Ўзбекистон | 13:24 / 16.03.2024
17097
4 дақиқада ўқилади

Ёшларга кўмак: ўқиш учун давлатдан қандай ёрдамлар олиш мумкин?

Ўзбекистонда ёшларнинг тил ва IT каби соҳаларни ўрганишига давлат молиявий жиҳатдан ёрдам беради. Шунингдек, халқаро имтиҳонлардан яхши натижа кўрсатганларга имтиҳон топшириш пуллари компенсация қилинади.

Тил имтиҳони учун тўлов қайтарилади

Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) олган ёшларга имтиҳон топшириш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади. Бунинг учун талабгор рўйхати мавжуд халқаро имтиҳонлардан бирида белгиланган талабдаги натижани қайд этган бўлиши керак. Масалан, IELTS имтиҳонида камида 7 балл, корейс тили бўйича TOPIK имтиҳонида камида 5-даражани қўлга киритиши керак.

Балли етарли бўлган 30 ёшгача фуқаролар my.gov.uz портали орқали онлайн ариза топшириб, имтиҳон пулини қайтариб олишлари мумкин. Ариза топширилгандан сўнг жами 30 кун давомида уларнинг сертификати ҳақиқий эканлиги текширилиб, имтиҳон пули компенсация қилинади.

Ўқув курси пули ҳам тўланиши мумкин

Президент матбуот хизмати берган маълумотга кўра, 2024 йилдан бошлаб фақат сертификат пули эмас, 6 ойгача муддатлик чет тилини ўрганиш учун ўқув курси пули ҳам тўлаб берилади.

Бунда хусусий курсларда ўқиб, C1 сертификатини олган ёшларга ўқиш харажатлари тўланади.

Шунингдек, немис, француз, корейс, япон ва хитой тиллари бўйича B2 даражаси сертификатини олиш харажатлари қопланади. Ҳозирги тартиб бўйича бу тил сертификатлари даражаси ҳам C1 бўлса, имтиҳон харажатлари қопланаётган эди.

Ҳозирча ўқув курсларида ўқиганлик учун пуллар қай тартибда компенсация қилиниши маълум қилинмади.

Права”га ўқиш харажатлари

Ёшларда автомактабда ўқиш харажатлари учун компенсация олиш имкони ҳам бор. Лекин бу имконият фақатгина “Ёшлар дафтари”га кирганлар учун берилган. Давлат “Ёшлар дафтари”га кирганларга автомактабда ўқишлари учун 4 БҲМ – 1 млн 360 минг сўмгача компенсация қилиши мумкин.

Бунинг учун автомактабда ўқишни истаган ёшлар туман (шаҳар) ёшлар ишлари бўлимига ариза ҳамда ўқув курси шартномаси нусхасини беради. Шартномада таълим ташкилоти номи, СТИР, ўқув курси ёки касб-ҳунар номи, бир ойлик тўлов миқдори ва умумий муддат кўрсатилган бўлиши лозим.

IT ўрганиш учун субсидия

Жорий йил 1 мартдан бошлаб:

  • халқаро IT-сертификатларга эга ёшларнинг ўқиш ҳамда ушбу сертификатларни олиш харажатларининг 60 фоизгача бўлган қисми қоплаб берилади;
  • инглиз тилини билиш бўйича В2 ва ундан юқори даражадаги сертификатга эга бўлган ёшларнинг халқаро IT-сертификатлар олиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Субсидия олиш ҳамда харажатларни қоплаб бериш бўйича давлат хизматлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали бепул кўрсатилиши белгиланган.

Тил билган тиббиётчиларга стипендия

Тиббиёт йўналишида ўқиётган талабалар учун шу ўқув йили бошидан БҲМнинг 3 баробари – 1 млн 20 минг сўм миқдорида стипендия берилиши эълон қилинганди.

Стипендия олиш учун номзод тиббиёт олий таълим муассасалари ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумлари талабаси бўлиши, инглиз тилини камида 7,5 даражада билишини белгиловчи халқаро тан олинган сертификатга (IELTS Academic) ҳамда немис ва француз тилини билиш даражасини белгиловчи С1 халқаро тан олинган сертификатга эга бўлиши керак.

Ишга кириш имкони

Чет тилини яхши билувчи ёшларга маълумот учун: Рақамли технологиялар вазирлиги чет тилини биладиган ёшларнинг ишга жойлашишига ёрдам беришини маълум қилди.

Инглиз, француз, немис, корейс, япон, рус, хитой ва араб тилларини яхши биладиган ёшлар IT компанияларига ишга жойлаштирилади. Бунда талабгорнинг мутахассислиги муҳим эмас. Бунинг учун сўровномани тўлдириб, иш учун ариза бериш керак. Сўровнома тўлдирилгач, ариза эгаси билан боғланилади ва унга ишга жойлашишга ёрдам берилади. 

Мавзуга оид