўзбекистонда Bar-VIPS дори воситасининг сертификатлаштирилмаган серияси сотувга чиқарилгани аниқланганди.
Мавзуга оид
20:33 / 25.11.2024
Қиммат сотилган дориларнинг пули харидорларга қандай қайтариляпти?
11:05 / 21.11.2024
Қиммат сотилган дорилар туфайли истеъмолчиларга 7 млрд сўм қайтарилди
09:10 / 15.11.2024
Тошкентда дорилар савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди
12:30 / 10.10.2024