Жаҳон | 11:30 / 30.03.2024
7364
4 дақиқада ўқилади

Кулеба: Ҳиндистон Хитой ва Россия ўртасидаги алоқалар чуқурлашишидан хавотирда бўлиши керак

Киев «Ҳиндистон билан савдо-сотиқни тиклашга» интилади, деди Дмитрий Кулеба Ню-Деҳлига ташрифи чоғида. Шунингдек, у Ҳиндистон компанияларини Украинани қайта тиклашда иштирок этишга таклиф қилди.

Фото: AP

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебанинг айтишича, Ню-Деҳли Россиянинг Ҳиндистон билан чегарадаги баҳсли ҳудудлар бўйича можарода иштирок этаётган Хитой билан ҳамкорликни кенгайтираётганидан хавотир билдириши керак. Украина дипломатияси раҳбари Британиянинг Financial Times газетасида 29 март, жума куни Кулебанинг Ҳиндистонга ташрифи фонида чоп этилган интервюсида: «Хитой-Россия муносабатлари Ҳиндистон учун миллий хавфсизлик нуқтайи назаридан алоҳида эътиборга молик объект бўлиши керак», деди. 

Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги чегара можароси 

«Интерфакс» агентлиги таъкидлаганидек, Ҳиндистон 1960-йиллардан бери Хитой, Ҳиндистон ва Покистон туташган ҳудудда жойлашган Аксайчин минтақаси устидан Хитой назоратига қарши курашиб келади. Ню-Деҳли уни Ладакх вилоятининг бир қисми деб билади. Ўз навбатида, Пекин Ҳиндистоннинг Аруначал-Прадеш штатида 90 минг квадрат километр майдонга даъво қилади. 

2020 йил май ойида Кунлун ва Ҳимолой тоғ тизимлари ўртасида жойлашган Ладакх вилоятида вазият ёмонлашди. У ердаги хитой ва ҳинд ҳарбийлари ўртасидаги тўқнашувлар фонида иккала томон ҳам чегарада ҳарбий иштирокини ошира бошлади. 

Кулеба Ҳиндистоннинг Россия билан алоқалари ҳақида 

Ҳиндистонда бўлиб турган Дмитрий Кулеба Ню-Деҳли ва Киев ўртасидаги ҳамкорликни, жумладан, Украинани урушдан кейинги қайта қуриш доирасида кенгайтириш тарафдори эканини айтди. Россия бўйича, Украина дипломатияси раҳбарининг сўзларига кўра, Россия Федерацияси ва Ҳиндистон ўртасидаги яқин алоқалар «совет мероси»га асосланади. «Аммо бу давом этадиган мерос эмас, балки парга ўхшаб йўқолиб кетаётган мерос», дея қўшимча қилди у. 

Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсли ҳужуми бошланганидан сўнг, Ҳиндистон, глобал жануб деб аталадиган бошқа кўплаб давлатлар сингари, урушаётган томонларнинг ҳеч бирини сўзсиз қўллаб-қувватлаб чиқмади. 

Айни пайтда, Ню-Деҳли АҚШ, Франция ва бошқа давлатлар билан ҳамкорлик орқали таъминотни диверсификация қилишга уринишига қарамай, бугунги кунда Россия Ҳиндистонга энг йирик қурол етказиб берувчи бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, Ҳиндистон ғарб санкциялари туфайли нархи тушиб кетган Россия хом нефтининг етакчи харидорига айланди. Дмитрий Кулеба аввалроқ бу борада Ҳиндистон сотиб оладиган рус хом нефтининг ҳар бир баррелида «Украина қони улуши бор» деб айтган эди, деб эслатади FT. 

Ҳиндистонга бу сафарги сафари чоғида Кулеба ушбу давлат ва Украина ўртасидаги савдо алоқаларини кенгайтириш тарафдори эканини айтди. «Урушдан кейин Украина, эҳтимол, дунёдаги энг йирик қурилиш майдонига айланади ва Ҳиндистон компаниялари реконструкцияда иштирок этиши мумкин», деди у. Бундан ташқари, вазирнинг сўзларига кўра, Украина у ерга ўсимлик ёғи каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини қайта йўлга қўйиб, Ҳиндистон товарларини ўзи кўпроқ сотиб олиб, Ҳиндистон билан «савдони тиклаш»га интилмоқда. «Биз Ҳиндистон ишлаб чиқарадиган оғир техника айрим турларини импорт қилишдан манфаатдормиз», - дея аниқлик киритди Кулеба. 

Кулеба АҚШнинг Украинага ҳарбий ёрдами ҳақида 

Украина Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг Ҳиндистонга ташрифи Украина қуролли кучлари учун фронтдаги мураккаб вазият фонида, Россия қўшинлари фронт чизиғида ташаббусни қўлга олган ва АҚШнинг кейинги ёрдами музлатиб қўйилган бир пайтда амалга оширилмоқда.

Бу вазиятни изоҳлар экан, Кулеба Вашингтон Украинага янги ҳарбий ёрдам бериш борасида келишиб олишига ишонч билдирди. «Гап ҳарбий ёрдам кўрсатилиши ҳақида эмас, балки қачон ва қандай тақдим этилишида», деди у. 

Мавзуга оид