Жаҳон | 19:41 / 15.03.2024
11517
6 дақиқада ўқилади

Нетаняҳуни танқид қилган сенатор, Макроннинг баёнотлари ва Tik-Tok ҳимоясига чиққан Хитой — кун дайжести

Сўнгги кун ичида дунёда содир бўлган энг муҳим воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотлар шарҳи одатдагидек кундалик дайжестимизда.

Яқин Шарқдаги вазият

ҲАМАС Исроил билан музокараларда Ғазо секторида бўлажак сулҳ шартномаси қандай бўлиши кераклиги тўғрисида ўз таклифларини билдирди. Унга Ғазода «агрессиянинг тугатилиши», инсонпарварлик ёрдамлари етказилиши ва мажбуран кўчирилган одамларни ўз тураржойларига қайтариш киради.

Ғазода тинчлик ўрнатиш учун музокаралар олиб борилаётгани билан ўт очиш бир зум тўхтагани йўқ. Сўнгги сутка ичида 69 киши ўлдирилган ва 110 киши ярадор қилинган. Урушнинг 160-кунига келиб, қамалда қолган эксклавда қурбонлар сони 31 минг 341 кишига етган. 73 минг 134 киши турли даражада ярадор қилинган.

Ғарбий соҳил ва Қуддусда норозилик учун Исроил томонидан ҳибсга олинган фаластинликлар сони 7585 нафарга етган.

АҚШ Сенатида кўпчилик бўлган демократлар етакчиси Чак Шумер Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Ғазода олиб бораётган урушга муносабатини танқид остига олиб, Исроилда янги сайловлар ўтказишга чақирган.

Чак Шумер Нетаняҳунинг Ғазодаги урушга ёндашувини кескин танқид остига олиб, уни «тинчлик йўлига тўсиқ» деб атаган.

Шумернинг қўшимча қилишича, Нетаняҳу Ғазодаги тинч аҳоли ўртасидаги қурбонларга панжа орасидан қараган, бу эса Исроилнинг дунёда дастакланиш даражасини тарихий паст даражага туширади. Исроил агар эътибордан қолса, яшаб қололмайди, деган Чак Шумер.

«Нетаняҳунинг коалицияси 7 октябрдан кейин Исроилнинг талабларига ортиқ жавоб бера олмайди. Дунё тубдан ўзгарди, Исроил халқи эса мияси ўтмишда қотиб қолган ҳукмрон коалиция томонидан эзилмоқда», — деган сенатор.

Шумерга кўра, можарони ҳал қилишнинг ягона усули иккита давлат ташкил қилиш.

«Исроил билан ёнма-ён, хавфсиз, гуллаб-яшнаб ва тенг шароитларда яшовчи қуролсизлантирилган Фаластин давлати бўлиши керак», — деган Шумер. Сенаторнинг қайд этишича, Нетаняҳу Фаластин давлатчилиги ғоясини рад этиб, Исроилнинг ҳам келажагини хавф остида қолдирмоқда. 

Макроннинг баёнотлари

Франция президенти Эммануэл Макрон France 2 телеканалига интервю берар экан, Ғарб давлатлари Россиянинг Украинада ғалаба қозонишига йўл қўймаслиги кераклигини таъкидлаб ўтган.

«Агар Россия урушда ғалаба қозонса Европанинг обрўси бир пул бўлади. Газ нархи ошиши, иқтисодиётимиздаги вазият, донли маҳсулотлар нархи ошиши ва бунинг ортидан келган иқтисодий ларзалар — буларнинг барчаси Россия бошлаган уруш туфайли», — деган Франция президенти.

Шунингдек, Макрон Франция Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда ташаббусни ҳеч қачон ўз қўлига олмаслигини таъкидлаган.

Макрон Украинанинг қарши ҳужуми сўнгги бир неча ой ичида кутилганидек кетмаётгани, фронтдаги вазият ўта мўртлигини таъкидлаган.

«Бугун биз Украинага қўшин жўнатиш лозим бўлган вазиятда эмасмиз, бироқ келгусида бундай сценарий рўй беришини инкор этмаймиз», — деган Макрон. 

Украина ҳарбий саноати

Германиянинг Rheinmetall қурол концерни Украинада камида тўртта завод очиш режасини эълон қилди. Компания сўнгги ойларда ўқ-дорилар тақчиллигидан қийналаётган Украинадаги заводлар снарядлар, жанговар машиналар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ишлаб чиқаришга мўлжалланади.

«Украина биз учун муҳим ҳамкорга айланди ва биз йилига 2-3 миллиард еврогача эҳтимолий даромадни кўзлаяпмиз», деди Rheinmetall бош директори Армин Паппергер.

Қайд этилишича, Украинадаги уруш Германия қурол саноатининг ўсишига ёрдам берган.

Дюсселдорфда жойлашган, шунингдек, Leopard танклари учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарадиган концерн ўтган йили рекорд даражадаги 7,2 миллиард евро даромад олди. 2024 йилда бу кўрсаткични 10 миллиард еврога етказишни режалаштирган.

Феврал ойида Rheinmetall Украина компанияси билан мамлакатда артиллерия снарядларини ишлаб чиқариш бўйича шартнома тузди. Украинада компания аллақачон ҳарбий техникани таъмирлаш бўйича қўшма корхонага эга. 

Озарбойжон ва Арманистон муносабатлари

Баку ва Ереван сулҳ тузишга ниҳоятда яқин келган. Илҳом Алиев Арманистон билан тинчлик жараёнига ўта некбин кайфиятда. У тинчлик жараёнида катта илгарилаш рўй берганини таъкидлаб, Арманистон билан муносабатлар тинчлик сари йўл тутганини қайд этган.

«Биз ҳозир Арманистон билан тинчликка ҳар қачонгидан ҳам яқинмиз», деган Озарбойжон етакчиси «Бўлинган дунёни тиклаш» масалаларига бағишланган IX глобал Боку форуми очилиш маросимида.

Алиев ҳар икки давлат ташқи ишлар вазирлари даражасида тинчлик мулоқоти бошланганига ишора қилиб, бу мулоқотни давом эттиришга тайёрлигини билдирган.

«Биз тинчликка эришса бўлади, деб ҳисоблаймиз. Бу биз истаган нарса. Биз тарихий адолат ва халқаро ҳуқуқни тикладик. Энди минтақамизда адоватга чек қўйиш фурсати етди», — деган Алиев. 

Хитой TikTok ҳимоясига чиқди

Ўзида Американинг жамики ижтимоий тармоқлари, қидирув тизимлари ва мессенжерларини блоклаган Хитой TikTok ҳимоясига чиқиб, АҚШ Конгрессининг уни блоклаш тўғрисидаги қарорини танқид остига олди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги TikTokʼнинг АҚШда эҳтимолли блокланишига қарши чиқиб, Вашингтонни миллий хавфсизлик баҳонасида «гангстерча» усуллардан фойдаланаётгани ҳақида баёнот берди.

«Америка миллий хавфсизлик баҳонасида бошқа давлатларнинг муваффақиятли лойиҳаларига тўсиқ қўйишида ҳеч қандай ҳалоллик ва адолат йўқ», — дея ХХР Ташқи ишлар вазирлиги вакили Ванг Вэнбиннинг сўзларини келтиради Global Times нашри.

Ванг Вэнбинга кўра, АҚШнинг бу хатти-ҳаракатлари «қоидаларга асосланган тартиб» фақат Вашингтон фойдаси учун хизмат қилишини кўрсатади.

Бундан ташқари, Хитой тижорат вазирлиги расмий вакили Ҳэ Ядунг TikTok блокланса, бунга қарши чора, албатта, қўлланиши билан таҳдид қилган. Хитойда Американинг блокланмаган ҳеч қандай ижтимоий тармоғи қолмаган. Қизиқ, қандай чора қўллашар экан-а?

Мавзуга оид