Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги яширин туннеллардан фойдаланиб келган жиноий гуруҳ қўлга олинди
Қирғизистон фуқароси туннел орқали Ўзбекистонга 813 дона мобил телефон воситаларини олиб ўтиб, 1 кг 745 гр олтин ёмбилари ва заргарлик буюмларини олиб чиқиб кетмоқчи бўлган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг шериклари ҳам қўлга олинган.
Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегарасида иккита яширин ерости йўли аниқланди.
Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилоят бўйича бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Хонобод шаҳрининг «А.Навоий» МФЙ ҳудудини Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сузоқ тумани Бекобод қишлоғи билан боғловчи иккита яширин ерости йўли аниқланган.
Улар орқали товар-моддий бойликларни мамлакатга олиб ўтиш билан шуғулланган Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларидан иборат трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилган.
Дастлаб Қирғизистон фуқароси ерости йўли орқали Ўзбекистонга 16 та қопда жами 813 дона мобил телефон воситаларини олиб ўтиб, 1 килограмм 745 грамм миқдоридаги олтин ёмбилари ва заргарлик буюмларини олиб чиқиб кетмоқчи бўлган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг Андижон шаҳридаги бошқа шериклари аниқланган. Уларга тегишли 10 та манзил кўздан кечирилганида, мазкур ерости йўлаклари орқали олиб ўтилган мобил телефон аппаратлари, планшет, ноутбук ва уларнинг аксессуарлари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Қайд этилишича, ҳар икки ер ости йўли 20 метр чуқурликда жойлашган, кенглиги 70-80 сантиметр, баландлиги 170-180 сантиметрни, биринчисининг узунлиги 350 метрни, иккинчисиники эса 135 метрни ташкил қилади.
Тезкор тадбир давомида гуруҳ аъзоларидан дастлабки қиймати 11 млрд сўмни ташкил этувчи жами 3813 дона турли мобил телефон аппаратлари, 50 дона планшет, 97 дона ноутбук ва 1000 донадан ортиқ аксессуарлар, шунингдек 1 килограмм 745 грамм олтин ёмби ва заргарлик буюмлари олинган.
Ҳозирда аниқланган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
22:01
Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўрган етти киши қўлга олинди
17:25 / 11.11.2024
Қозоғистонда хотинкуш Бишимбаев колониядан қочиб кетгани рад этилди
16:44 / 11.11.2024
Саудия тараққиёт жамғармаси Қирғизистонда 38 та мактаб қуриб беради
23:25 / 09.11.2024