Жаҳон | 19:25 / 13.03.2024
16258
4 дақиқада ўқилади

Литвада Навалнийнинг сафдоши Леонид Волковга ҳужум қилинди

Вилнюсдаги уйи олдида унинг қўл ва оёқларига болға билан зарбалар берилган. Мухолифатчининг қўли синган.

Фото: ИВАН ЖДАНОВ

Сешанба куни кечқурун Литва пойтахти Вилнюсда Алексей Навалнийнинг сафдоши бўлган Леонид Волковга ҳужум уюштирилди. Ҳамкасбларининг сўзларига кўра, Волковга унинг уйи яқинида ҳужум қилинган ва у маълум вақтни шифохонада ўтказишига тўғри келган.

Навалнийнинг матбуот котиби бўлган Кира Ярмиш твиттердаги саҳифасида Волковнинг «машинаси ойнаси синдирилгани ва кўзига ёш сиздирувчи газ сепилгани, шундан кейин Леонидни болға билан ура бошлашгани» ҳақида ёзган.

Ярмиш шунингдек «Агентство» билан суҳбатда Волков ҳужум қилган шахсдан машина эшиги ва оёқлари билан ҳимоялангани ҳақида айтиб берган. «Шунинг учун дуч келган жойга — оёқларига урилган», — дейди Ярмиш.

Коррупцияга қарши курашиш фонди директори Иван Жданов Волковнинг ҳужумдан кейинги фотосуратларини намойиш этган: унинг юзи шикастланган ва оёғи қонга беланган.

Воқеа жойига полициячилар ва тиббиёт ходимлари етиб келган, Волковни шифохонага олиб кетишган.

Кейинроқ мухолифатчининг ўзи шифохонадан уйга қайтганини маълум қилди. У томонидан эълон қилинган видеомурожаатда қўли боғлаб қўйилганини кўриш мумкин.

Бўлиб ўтган ҳодисани у шундай тасвирлаган: «Улар мени тўқмоқлаб эзиб ташламоқчи бўлишди. Чиндан ҳам. Уй ҳовлисида менга гўшт майдалаш учун мўлжалланган болға кўтарган одам ҳужум қилди. Оёғимга ўн беш марта зарба берди. Оёқ негадир бутун қолган. Юрганда оғрийди, аммо синмаганини айтишди. Лекин қўлим синган».

У «ҳеч қандай изоҳ беришга тайёр эмаслиги»ни билдирган. «Кўриниб турган нарсалардан ташқари, бу Путиндан, Петербург бандитидан шундай яққол, типик, одатий саломи эди. Владимир Владимировичга ҳам салом!» — деган Волков.

Delfi портали қайд этишича, Литва полицияси 12 март куни Вилнюсда «Россия фуқароси» ўз уйи атрофида калтакланганини тасдиқлаган. Хабарга кўра, ҳужум маҳаллий вақт билан соат 22:06 да рўй берган.

Журналист Сергей Пархоменко ўз телеграмида Волков «шаҳар ташқарисида, осуда дала ҳовлилар посёлкаси»да яшашини ёзган. «Яъни бу тасодифий кўча безориси ёки талончи бўлмаган. Бу одам Волковга ҳужум қилиш учун атайлаб ўша ерга борган», — деб ҳисоблайди Пархоменко.

Литва ТИВ раҳбари Габриэлюс Ландсбергис ҳам ҳодисага муносабат билдирди. «Леонидга ҳужум қилинган ҳақидаги хабар шокка туширди. Тегишли органлар ишга киришган. Айбдорлар ўз жинояти учун жавоб бериши лозим», — деб ёзган у твиттер саҳифасида.

«Важние истории» нашри ёзишича, Россия ҳукумати томонидан тақиқланган «Мужское государство» ташкилоти собиқ раҳбари, аёлларга зўравонликни тарғиб этиши билан танилган Вячеслав Поздняковнинг тарафдорлари ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олган.

Бу ҳақда Поздняковнинг ўзи телеграмида хабар берган, у ўз канали ўқувчиси билан ёзишмаси скринларини келтирган, унда Волковнинг кузатув вақтидаги фотосуратлари ва унинг машинаси рақами акс этган.

Ҳозирча содир бўлган воқеанинг бошқа версиялари, шунингдек Поздняковнинг сўзларини тасдиқловчи мустақил далиллар йўқ.

Литва полицияси вакили AFP агентлиги билан суҳбатда воқеа жойида полиция ходимлари ишлаётгани ва ҳозирча ҳужумда гумонланаётган шахс аниқланмаганини билдирган. 

Волков 2023 йил мартига қадар Навалний томонидан асос солинган Коррупцияга қарши фондга раҳбарлик қилган.

Россияда унга қарши жиноий иш қўзғатилган: расмийлар уни «вояга етмаганларни ноқонуний хатти-ҳаракатларга ундаш»да, яъни норозилик акцияларида иштирок этишга жалб этганликда айблаган.

Литва ҳукумати Волковни Россия ҳукуматига топширишдан бош тортган ва унга қўйилган айбловлар сиёсий мотивларга эга деб атаган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид