Саҳарлик ва ифторликда қандай овқатланиш керак? – нутрициолог тавсиялари
Саҳарликда сутли маҳсулотлар ва дон маҳсулотларидан тайёрланган овқатларни истеъмол қилиш тавсия этилади. Чунки улар кун давомида қоринни тўқ тутади. Ифторликда хурмо ёки нишолда билан оғизни очиш мақсадга мувофиқ. “Бу маҳсулотлар углеводга бой бўлгани учун оч қоринни бироз бўлса-да тўйдиради, чарчоқ ва бошдаги оғриқ камаяди”, – дейди нутрициолог Гули Шайхова.
Рўза тутувчилар саҳарликда қандай маҳсулотлар билан оғизни ёпиб, ифторликни қандай бошлашлари ҳақида нутрициолог, тиббиёт фанлари доктори, профессор Гули Шайхова тавсияларини берди. Нутрициолог рўза тўғри тутилса, иммунитетни яхшилаши, танани ортиқча заҳарлардан ва ҳатто ортиқча вазндан халос қилишга ёрдам беришини айтади.
Мутахассис бирор касаллик учун дори ичадиган кишилар аввало дориларини ичиб олиб, 10-15 дақиқадан кейин саҳарликни бошлашларини тавсия қилди.
“Овқатланишда сутли маҳсулотлар: творогга сметана, асал ёки шакар қўшиб истеъмол қилиш керак. Бунда творог камида 50 грамм атрофида бўлиши керак. Бундан ташқари, сутли бўтқалар, гуруч, гречка каби дон маҳсулотлари ҳам муҳим. Чунки дон маҳсулотлари узоқ вақтда ҳазм бўлади, яъни тез ҳазм бўлиб танадан чиқиб кетмайди ва натижада қорин тўқ туради. Саҳарликка иссиқ овқат бўлса, яна ҳам яхши. Гречка билан котлетлар пишириш мумкин, сувда ёки печда товуқ, балиқ маҳсулотларини ҳам пишириб истеъмол қилса бўлади”, – дейди у.
Нутрициолог рациондаги овқатларни алмаштириб туриш кераклигини, бир кун гўшт ейилса, кейин товуқ ёки балиқ маҳсулотларини ейиш тана учун яхшилигини айтади. “Нонга суриб ейиш учун ёнғоқ, майиз ва асални аралаштириб банкага солиб қўйиб, сариёғ билан нонга суриб ейилса, кучли таом бўлади бу ҳам. Агар бу бўлмаса, нон билан сариёғ, пишлоқ ёки сувда пиширилган гўшт ейиш мумкин, буларнинг бари оқсилли маҳсулотлар, қоринни тўқ тутади”, – дейди Шайхова.
Мутахассис, шунингдек, сув ва мева шарбатларини ичиш тартиби ҳақида ҳам маълумот берди. “Эрталаб турганда бир пиёла тўлдириб филтрланган ёки қайнаган, 30-40 градусдаги сув ичиш лозим. Кунига 1,5-2 литр сув ичиш тавсия қилинади, шунинг 1 литрини эрталаб саҳарликда, қолганини эса ифторликда ичиш керак. Бундан ташқари, мева шарбатлари ичиш мумкин. Бир-бир ярим пиёладан кўп чой ичмаган маъқул, чунки чой билан пешоб орқали зарарли моддалар билан бирга озуқавий керакли моддалар ҳам чиқиб кетади”, – деб қўшимча қилди мутахассис.
Ифторликда оддий сув ёки ошқозонида касали бўлмаганларга лимон қўшилган сув ичиш ҳам тавсия этилади. Шундан кейин 2та хурмо ёки бир қошиқ нишолда бўлиши лозим.
“Чунки бу маҳсулотлар оч қоринни бироз бўлса-да тўйдиради, чарчоқ ва бошдаги оғриқ камаяди, чунки улар углеводга бой маҳсулотлар”, – дейди Шайхова.
Оғизни очгандан кейин донли маҳсулотлар, картошка, сабзи, майдароқ тўғралган гўшт солинган суюқ овқат (кўкатлар қўшилган ҳолатда) истеъмол қилиш тавсия этилади. Кейин сабзавотли, кўкатли салатларга ўтилади, чунки бу қабзиятнинг олдини олади, организм улардан керакли моддаларни олади. Бунда карамли, лавлагили салатларга яхши ҳазм бўлиши учун озгина зайтун ёғи қўшилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
“Овқатлар билан тахминан 100 гр нон ҳам истеъмол қилиш керак, албатта. Агар иккинчи овқатга ўтилса, камроқ бўлиши керак. Сомса бўлса, битта сомса, манти бўлса, битта манти етарли бўлади. Бу овқатлар, албатта, кўкат, сабзавотлар билан бирга истеъмол қилиниши лозим — шунга аҳамият бериш керак. Овқатланиб бўлиб бироз вақт ўтгач, олма, банан, нок, мандарин каби мевалар истеъмол қилиш керак. Умуман, уйда нима бор бўлса, шунга қараб бўлади. Соғлом инсонлар ётиш олдидан бир пиёла қатиқ ичиб ётишса, овқат ҳазм бўлишига ёрдам беради, ошқозон микрофлорасини яхшилайди ва инсон яхши ухлайди”, – деб ўз тавсияларини якунлади нутрициолог.
Мавзуга оид
08:12 / 04.09.2024
Умумий овқатланиш корхоналарига фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилади
13:58 / 30.05.2024
“Ўзбекистонда овқатланиш одатлари бўйича оммавий тадқиқот ўтказиш керак” – Копенҳаген университетидаги ўзбек олими
08:29 / 29.05.2024
Тўрт ойда умумий овқатланиш корхоналари қанча солиқ тўлагани маълум бўлди
13:55 / 30.03.2024