Жамият | 15:50 / 19.03.2024
20456
4 дақиқада ўқилади

“Ҳидига чидаб бўлмаяпти”: Ўрта Чирчиқда меҳмонхонанинг канализацияси ариққа оқизилмоқда

Kun.uz'га мурожаат қилган фуқароларга кўра, Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида меҳмонхонадан чиқаётган оқова сувлар аҳоли ва фермерлар қишлоқ хўжалигида фойдаланадиган ариққа оқизиб қўйилган. Туман ва вилоят масъулларига шикоятлар натижа бермаган. Собиқ амалдор бўлган тадбиркорга қатъийроқ чора кўриш учун қонунлар ҳам заифлик қилмоқда.

Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманининг “Ўчоқли” МФЙ аҳолисидан шу ҳудуддаги меҳмонхонадан чиқарилаётган оқова сувлар сабаб аҳоли ва фермерлар қишлоқ хўжалигида фойдаланадиган ариқ суви ифлослантирилаётгани ҳақида Kun.uz'га бир нечта мурожаат келиб тушди.

Таҳририятга тақдим этилган сурат ва видеолавҳалардан меҳмонхонанинг оқова сувлари (канализация трубаси) умумфойдаланувдаги ариққа оқизиб қўйилганини кўриш мумкин.

“Ҳидига чидаб бўлмайди. Бу сувдан аҳоли ва фермерлар фойдаланади. Ўтган йили сув камлигидан қийналгандик, энди [бу йил] трубамиздан мағзава оқяпти. Аҳволимиз шу.

[Бу бўйича] маҳалла, туман ва вилоятга мурожаат қилинди, маҳалла фуқаролари тўпланиб чиқиб, бир неча бор айтиб ҳам кўришди. [Аммо] бадбўй ҳид чидаб бўлмас даражага етиб бўлган”, – дейилади мурожаат хатида.

Қўшимча қилинишича, меҳмонхона турган жойда аввал “Las-Vegas” деб номланган чойхона бўлган. Объект кейинчалик меҳмонхонага айлантирилган.

“Туман ва вилоят ташкилотларига ҳам шикоят қилинди, аммо натижа бўлмаяпти. Чунки меҳмонхона муқаддам Ички ишлар вазирлиги тизимида юқори лавозимларда ишлаган собиқ амалдорга тегишли”, дейилади яна бир мурожаатда.

Kun.uz'нинг маҳаллий ҳокимликдаги манбалари тасдиқлашича, бу ҳудудда марказий канализация тармоғи мавжуд эмас. Аҳоли ва бизнес вакиллари оқова сувларини ўз ҳудудидаги ўраларга (чуқур кавлаб) оқизиши лозим. Бу каби ўралар ҳудудий экология органлари билан келишилган ҳолда, уларнинг экологик экспертиза хулосасини олган ҳолда қилинади.

Аҳолининг бу муаммоси кўпдан буён ҳал бўлмай келаётганига меҳмонхона эгасининг собиқ амалдор эканигина эмас, қонунлардаги бўшлиқ ёки заифлик (кучсиз жазо) сабаб бўлаётган бўлса ажаб эмас.

Боиси, айнан шундай қилмиш учун мансабдор шахсларга кўпи билан 3,4 млн сўмгача жарима бор, холос. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 72-моддасига кўра сувларни ифлослантириш ёки булғатиш, шунингдек сув объектларига оқинди сувларни оқизишга йўл қўйиш шартлари тўғрисидаги талабларни бузиш – фуқароларга 3-5 БҲМ 1 млн 20 минг сўм 1 млн 700 минг сўм)гача, мансабдор шахсларга 5-10 БҲМ (1 млн 700 минг сўмдан 3 млн 400 минг сўмгача) миқдорда жарима солишни назарда тутади.

Бу ҳуқуқбузарлик учун чора кўриш МЖтКнинг 248-моддаси талаби бўйича ички ишлар органларига тааллуқлидир. Собиқ ИИВ амалдорига ҳудуддаги ИИБ чора кўрганми ёки йўқ, таҳририятга маълум эмас.

Албатта, айни дамдаги вазият қилмишни жиноий ҳаракат сифатида баҳоланиши учун етарли эмас.

Биринчидан, меҳмонхона ва чойхона сувга ҳар қанча канализация оқовасини оқизмасин, маъмурий чора кўришдан нарига ўтилмайди, шунда ҳам ички ишлар органи лозим топса.

Иккинчидан, меҳмонхона ва чойхонадан чиқаётган оқова одамларнинг оммавий равишда касалланиши, ҳайвонлар, паррандалар ёки балиқларнинг қирилиб кетиши ёки бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлиши керак. Жиноят кодексининг 196-моддасида шундай ёзилган.

Бундай оқибатлар келиб чиққунича эса, аҳоли бадбўй ҳидда яшашда, томорқани чиқинди аралашган сувда суғоришга мажбур.

Дилшода Шомирзаева,
Kun.uz

Мавзуга оид