Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европарламент Россия активларини Украина фойдасига ишлатишни маъқуллади
Европарламент Европа Иттифоқининг келиб чиқиши жиноий характерга эга активларни мусодара қилиш бўйича директивасини маъқуллади. Бу Россия Федерацияси томонидан бошланган уруш туфайли мусодара қилиниши ҳамда Украинани тиклаш учун ишлатилиши мумкин бўлган Россия маблағларидан фойдаланишга имкон беради.
Европарламент 13 март, чоршанба куни Страсбургда ҳамжамиятдаги маблағларни тезда музлатиш ва мусодара қилиш имконини берувчи келиб чиқиши жиноий характерга эга активларни аниқлаш ва хатлаш бўйича ЕИ директиваси бўйича резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатда, хусусан, Россия Федерациясининг уруши натижасида мусодара қилиниши мумкин бўлган Россия активлари «Украинани тиклашга ҳисса» бўлиши кераклиги айтилади.
Ҳужжатда айтилишича, Европа комиссияси мусодара қилинган активлар ва мол-мулкдан товон тўлаш, қайта тиклаш ва жабрланган давлатларга товон тўлаш учун фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиши керак. «Агар активлар Россиянинг Украинага қарши уруши ёки унга алоқадор жиноятлар билан боғлиқ ҳолда мусодара қилинган бўлса, унда бу активлар ёки уларни тугатиш натижасида олинган соф даромадлар Украинани тиклаш учун ишлатилиши керак», — дейилади резолюцияда.
«Учинчи шахс ёрдамида мусодарадан бўйин товлаш» ҳолатларида қатъий чоралар кўрилади
Европарламентнинг Фуқаролик эркинликлари, ҳуқуқлар ва ички ишлар қўмитасида таъкидланганидек, директива жиноий ташкилотлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликларни, жумладан, одам савдоси, гиёҳванд моддалар ёки қурол савдосини қамраб олади. У қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган ва шубҳали активларни тезда блоклаш қилиш имконини беради. Бундан ташқари, директивада «учинчи шахс ёрдамида мусодара қилишдан бўйин товлаш» ҳолатларида қатъий чоралар кўриш назарда тутилган.
Капиталнинг келиб чиқишини янада самарали текшириш учун Европа Иттифоқида фаолият юритувчи активларни қайта тиклаш бўйича идораларга катта ваколатлар берилади. Шунингдек, улар кўчмас мулк ва тижорат реестрлари ҳақидаги маълумотлардан тўлиқ фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи энди мусодара қилишнинг иккита янги турини жорий қилади: айблов ҳукмисиз мусодара ва келиб чиқиш тушунарсиз бўлган активлар мусодараси.
Келиб чиқиши жиноий характерга эга активларини қидириш осонроқ бўлади
Европарламентнинг активларни мусодара қилиш масаласи бўйича маърузачиси, Европа халқ партиясидан руминиялик депутат Лорант Винче овоз беришдан олдин сўзга чиқиб, янги директива «халқаро жиноий ташкилотлар оладиган молиявий фойдага қарши йўналтирилгани»ни таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу гуруҳлар Европа Иттифоқидаги даромади 150 миллиард еврони ташкил этади ва «активларнинг атиги бир фоизи мусодара қилинган». Бунинг сабаби, Европа Иттифоқи ҳуқуқ-тартибот идоралари пулларнинг жиноий келиб чиқишини тезда аниқлай олмаган ва «мамлакатлар ўртасида, ҳатто Европа Иттифоқи доирасида ҳам маълумот алмашинуви жуда секин ва чекланган».
Европарламент томонидан тасдиқланган директива бу вазиятни тубдан ўзгартириш имконини беради, деди Винче. Энди «шубҳали капитални қидириш билан шуғулланадиган барча органлар активлар ҳақидаги маълумотларни сақлайдиган миллий маълумотлар базаларига дарҳол кириш ҳуқуқига эга бўлади, бу эса уларни ўтказишдан олдин музлатиш имконини беради». Жиноятчилар томонидан мусодарадан қочиш учун қўлланаётган қонунчиликдаги камчиликлар «хусусан, жиноий фаолият билан боғлиқ келиб чиқиши номаълум бўлган мол-мулкни мусодара қилиш тўғрисидаги банд туфайли бартараф этилади».
Мавзуга оид
13:11 / 28.05.2025
NYT: Россия Запорижжя АЭСни ўз энерготизимига улашни режалаштирмоқда
10:23 / 28.05.2025
Давлат департаменти спикери: Россия Трампнинг сўзларини жиддий қабул қилиши керак
09:03 / 28.05.2025
WSJ: Трамп Россияга қарши санкцияларни кучайтириш ҳақида ўйлаяпти
21:34 / 27.05.2025