Жаҳон | 15:18 / 28.03.2024
3807
3 дақиқада ўқилади

Россияда ёнилғи ишлаб чиқариш дронлар ҳужуми туфайли камаймоқда

Росстат маълумотларига кўра, Украина дронларининг Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлари бензин ва дизел ишлаб чиқариш ҳажмига таъсир қилишда давом этмоқда.

Фото: Alexander Ryumin/TASS/picture alliance

Россияда нефтни қайта ишлаш заводларига Украина дронларининг ҳужумлари туфайли ҳафталик бензин ва дизел ишлаб чиқариш қисқаришда давом этмоқда, деб ёзади «Новая газета. Европа» 27 март, чоршанба куни Росстат маълумотларига таяниб.

Нашр ҳисоб-китобларига кўра, 18-24 март кунлари, бир ҳафта давомида Россия нефтни қайта ишлаш заводларида 754,6 минг тонна бензин ва 1,648 миллион тонна дизел ёнилғиси ишлаб чиқарилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан мос равишда 14,3 ва 7 фоизга камдир. 

Аввалроқ «Коммерсант» нашри Россияда 13-19 март кунлари, бир ҳафта ичида бензин ишлаб чиқариш аввалги ҳафтага нисбатан 3,9 фоизга, ишлаб чиқариш режасига нисбатан эса 5,2 фоизга камайгани ҳақида хабар берган эди. Бу Новгород, Рязан ва Сизран нефтни қайта ишлаш заводларига учувчисиз учоқлар ҳужуми натижасида бензин ишлаб чиқариш камайган биринчи ҳафта бўлди, деб таъкидлади нашр. Шу билан бирга, захиралар туфайли ички бозорга етказиб бериш бир хил даражада сақланиб қолди, деб ёзади газета. 

Россия нефтни қайта ишлаш заводларига Украина дронлари ҳужуми

Март ойида Россия нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлар кучайди. Хусусан, 12 март куни Россиядаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводларидан бири – Нижегород заводида ёнғин содир бўлди, 13 март куни эса УУА Рязан нефть заводи ва Ростов-Дон яқинидаги Новошахтинский нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди. 16 март куни дронлар Самара вилоятидаги иккита нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди, ҳужумлардан сўнг иккала корхонада ҳам ёнғин юз берди. 17 мартга ўтар кечаси Славянск-Кубан шаҳридаги Славянск нефтни қайта ишлаш заводига дронлар ҳужум қилишга уринди ва улардан бирининг қулаши натижасида ёнғин содир бўлди. 

«Новая газета. Европа»нинг ҳисоб-китобларига кўра, март ойи ўрталарига келиб, Украина қуролли кучлари томонидан қилинган ҳужумлар Россияда ишлаб чиқарилган автомобил ёнилғисининг тахминан олтидан бир қисмига (16 фоиз) таъсир кўрсатди. 

АҚШ Украинани Россия нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумларни тўхтатишга чақирди 

АҚШ Украина ҳукуматини Россия энергетика инфратузилмасига ҳужумларни тўхтатишга чақирди, деб ёзди 22 март куни Financial Times (FT) газетаси Оқ уйдаги ўз манбаларига таяниб. Нашр таъкидлаганидек, бу чақириқ АҚШнинг нефт жаҳон нархлари ошишидан хавотири, шунингдек, Россиянинг РФ ғарбий қисмида жойлашган мамлакатнинг нефтни қайта ишлаш заводлари, терминаллари, омборлари ва нефт омборларига қилинган ҳужумларга жавоб чоралари билан боғлиқ. 

Украинада нефтни қайта ишлаш заводлари ҳарбий нуқтайи назардан қонуний нишон деб кўрилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид