Ўзбекистон | 11:57 / 21.03.2024
12269
4 дақиқада ўқилади

Машҳур “дефектолог” терговга тортилди

Ўзини дефектолог, дудуқланиб гапирадиган болаларни даволовчи мутахассис сифатида танитиб фаолият юритиб келаётган Дилором Жабборованинг болани сўкиниш ва қўрқитиш усулида даволаш ҳолати "илмий асосланмаган ва педагогика қоидаларига зид" эканлиги аниқланди ва у одамларни алдаш ҳамда ишончини суиистеъмол қилишда айбланиб, фирибгарлик бўйича жиноий иш очилди. Бу ҳақда болалар омбудсмани хабар берди.

Ўтган йил декабр ойида у Жиззах шаҳрида ўтказилган семинар давомида бир болани қўрқитиш, таҳқирлаш билан даволамоқчи бўлаётгани акс этган видео тарқалган ва кўпчиликнинг эътирозларига сабаб бўлган эди. Бу ҳолат хорижлик мутахассислар эътирозини келтириб чиқарган. Хусусан, Россиядаги нутқ марказлари тармоғи раҳбари, 40 йиллик тажрибага эга дефектолог Наталя Шутова бундайларни “шаманлар” дея атади. Ўзбекистонда дефектология соҳасининг етакчиларидан бири бўлган Убайда Файзиева ҳам болаларни бундай йўл билан даволаш усули фанда мавжуд эмаслигини, бу усул болани баттар ногирон қилиб қўйишини айтганди.

“Бунақалар бу ишни бизнесга айлантирган. Бу жуда катта жиноят. Боласининг камчилиги туфайли ота-она қанча изтироб чекади. Уни олдига келгунча бола қанча изтироб чеккан. Ундан кейин бунақа муомала боланинг ишончини, қадриятини йўқотади.

Биз қайси асрда яшаяпмизки, боланинг нуқсони тирик нарса экан ва унинг ичидан шуни чиқариш керак экан. Бу мутлақо нотўғри нарса.

Биз Россиядан қолишмайдиган даражада тажрибага эгамиз, логопедларимиз жуда катта ютуқларга эришяпти. Бу аёл шу иши билан бизни ер билан яксон қилди. Мен бунга мутлақо қаршиман. 56 йиллик тажрибамда бунақа нарсани биринчи марта кўриб турибман. Бу усул болани баттар ногирон қилиб қўяди”, — деган эди Убайда Файзиева.

Орада бир муддат ўз фаолиятини тўхтатган мутахассис яна ўз ишини давом эттираётганини маълум қилди. Худди Жиззахдагига ўхшаш тренинглар  республикамизнинг бошқа бир нечта вилоятларида бир неча кунлаб ўтказилаётган, ҳатто яқин кунларда қўшни республикаларда ҳам шундай тренинглар режалаштирилган эди.

Аммо бу фаолиятни ўрганишни ўз назоратига олган Болалар омбудсмани киритган сўров асосида Дилором Жабборованинг иш услубига илмий ва касбий баҳо бериш учун дефектолог ва логопедлардан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳнинг хулосасига кўра  педагогнинг иш усули мутлақо илмий асосланмаган, мураккаб дудуқланиш муаммосига тор ва ибтидоий ёндашувда экани, Жабборованинг дудуқланишни бартараф этишда қўллаётган руҳий ва жисмоний зўравонлик усуллари болаларнинг соғлиғи ва тарбиясига жиддий зарар келтириши ҳамда педагогика қоидаларига бутунлай зид эканлиги аниқланди.

Экспертлар ишчи гуруҳи хулосаси ва аниқланган бошқа ҳолатлар асосида унинг ҳаракатларида алдаш ва одамлар ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ва унинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритишда ифодаланган жиноят аломатлари мавжудлиги аниқланган ва унга нисбатан 27 феврал куни Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши бўйича тегишли ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид