Спорт | 11:12 / 29.03.2024
16062
2 дақиқада ўқилади

Миллий жамоанинг Ҳонг конгга қарши ўйинидан сўнг тартибсизлик қилган шахслар жавобгарликка тортилди

Тартибсизлик қилган 6 нафар боланинг ота-онаси жаримага тортилган. 2 нафар шахс 5 сутка, бир киши 7 суткага маъмурий қамоқ жазоси олган. ОФК мазкур тартибсизлик учун ЎФАни жаримага тортган.

Фото: Видеодан кадр

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Ҳонгконгга қарши ўйини тугагач бир гуруҳ мухлислар тартиб-қоидаларни бузиб стадионга чиқиб кетишган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати хабар бермоқда.

2024 йил 26 март куни Тошкентдаги Бунёдкор стадионида Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2026 ҳамда Осиё кубоги-2027 қўшма саралаш босқичи доирасида Ҳонгконг терма жамоасини қабул қилди.

Ўйинда миллий жамоа рақиб устидан йирик ғалабага эришиб, ҳал қилувчи 3-саралаш босқичи ва Саудия Арабистонида ўтадиган Осиё кубоги-2027га йўлланмани қўлга киритди.

Шу куни ўйин тугагандан сўнг бир неча нафар футбол ишқибозлари тартиб-қоидаларни бузган ҳолда стадион майдонига чиқиб кетишган.

Улар ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимларининг қонуний талабларини бажармай, уларга ҳам қаршилик кўрсатган. Шундан сўнг улар Чилонзор тумани ИИБга олиб борилган.

Тартиббузарларнинг 6 нафари вояга етмаган шахс бўлгани учун МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан уларнинг ота-оналари жаримага тортилган.

Қолган уч нафар шахсга нисбатан ҳам маъмурий баённомалар тузилиб, қонуний қарор қабул қилиш учун жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судига юборилган.

Суд томонидан қоидабузарларнинг икки нафарига МЖтКнинг 183 ва 194-моддаларига биноан 5 суткадан, яна бир шахсга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Спорт шарҳловчиси Даврон Файзиевнинг маълум қилишича, ОФК мухлисларнинг ушбу тартибсизлиги учун Ўзбекистон футбол ассоциациясини жаримага тортган.

Мавзуга оид