Жаҳон | 08:11 / 30.03.2024
11552
3 дақиқада ўқилади

УҚК бош қўмондони Сирский РФни Харкивга ҳужум қилмаслик ҳақида огоҳлантирди

Агар россияликлар Харкивни яна босиб олишга ҳаракат қилса, бу шаҳар улар учун «ҳалокатли» бўлади, дея ваъда қилди Украина бош қўмондони. У Харкив мудофаа учун жуда жиддий тайёрлангани ҳақида огоҳлантирди.

Фото: AFP / SCANPIX

Украина қуролли кучлари (УҚК) бош қўмондони Александр Сирский Россияни Харкивни эгаллашга қаратилган янги уриниш ҳақида огоҳлантириб, бу руслар учун ҳалокатли оқибатларга олиб келишини билдирди. «Харкив улар учун ҳалокатли шаҳарга айланади», деди у 29 март, жума куни эълон қилинган «Укринформ» агентлигига берган интервюсида Россия қўшинларининг Харкивга ҳужумга тайёрланаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдириб.

«Душманнинг ҳужумга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги ҳеч қандай маълумотни эътибордан четда қолдира олмаймиз, шунинг учун биз бундай имкониятга муносиб жавоб бериш учун барча чораларни кўрмоқдамиз. Бугунги кунда ҳудудлар ва позицияларни мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, комплекс тизим ўрнатилмоқда. Тўсиқларни ўрнатиш ва бундай ҳаракатлар содир бўлган тақдирда қўшинларимиздан фойдаланишни режалаштирганмиз», деди Сирский.

Шу билан бирга, Украина бош қўмондони ўзи қўмондонлик қилган 2022 йилнинг кузида Харкив вилоятини озод қилишнинг аввалги тажрибасига тўхталиб ўтди. «Бизда Харкив вилоятида ҳарбий ҳаракатлар тажрибаси бор, биз душманни «алдашга»га ва Харкив вилоятининг муҳим қисмини озод қилишга муваффақ бўлдик. Бу вақтда Россия фронтининг кенг кўламли қулаши содир бўлди. Агар россияликлар келса, Харкив яна улар учун ҳалокатли шаҳарга айланади», - дея хулоса қилди Сирский.

Харкивга эҳтимолий ҳужум

Бир кун олдин Украина президенти Володимир Зеленский CBS News телеканалига берган интервюсида яқин ойларда - май ёки июн ойининг охирида Россия қўшинларининг фронтда янги йирик ҳужуми кутилаётганини айтди. У қайси йўналиш ҳақида гапираётганига аниқлик киритмади.

Аввалроқ оммавий ахборот воситаларида Кремлнинг Украина билан урушдаги навбатдаги мақсади Харкивга ҳужум экани ҳақида маълумот пайдо бўлган эди. Россия президенти Владимир Путин Харкив вилояти билан чегарадош ва Украина қуролли кучлари томонидан мунтазам равишда ўққа тутилаётган Белгород вилояти атрофида «санитария зонаси» яратиш зарурлигини маълум қилди.

«Медуза»нинг «Россия элитаси»даги манбалари Харкивга кенг кўламли ҳужум тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақида маълумот йўқлиги ҳақида гапирди. Шу билан бирга, улар бу назарий жиҳатдан янги сафарбарлик тўлқинини талаб қилиши мумкин бўлган «эҳтимоли юқори сценарий» эканини билдирди.

Мавзуга оид