Жамият | 18:50 / 16.03.2024
16839
2 дақиқада ўқилади

Навоийда 4 ойлик чақалоғини сотишга уринган аёл қамалди

Аёл 4 ойлик чақалоғини шартли харидорга 10 миллион сўмга сотаётган вақтида қўлга олинган.

Фото: Видеодан кадр

Навоий вилоятида 4 ойлик фарзандини сотишга уринган аёлга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Ёшлар» телеканалида лавҳа берилди.

Қайд этилишича, Самарқанд вилояти, Пахтачи туманида туғилган 27 ёшли аёл 2016 йилда шаръий никоҳ ўқитиб, турмуш қурган. 2021 йилда биринчи фарзанди туғилган. Тўнғич фарзанди бир ёшга тўлмасидан аёл иккинчи боласини дунёга келтирган. Аммо ота-она уни боқишни истамай, ўз хоҳиши билан ундан воз кечишга қарор қилиб, Пахтачи тумани ҳокимлигига мурожаат қилган. Натижада чақалоқ васийлик органи орқали фарзандсиз оила қарамоғига топширилган.

Орадан икки йил ўтиб, аёл учинчи фарзандига ҳомиладор бўлгани боис эр-хотин ўртасига жанжал чиққан. Эр томонидан калтакланган аёл бир ойлик ҳомиласи билан уйдан чиқиб кетган. Навоий шаҳридаги ижара уйда яшаб келган аёл 2023 йил 7 июлда қиз фарзандини дунёга келтирган ва унга харидор излай бошлаган. Ноябр ойида аёл 4 ойлик чақалоғини Кармана туман тиббиёт бирлашмаси ҳовлисида шартли харидорга 10 миллион сўмга сотаётган вақтида қўлга олинган.

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судида муқаддам судланган аёлга оид жиноят иши кўриб чиқилиб, Жиноят кодексининг 135-моддасида (одам савдоси) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва 8 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Мавзуга оид