Жаҳон | 14:03 / 27.03.2024
6662
2 дақиқада ўқилади

Швейцария банклари Россия фуқаролигига эга шахсларининг ҳисобларини ёпа бошлади

Фото: consultancy.eu

Швейцария банклари гарчи бир вақтнинг ўзида бошқа давлат фуқаролигига эга бўлса ҳам, Россия фуқаролигига эга шахсларнинг ҳисоб-рақамларини ёпа бошлаган. Бу ҳақда «Ведомости» нашрига Швейцариядаги Leolex юридик бюроси бошқарувчи ҳамкори Роман Кудинов маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, UBS ва Credit Suisse банкларининг қўшфуқароликка эга бир неча мижозлари муаммога дучор бўлишган. Уларнинг барчаси Швейцарияда солиқ тўлашади, Россияда эса ҳеч қандай даромад олишмайди ва солиқ ҳам тўлашмайди.

Айни пайтда Швейцария банклари ўз мжозларининг Россия билан ҳар қандай алоқаларига жиддий эътибор беомоқда, дейди ITSWM компаниялар гуруҳининг мултиоила офиси ҳамкори Екатерина Попова. Унинг бу йилги амалиётида шундай ҳодиса ҳам бўлган: банклардан бири транзакцияларни текшириш асносида кўп йиллар олдин Россиядаги қайнонасига бир неча юз евро ўтказиб берган мижознинг ҳисоб-рақами ёпилган. Ҳолбуки мижоз Россия фуқароси бўлмаган.

Яна бир швейцар банки Россия фуқаролигини сақлаб қолган Исроилнинг бир неча фуқаросига ҳисоб варақ очиб беришни рад этган, дейди Amond & Smith юридик компаниясининг банк амалиёти раҳбари Иван Тихоненок. Унинг сўзларига кўра, банклар фирманинг мижозлари билан келгусида ишлашда улардан Россия фуқаролигидан воз кечганликни ҳужжатлаштирилган ҳолда тасдиқлашни талаб қила бошлашган.

Яна бир банк эса Россиядаги консталтинг компанияларидан бирининг Швейцарияда истиқомат гувоҳномаси бўлган россиялик фуқаросининг ҳисоб рақамини ёпган.

Швейцариядаги алоҳида банкларнинг қўшфуқароликка эга россияликларнинг ҳисоб рақамларини ёпиш тўғрисидаги қарори комплаенс нуқтайи назардан амалга оширилмоқда, деган Delcredere адвокатлар ҳайъати юристи Артем Касумян. Унинг қайд этишича, мижозда Россия паспорти бўлиши банкни қўшимча текширувлар ўтказиш учун ортиқча маблағ сарфлашига сабаб бўлади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид