«Соҳадаги муаммолар президентга чиқмагунича ечилмаяпти» — мева-сабзавотчилик мутахассислари билан суҳбат
Бир гектар ердан фойда олиш даражаси Ўзбекистонда 300 доллар, Туркияда эса 6000 доллардан ошади. Ердан кам ҳосил олинаётгани боис таннарх ошиб бормоқда ва натижада Афғонистон бозорини нисбатан арзонроқ бўлган Ҳиндистон маҳсулоти эгалламоқда. Маҳаллий масъул идоралар экспортга чиқарилаётган маҳсулотларни тегишли ҳужжатларини халқаро стандартларга мос тарзда расмийлаштиришни билишмайди. Бу эса минглаб доллар турадиган товарларни у экспорт қилинган давлатда қабул қилинмай, утилизация қилинишига сабаб бўлмоқда. Kun.uz соҳа мутахассислари билан мева-сабзавот экспортидаги янгилик ва ечимини кутаётган муаммолар ҳақида суҳбатлашди.
Истаймизми, йўқми, Ўзбекистон – аграр мамлакат. Яъни иқтисодий туриш-турмушимизда ҳали ҳам ерда унадиган маҳсулотларнинг улуши катта. Шу билан бирга қишлоқ хўжалигимиз потенциали тўлиқ юзага чиқишидан ааанча йироқдамиз. Нега? Чунки...
Чунки “потенциал” сўзи “ислоҳот” сўзи билан – бир-биридан ажралмас эгиз ака-укалар: тўғри ислоҳотлар натижасида ҳар қандай соҳанинг потенциали юзага чиқади. Ўзбекистон ўз қишлоқ хўжалигини охирги йилларда ислоҳ қилиш йўлидан боряпти: деҳқонларга қийинчилик билан бўлса-да эркинлик бериш йўлидан боряпти. Натижада бу маҳсулот экспорти ошишига олиб келяпти. Натижалар ҳақида соҳа вакиллари ва мутахассислардан сўраймиз.
— Охирги пайтда Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш мавзуси эътибор марказида. Ўзи Ўзбекистоннинг потенциали қанча?
Ёрқинжон Маликов, Экспортчилар уюшмаси раиси: — Экспорт қилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимизга рақамларда қарасак, 1 млн 900 минг тонна маҳсулот экспорт қилдик. Энди буни суммага чақсак 1 миллиард 200 миллион. Биз қайта ишлаганимиз учун, бошқа аҳамият бермаган томонларимиз бўлгани учун фақатгина шундай етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотяпмиз. Янглишмасам, Ўзбекистон 1 гектардан фойда олиш даражаси 300 доллар деб кўрган эдим. Туркияники 6000 доллардан 8000 долларгача эди. 20 баробар фарқ бор. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳисоб-китобига кўра, ҳозирги ҳолатдаги ерлардан фойдалансак, ўртача 5 млрд долларга етказишимиз мумкин экан экспортни.
— Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти борасида қандай ўзгаришлар бўлди?
Алишер Шерматов, тадбиркор: — Келиб тушган валютанинг 50 фоизини давлат курсида сотиб, 50 фоизини ўзимизда олиб қолишга имконимиз бор эди, конвертация ёпиқ эди. Бугун узоқроқ давлатларга маҳсулот юборишдаги транспорт харажатларининг 50 фоизи давлат томонидан қопланяпти.
Ёрқинжон Маликов: — 2017 йилдан кейин конвертацияга рухсат берилгач, жуда тез ўзгариш бўлди. Қишлоқ хўжалигида экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорлар жуда кам эди, ҳозирги ҳолатда эса бундай экспорт қилувчилар 2400 тани ташкил қиляпти. Умумий экспортни олсак, 7 мингта фаол экспортёр бор. 2016 йилларда экспортимиз 10 млрдга ҳам бормасди, 2023 йилда эса 24 млрд доллар бўлди. Экспорт қилувчи давлатларимиз ҳам ортган, 160 та давлатга экспортимиз бор. Илгари фақатгина айрим юқори органларда ишловчи шахсларга тегишли компаниялар экспорт қиларди, бугун эса бундай эмас, барчага ҳам йўл очиқ.
Алишер Шерматов: — 2 кун олдинги йиғилишда давлат раҳбаримиз айтдики, компенсация қилинадиган 50 фоиз транспорт харажатлари 70 фоизга кўтарилди. Бундан ташқари, порт хизмати харажатлари ҳам 70 фоиз компенсация бўладиган бўляпти.
Бахтиёр Бекназаров, тадбиркор: — Олдин ички бозорда ишлардик, экспорт нималигини билмасдик. Ҳозир Англияга ҳар ой бир фура нўхат экспорт қиламиз.
Ёрқинжон Маликов: — Кўпчилик экспортёрлар билмайдиган нарса ҳам бор: агар экспортчи маҳсулот Ўзбекистонга келганини реклама қилса ОАВда, давлат 20 минг долларгача тўлаб беради бир йилда. Реклама шартномаларини, бошқа ҳужжатларини тақдим этишса, бир ой ичида компенсация қилиб беради. Сертификатлаш лаборатория харажатлари учун ҳам 10 минг долларгача, юборилган намуна сарф-харажатлари учун ҳам 2 минг долларгача тўлаб беради.
Бундан ташқари, экспортчилар ва ўша давлатдаги элчихоналаримиз ўртасида алоқа таъминланяпти, бу бўйича Ташқи ишлар вазирлигида масъул ходим бор, Экспортчилар уюшмасига бириктирилган. Давлатлардаги талабларни ўрганяпмиз элчихоналаримиз билан бирга. Уюшма ўртада туриб, енгилликларни етказиб туради, талаб-таклифларни етказади. Яқинда давлат раҳбаримиз яна қандай енгиллик бўлишини сўраганда, дарё-денгиз орқали борувчи юклар учун ҳам компенсация берилишини таклиф этдик. Ҳозирги геосиёсий вазиятда транспорт, йўл харажатлари ошиб боряпти, шу сабаб энди 70 фоизлик компенсация бўлишини сўрадик. Бу эса экспорт ошиши, экспорт қилинадиган давлатлар кўпайишига олиб келади.
Алишер Шерматов: — Афғонистон ва Покистон орқали коридор очилгани бизга жуда қўл келяпти, юк машиналаримиз 7 кунда Ҳиндистонга етиб боряпти.
— Экспорт соҳасига карантин агентлиги ҳам асосий масъуллардан экани қайд этилган, бунга муносабатингиз? Рақамларда режалар қўйилдими экспорт бўйича?
Ёрқинжон Маликов: — 2024 йил 18 январ давлат раҳбари бошчилигида йиғилиш бўлди. Экспорт соҳасини кўриб чиқиб, тизимни ўзгартириш, соҳага масъул керак, дедилар ва Карантин агентлигини бунга бош қилиб қўйдилар. Ўзи экспортдаги муаммоларни Инвестиция вазирлиги ҳал қилиши керак эди, аммо сарсонгарчилик кўп бўларди. Карантин агентлиги бош бўлганига ижобий қараймиз, чунки доимий бирга ишлаш керак бўлган ташкилот, энди шу бош бўлди.
Рақамларга тўхталсак. 2023 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 1 млн 900 минг тонна экспорт бўлган бўлса, буни мутлақ ошириш белгилаб берилди. Қишлоқ хўжалиги ва қандолат маҳсулотлари умумий 3,5 млрд долларлик экспорт қилиниши белгиланди.
— Баъзи ҳолларда режа қўйилганда маъмурий аралашув, қўл бошқаруви кучайиб кетади. Шу хавотир борми сизларда ҳам?
Ёрқинжон Маликов: — Бундай хавотир бор менда ҳам. Тарихда ҳам қайсидир вилоятга қанчадир миқдорда экспорт қилиш юкланган, коррупцион ҳолатлар пайдо бўлган. Шундай ҳолатлар бўлмаслиги учун, яъни нархлар пасайтириб кўрсатилмаслиги учун Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиқди, тегишли ташкилотлар назорат қилиб, чора кўради. Давлат раҳбари шу масалани таъкидлаб ўтдилар. Давлат раҳбари топшириғига кўра, Инвестиция вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Карантин агентлиги жойлардаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархини ўрганиб, махсус платформага киритиб боради, экспорт қилинаётган маҳсулотлар нархлари бозор нархларига солиштириб кўрилади ва аниқланади.
— Нархни пасайтириб кўрсатишнинг олдини олиш учун бошқа давлатлар қандай йўл тутган?
Алишер Шерматов: — Дейлик, Туркиядан Россияга экспорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳар бирига «гост» белгиланади, нархлар шунга кўра белгиланиб кўриб борилади.
— Соҳада қандай муаммолар бор?
Ёрқинжон Маликов: — Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини четга экспорт қилиш учун халқаро аккредитация ўтган лабораториямиз йўқ. Бундай лаборатория бор, лекин Европа талаблари бўйича сертификатлай олмайди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича методологиямиз йўқ. Қайси пайтда етилади, қачон узиш керак, қандай сараланади, сақланади — шу каби масалалар бўйича қўлланма йўқ. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қилиб бериши керак буни.
Бахтиёр Бекназаров: — Англияга бир фура юк жўнатдик, ярми туршак, ярми нўхат эди. Ўзимиздаги лабораторияга текширтириб, қониқарли деган натижа билан юборгандик, лекин у ёққа борганда бундай бўлиб чиқмади. Маҳсулотни куйдирмоқчи бўлишди, Ташқи ишлар вазирлиги орқали зўрға олиб қолдик. Жуда қимматга тушди бу.
Ёрқинжон Маликов: — Экспортчилар менга фалон давлатга экспорт қилиш фалон маҳсулот учун шунча керак, дейди. Мен Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан сўрайман, лекин кимда маҳсулот борлигини айтиб беролмади. Карантин агентлиги яхши платформа яратибди, қаерда қандай маҳсулот борлиги киритилар экан. Лекин бу ҳам бир муаммо, аниқ маълумотлар йўқ. Агар платформа бўлса, биз бундай муаммоларга дуч келмаймиз.
Бундай платформа йўқлиги кўпчилик учун зарар. Дейлик, бир деҳқон-фермер ерига нима экишни билмайди, нарх қандай бўлади, ким олади, деб ўйлайди. Етиштирувчи ва сотувчи ўртасида механизм йўқ. Олувчи, бозор бор, лекин шунга етказиб берувчиларни топиб олиш муаммо.
Бахтиёр Бекназаров: — Илгари лалми ерлардан бир гектардан 08,-1 тоннагача нўхат олардик, ҳозирги вақтда 200-300 кг олинади. Ёғингарчилик бўлмаса, умуман ҳосил олинмайди ҳам, воз кечилади. Ҳиндистондаги лалми ерлардан ҳам 08,-1 тонна ҳосил оларкан. Дорилаб уруғ экаркан, қурғоқчилик бошлангунча тезроқ етиштириб, йиғиб олиш режалари ҳам бўлар экан. Бизга ҳам шундай тажрибалар керак. Бўлмаса, деҳқон-фермерлар етказиб беролмай ҳам қолади.
Олдин Афғонистонга кунига 20 тоннагача қовурилган нўхат экспорт қилардик, лекин энди Афғонистон бозорини Ҳиндистон маҳсулоти эгаллади, чунки арзон уларники. Бизда ердан кам ҳосил олинаётгани учун таннарх ошиб кетган.
Ёрқинжон Маликов: — Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимизнинг тахминан 80 фоиз экспорти Россияга қилинади. Лекин бугунги кунда Россияда талаб камаймоқда. Ўзим бориб ўрганиб ҳам келдим Россия бозорларини. Видеоларни ҳам кўряпмиз, хурмо қутиларнинг тагига шолғом қўшиб юборишган, гилосларни юзига катталарини териб, тагига кичкина гилос қўшиб юборишган. Биздаги катта муаммолардан бири ҳам шу тадбиркор бир марта маҳсулот сотишни ўйлайди, кейинги фаолиятини эмас. Экспорт соҳасида илмсизлик бор. Давлатимиз раҳбари ҳам йиғилишда мана шундай виждонсиз экспортчиларимиз бор экан, деб айтиб ўтдилар. Муаммога кўз юмсак, газак ола бошлайди бу.
Дейлик, бир олиб сотар битта боғ ҳосилини улгуржи сотиб олади-да, катта-кичик ажратмасдан сотади, экспортга чиқариб юборади. Бу ҳам бир катта муаммо.
Бахтиёр Бекназаров: — Ҳозир Карантин агентлиги ходимлари юк юборувчининг омборига бориб маҳсулотни текшириб кўради, талабга жавоб бермаса, рухсат берилмайди.
Ёрқинжон Маликов: — Экспорт қилинган маҳсулотни юк машинасига ортиб, жўнатамиз. Йўлда бирор бир ҳодиса рўй берса, ҳайдовчилар кимга мурожаат қилишни билмайди. Биз Ўзбекистондан чиқиб кетгач, ўзимизни етимдек ҳис қиламиз, деб айтишади ҳайдовчилар. Ўтган йилги кейс: Туркияда йўлда юк машинани тўхтатиб, ҳайдовчиларни гаровга олиб, юкларни тортиб олишган. Элчихонага мурожаат қилишини айтамиз, лекин элчи умумий масалалар бўйича ишлайди, элчихоналарда транспорт логистикага жавоб берувчи масъуллар йўқ. Транспорт вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги келишиб, шундай масъул қўйиб беришлари керак. Йилдан йилга юк ташувчиларимиз ортиб боряпти, шунинг учун ҳайдовчиларнинг ҳам уюшмасини ташкил қилиб бериш керак Транспорт вазирлиги.
Яна битта муаммо. Авиаташув орқали экспорт қилинадиган маҳсулотлар учун аэропортларимизда сақловчи музлаткичлар йўқ, маҳсулот қуёш тагида туради бузилиб. Импортёрга қандай жавоб берамиз? Яна бир нарса: самолётларда қанча юкка жой борлиги тахминий юради, аниқ маълумот топиш қийин, дейлик, 5 тонна маҳсулот олиб борсак, 3 тоннаси сиғади, қолгани кейинги рейсга қолади ва катта эҳтимол билан бузилади.
Навбатдаги муаммо. Қишлоқ хўжалиги маҳсулоти манзилга боргунча маълум даражада йўқотилади оғирлик нуқтаи назардан. 15 фоизгача йўқотилиши мумкин. Қабул қилувчи эса етиб борган ҳажмга пул тўлайди. Бу ерда эса қанча ёзилган бўлса, шунчага пул тушиши керак, бўлмаса солиқ қўмитасидан жаримага тортади. Шунинг ҳам механизмини тўғрилаш керак. Шу йўқотиладиган маҳсулот миқдорини 5 фоиздан 15 фоизга чиқаришни сўрагандик. Инвестиция вазирлиги ҳал қилмагач, давлат раҳбарига буни айтдик йиғилишда, кўриб чиқиб ҳал этиш топшириғи берилди.
2-4 март кунлари 30 та тадбиркор билан Афғонистонда бўлдик. 4 январ куни Ташқи ишлар вазирлигига хат ёзган эдим бориб келишда амалий ёрдам беришларини сўраб, 24 февралда жавоб келди, орада қанча вақт ўтиб кетди. Бу масалаларни давлат раҳбарига айтмадик, бир ярим-икки ойда виза олдик десак, уят ҳам бу. Қўшнимиз бўлган Афғонистонга чиқиш шунча қийин бўлди.
Юқорида бир фура юк нотўғри лаборатория текшируви бўлгани учун қайтганини айтдилар, бошқа бир тадбиркор 3 та контейнер маҳсулотни қайтарган, 48 минг доллар зарар кўрган. Судга бериб, бошқа қилиб, давлат бюджетидан қопласа бўлар эди, лекин шунақа қилмайлик, деб индамай қўйди. Йўқ жойдан 48 минг доллар кетди.
Бахтиёр Бекназаров: — Январ ойида Англия ва Белгияга қуруқ мевалар юбордик. Шунда бир юк машинага 250, бирига 70 кг қурут ҳам юборгандик. Чет элдаги ўзбеклар жуда кўп сўрашади чунки. Юбориш учун Ветеринария қўмитасидан сертификат олдик, СЭС беролмаймиз, деганди. Олиб бордик, импортёрга жарима солишди ва қурутларни куйдиришга мусодара қилишди. Чунки Ветеринария қўмитаси берган сертификат у давлатларнинг талабларига жавоб бермас экан. Талабларни, тажрибани ўрганишмаган, шунчаки сертификатлаб юборишган. Нимага талаб бўйича сертификатламагансан, деб импортёр ҳам норози бўлди. Иккинчи юк машинани Болтиқбўйида тўхтатиб, бу маҳсулот мумкинмас деб киритишмади ҳам.
Ёрқинжон Маликов: — Бизнинг ҳам муаммоларимиз бор. Лекин соҳалар кесимида вазирликлар эшитмаса, кимга айтайлик дардимизни? Ҳамма муаммога кўзни юмаверса, қандай ривожланиш бўлади? Мана масалан, ҳайдовчиларимизнинг давлатларга кириш рухсатномаси масаласи ҳалиям ечилгани йўқ. Энди Президентимиз ЕИга кириш учун рухсатни 250 мингтага кўпайтириш бўйича топшириқ берди Транспорт вазирлигига. Президентга чиқмасак, ечилмаяпти муаммолар.
Алишер Шерматов: — Экспортёрлар кўпинча маблағ етишмовчилиги муаммосига дуч келади. Мавсумда етиштирувчилардан маҳсулот сотиб олиши керак, жўнатиши керак. Импортёрга етиб бориб, у пулларни ўтказгунча бир ярим-икки ой вақт ўтади. Бу орада экспортёр бошқа маҳсулотларни ҳам жўнатиши керак. Деҳқонлар арзон, нотўғри дори сепган бўлса, борганда аниқланиб, маҳсулот бекор бўлиш ҳолатлариям бўлади. Умуман, шундай қийин вазиятда экспортёрлар мурожаат қилганда бирдан пул берадиган банклар, механизм йўқ. Техникалар, сараловчилар аппаратлар сотиб олган бўлади, сотиб олиш, сақлаш харажатлари бор. Экспортёрлар мулкларини ҳам гаровга қўйиб бўлган бўлади. Шундай вазиятда суғурта компаниялари томониданми, бошқа шаклдами ёрдам бўлса, яхши бўлар эди.
Ёрқинжон Маликов: — Бизнинг банклар суғурта компанияларига ишонмайди. Чунки суғурта компаниялари пул тўлаб бермайди банкларга. Шу масалани давлат раҳбари ҳам кўтарди.
Бахтиёр Бекназаров: — Бирор давлатдан янги мижоз чиқса, у биринчи маҳсулотни кўришни истайди. Шунда маҳсулотдан намуна авиаташув орқали почта қилиб жўнатилади. Кейин биринчи синаб кўриш учун 500 кг ёки 1 тонна атрофида келишади. Бунча миқдорни авиаташув орқали юбориш керак бўлади. Юқорида айтилгандек, аэропортларда на музлаткич бўлади, на бошқаси. Умуман, етказиб бериш харажатлари ҳам ортади ва таннарх ошади. Кейин мижоз бошқа жойдан олишни маъқул кўради. Кўпинча шу нуқтада тўхтайди ишимиз. Агар мана шундай янги давлатларга маҳсулот юборишда логистика маблағларига 70 ёки 100 фоизлик компенсация берилса, биз янги давлатларга чиқиб бороламиз.
Шокир Шарипов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
09:40
Октябрда Ўзбекистон 833 млн долларлик олтин сотди
15:45 / 21.11.2024
Уммон Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилмоқчи
12:10 / 20.11.2024
Ўзбекистонда фойдаланиладиган сув ресурслари 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келяпти
11:37 / 20.11.2024