Иқтисодиёт | 13:31 / 13.03.2024
14719
11 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистон билан яна 2 млрд долларлик лойиҳаларни режа қиляпмиз” — ОИИБ вице-президенти

Осиё инфратузилма инвестициялари банки Ўзбекистондаги лойиҳалар портфелини 5 млрд долларга етказишни режалаштирилмоқда. Асосий йўналишлар – транспорт, энергетика, сифатли йўллар, тоза сув ва соғлом шаҳарлар. Куни кеча Тошкентга келган банк вице президенти Людгер Шукнехт Kun.uz'га интервю берди.

Аввало, Осиё инфратузилма инвестициялари банки ва унинг халқаро тараққиёт молиясига қўшаётган ҳиссаси ҳақида бироз маълумот берсангиз.

– Раҳмат. Яна Ўзбекистонга келганимдан хурсандман. Бу ерга ўтган йили келган эдим. Осиё инфратузилма инвестициялари банки нисбатан янги тараққиёт банки бўлиб, у энди 8 ёшга кирди, лекин аллақачон 100 дан ортиқ аъзолари бор. Аъзолари сони бўйича банкимиз иккинчи энг йирик инвестицион банк ҳисобланади ва асосий вазифаси келажак учун инфратузилмани қўллаб-қувватлаш орқали ўз аъзоларининг ривожланишига ёрдам беришдир.

Инфратузилма борасида банкнинг бир қанча приоритетлари бор. Биринчиси, иқлим ўзгаришининг олдини олишга ва иқтисодиётни яшиллаштиришга ёрдам берадиган инфратузилмани молиялаштиришни ривожлантириш. Молиялаштиришимизнинг 50 фоизи 2025 йилга қадар шу йўналишга қаратилиши керак ва биз бунга аллақачон эришдик. Банкимиз диққат марказидаги яна бир масала – хусусий молияни жалб қилиш. Суҳбат давомида бунга яна қайтаман. Биз технологиялардан фойдаланадиган ҳамда минтақадаги ва айниқса Осиёдаги, балки ундан ташқаридаги мамлакатларни боғлашга ёрдам берадиган инфратузилмага эътибор қаратишни мақсад қилганмиз.

Сиз банкнинг вице-президенти ва корпоратив котибисиз. Ўз ролингиз ва бу нима учун муҳимлигини тушунтириб бера оласизми?

– Ҳа. Банк юздан ортиқ аъзоларга эга каттагина банк бўлишдан ташқари, кўп томонлама тараққиёт банклари оиласининг муҳим аъзоси ҳисобланади. Тараққиёт банкларига хос равишда, ОИИБ – жуда юқори стандартларга эга ижтимоий, атроф-муҳит ва бошқарув стандартлари лойиҳаларини молиялаштиради. Кучли бошқарув бизнинг асосий хусусиятларимиздан биридир. Қадриятларимиз – барқарорлик, покизалик ва яшиллик бўлиб, бунда яшиллик атроф-муҳитни қўллаб-қувватлаш, барқарорлик кераксиз бюрократияга йўл қўймаслик ва покизалик бизда яхши бошқарув мавжудлигини англатади. Корпоратив котиб ва унинг жамоаси кучли бошқарувни таъминлаши керак. Ўзбекистон каби акциядор мамлакатлар билан яхши муносабатларни сақлаш, банкнинг бошқарув органларининг йиғилишларини ташкил этиш ҳам шулар жумласидан. Бу лавозимдан мақсад – директорлар кенгаши, бошқарувчилар кенгаши фаолиятини ташкил этиш ва умуман олганда, банк ўзининг барча тартиб-қоидаларига риоя қилган ҳолда яхши обрў қозонишини таъминлашдир.

Ўзбекистон учун бу йил бизда бир махсус тадбир бўлади, яъни йиллик йиғилишимиз Самарқандда бўлиб ўтади.

Кейинги саволим айни шу ҳақда эди. Банкнинг йиллик йиғилиши Самарқандда бўлиб ўтади. Бу тадбир нима сабабдан Ўзбекистонда ўтказиляпти ва ҳозирги вақтда минтақада банк учун устувор вазифалар қандай?

– Банк Ўзбекистон ва Самарқандни танлашига сабаб – Ўзбекистон бизнинг энг муҳим аъзоларимиздан бири бўлиб, биз бу ерда аллақачон молиялаштираётган ёки молиялаштиришни режалаштираётган жуда катта лойиҳалар портфелига эгамиз. Бу қарорни банкдаги энг юқори қарор қабул қилувчи орган – бошқарув кенгашимиз қабул қилди. Аъзо давлатлар вазирларининг 9-йиллик йиғилишини ўтказиш жойи сифатида Ўзбекистон танланди. Демак, бу менинг ёки ходимларнинг қарори эмас, бу барча аъзоларимизнинг Ўзбекистонга ишончи ифодасидир.

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг марказида алоҳида ўрин тутади. Бизнинг банкимиз асосий эътиборини Осиёга қаратади, Ўзбекистон эса Марказий Осиёнинг марказида. Шунинг учун учрашувларни Ўзбекистонда ўтказиш мантиқан тўғри. Кўплаб раҳбарларимиз, банк раҳбарларимиз, аъзо давлатлар вазирлари ва вазир ўринбосарлари Самарқандга тўпланади. Бу йиғилиш банк раҳбариятини, мижозларимиз ва биз билан лойиҳаларни амалга ошираётган бизнесни, шунингдек, фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситаларини бир жойга тўплайди. Демак, бу нафақат банкка, балки бутун дунёга Ўзбекистондаги барча истиқболли лойиҳа ва ишланмаларни намойиш этадиган катта тадбир бўлади.

Жаноб Шукнехт, сиз бу тадбирда бизнес ҳамжамияти ҳам қатнашишини таъкидладингиз. Нима учун бизнес ҳамжамияти бу тадбирга қатнашиши керак ва банк бундан қандай мақсадларни кўзлаган?

– Ҳа, биз бир қанча мақсадларга эришмоқчимиз. Биринчиси, биз Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизни мустаҳкамламоқчимиз. Ўзбекистон, айтиб ўтганимдек, Осиё инфратузилма инвестициялари банки билан кўплаб лойиҳаларга эга. Ва биз янада кўпроқ лойиҳаларни амалга оширишни режалаштиряпмиз. Аллақачон 3 миллиард долларлик лойиҳалар бўйича келишувга эришдик ва яна 2 миллиард долларлик лойиҳалар режалаштириляпти. Бу – Ўзбекистонга банк билан биргаликда нима қилаётгани, ўз мақсад ва режалари ҳақида дунёга ва бошқа аъзоларга гапириш имкониятини беради.

Ўзбекистон кўплаб ислоҳотларни амалга оширди ва ривожланиш учун жуда муҳим режаларга эга. Йиллик йиғилишимиз Ўзбекистон учун ҳам, Осиё инфратузилмалар банки билан ишлаш учун келадиган бизнеслар учун ҳам имкониятдир. Лекин тадбир фақат Ўзбекистон ҳақида бўлмайди. Бу – банкнинг йиллик йиғилиши, демакки, бошқа мамлакатларда нималар қилинаётгани, қандай лойиҳалар амалга оширилаётгани, асосий приоритетларимиз атрофидаги муҳим мавзулар бўйича муҳокамалар бўлади ва буни кўриш учун кўплаб бизнес эгалари келади. Бу анжуман тадбиркорларга ўзаро учрашиб, бизнес яратиш ва бир-биридан ўрганиш имконини ҳам беради.

Шунингдек, йиллик йиғилиш бизга банк сифатида қандай ривожланаётганимизни кўрсатиб бериш имкониятидир. Банк ҳозир саккиз ёшда ва аллақачон 50 млрд доллар миқдоридаги молиялаштириш билан 250 та лойиҳага эга. Бу нишонлашга ва кўрсатишга арзийдиган нарса.

Менимча, бизнес ҳамжамиятининг йиллик йиғилишларда қатнашиши биринчиси эмас, шундайми?

– Шундай, бизнес ҳамжамияти барча йиллик йиғилишларимизга таклиф этилади. Биз йиллик йиғилишларда ўтган бир неча йилларда амалга оширилган лойиҳаларнинг муваффақиятларини намойиш этишга кўпроқ эътибор қаратамиз, чунки кўрсатадиган кўплаб лойиҳаларимиз бор. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам. Шунинг учун ҳам йиллик йиғилишларимиз ҳар доим бизнес учун очиқ. Лекин бу сафар балки янада қизиқарли бўлиши мумкин.

Ўзбекистондаги энг муҳим лойиҳалар ва келажакдаги режаларингиз ҳақида айтиб бера оласизми?

– Умуман олганда, бу минтақа тобора муҳимлашиб боряпти. Ўзбекистонда ва қўшни мамлакатларда қилинган кўплаб ислоҳотлар билан, минтақада яхши ўсиш истиқболлари бор ва бу доимо бизнес учун яхши асос ҳисобланади. Айтиб ўтганимдек, ҳозир бизда бир неча йиллик инвестициялар портфели бор. Транспорт, энергетика, шаҳар санитарияси, одамларнинг ҳаёт сифати учун муҳим барча масалалар, хавфсиз ва тоза энергия, яхши йўллар, тоза сув, соғлом шаҳарлар, буларнинг барчаси бўйича биз аллақачон Ўзбекистон билан ишламоқдамиз ва бутун минтақа билан бу ҳамкорликни чуқурлаштиришни режалаштиряпмиз. Бу лойиҳалардан минтақа ва Ўзбекистон учун катта фойда бўлади.

ОИИБ Ўзбекистоннинг транспорт, иқлим, таълим каби соҳаларини ривожлантиришга ҳисса қўшаётганини таъкидладингиз. Банк бу лойиҳаларнинг самарадорлигини қандай назорат қилади? Ўзбекистон ҳукуматига банк томонидан бирор лойиҳанинг самарали амалга оширилиши бўйича қандайдир эътирозлар бўлганми?

– Менимча, биз лойиҳаларимизнинг самарадорлиги жиҳатидан яхши ҳолатдамиз. Портфелимиз яхши, амбицияли лойиҳалардан иборат. Асосийси, натижаларни юзага чиқаришимиз керак. Ҳамкорлигимиз энди бошланяпти, шундай экан, лойиҳалар тўлиқ амалга оширилгунга қадар бироз вақт керак бўлади. Лекин мен тўлиқ ишонч билан айтишим мумкинки, барчаси муваффақиятли кечади ва Ўзбекистон бизнинг ҳиссамиздан, биз эса Ўзбекистон томонидан мамнун бўламиз.

Бу имкониятдан фойдаланиб, умид қиламанки, сизнинг аудиториянгиз, тадбиркорлар, ҳукумат амалдорлари, қизиқиш билдирган кишилар Самарқанддаги йиллик йиғилишимизга келишади ва кузатишади. Рўйхатдан ўтиш апрел ойида бошланади. Тадбир онлайн ёритилади. Биз мамлакатингиздаги йиллик йиғилишимизда кўпчиликни кўришдан жуда хурсанд бўламиз.

Раҳмат, аммо саволим банк лойиҳалар самарадорлигини қандай қилиб мониторинг қилиб бориши ҳақида эди.

– Сиз аниқ қандай қилиб амалга оширилишини назарда тутяпсизми?

Айтмоқчиманки, лойиҳаларнинг ҳудудларда қанчалик самарали амалга оширилаётганини қандай назорат қилиб борасиз.

— Бизда лойиҳа ҳужжатлари бор. Лойиҳа қандай амалга оширилиши ҳужжатларда белгиланади. Лойиҳа ишлаб чиқилади ва музокара ўтказилади. Бу тайёргарлик жараёнида келишувга эришган томонлар нима исташларини ҳал қилишади. Масалан, чегара ҳудудда ёки Ўзбекистоннинг исталган бир ҳудудида йўл қуришни исташлари мумкин. Келишув давомида лойиҳанниг барча параметрлари ва элементлари белгиланади. Стандартлар, атроф-муҳит, ижтимоий ва бошқарув стандартлари бўйича келишув тузилади. Шикоятлар бўлмаслиги ёки бўлган тақдирда ҳам оқилона ҳал этилиши учун жараён пухта ташкил этилади. Лойиҳа ҳужжатига натижаларни мониторинг қилиб бориш киритилади. Бу вақт жиҳатдан, масалан, лойиҳа қачон тугатилиши керак, таъсири қандай бўлиши керак, деган мезонларни ўз ичига олади. Масалан, йўллар маълум стандартлар асосида қурилиши керак. Лойиҳаларнинг атроф-муҳитга зарарли таъсири йўқлигига ҳам ишонч ҳосил қилиниши лозим ва ҳоказо.

Лойиҳани бевосита амалга ошириш жараёни ҳам, албатта, мониторинг қилиб борилади. Биз томонимиздан кузатув амалга оширилади. Масалан, йўл қурилаётган бўлса, коррупция, одамларнинг ноқонуний кўчириб юборилмаслиги каби ҳолатлар бўлмаслиги учун барча механизмлар тўғри ишлаши таъминланади. Охирида, лойиҳа якунига етказилгач, маблағлар беҳуда сарфланмагани ва келишилган натижаларга эришилгани борасида ҳисобот тайёрланади.

Жавобларингиз учун раҳмат. Қўшимча изоҳларингиз борми?

– Йўқ. Айтганимдек, биз Ўзбекистон ва минтақа билан ҳамкорликни давом эттиришдан хурсанд бўламиз. Бу ерда ўтадиган йиғилиш Осиё инфратузилма инвестициялари банки тарихидаги энг яхшиларидан бири бўлади деб умид қиламиз. Бўлажак тадбирда Ўзбекистон жамоатчилиги қизиқиб иштирок этса, хурсанд бўлардик.

Мадина Очилова суҳбатлашди.
Оператор ва монтажчи – Низомжон Тошпўлатов.

Мавзуга оид