Жаҳон | 21:43 / 21.03.2024
7330
2 дақиқада ўқилади

Сомали денгиз қароқчилари яна фаоллашди

Сомалидаги жиноий гуруҳ аъзолари ҳусийларга глобал эътибор қаратилаётганидан фойдаланиб, қароқчиликка қайтгани таъкидланмоқда. 

Фото: AFP/Getty Images

2014 йилдан бери тинчиб қолган сомалилик денгиз қароқчилар Ҳинд океанидаги кемаларга яна ҳужум қила бошлади. Бу эса Қизил денгиздаги ҳусийлар фаолиятидан зарар кўрган юк ташиш билан боғлиқ вазиятни янада мураккаблаштирди. Бу ҳақда Reuters хабар берди. 

Сомалиликлар ноябр ойидан бери кемаларга 20 дан ортиқ ҳужум уюштирган, бу эса муҳофаза ва суғурта нархларининг ошишига олиб келган. Европа Иттифоқи ҳарбий денгиз кучлари маълумотларига кўра, бу муддат ичида қароқчилар камида иккита юк кемаси ва 12 та балиқ овлаш кемасини қўлга киритишга муваффақ бўлган. 

Reuters билан боғланган Сомалидаги жиноий гуруҳ аъзолари ҳусийларга глобал эътибор қаратилаётганидан фойдаланиб, қароқчиликка қайтишга қарор қилишганини айтган. 

Ўтган ҳафта Ҳиндистон ҳарбий-денгиз кучлари сомалиликлар томонидан қўлга олинган Малта байроғи остидаги «Ruen» кемасини озод қилишга эришди. Кемадаги 35 қароқчи қўлга олинди, 17 нафар гаровга олинган киши қутқарилди. Аввалроқ Ҳинд океанининг ғарбий қисмида Бангладешдан келган юк кемасига ўнлаб қароқчилар ҳужум қилган эди. Экипаж авария сигналини юборишга муваффақ бўлгач, жиноятчилар қочиб қолди. Кейинчалик маълум бўлишича, юк кемаси Сомали яқинида лангар ташлаган. 

Африканинг энг қашшоқ мамлакати Сомали энг гавжум денгиз йўллари яқинида жойлашган: ҳар йили у орқали Қизил денгиз ва Сувайш канали томон 20 мингта кема ҳар хил юклар билан ўтади. Экипажлар билан кемаларни эгаллаб, улар учун тўлов талаб қилган сомалилик қароқчиларнинг фаолияти 2008-2014 йиллар оралиғида жаҳон иқтисодиётига миллиардлаб доллар зарар етказди. Халқаро денгиз бюроси маълумотларига кўра, биргина 2011 йилда сомалиликлар кемаларга 237 та ҳужум уюштирган. Oceans Beyond Piracy мониторинг гуруҳи глобал иқтисодиётга тахминан 7 миллиард доллар зарар келтирганини маълум қилган эди.

Мавзуга оид