Жаҳон | 12:19 / 02.04.2024
15498
3 дақиқада ўқилади

«ФСБ»: Доғистонда ушланганлар «Крокус»даги ҳужумни молиялаштирган

«ФСБ» Доғистонда қўлга олинган хорижликлар «Крокус»даги терактни молиялаштириш ва тайёрлаш билан шуғулланганини даъво қилмоқда.

Фото: Alexander Zemlianichenko/AP/dpa/picture alliance

Россия Федерал хавфсизлик хизмати («ФСБ»)нинг 1 апрел, душанба куни берган маълумотларига кўра, Доғистонда бир кун аввал қўлга олинган хорижликлар «Крокус Сити Холл»даги терактни молиялаштириш ва «террорчилик воситалари билан таъминлаш» билан шуғулланган

«Аниқланишича, қўлга олинган жангарилар 22 март куни Москвадаги «Крокус Сити Холл» концерт залида содир этилган терактни молиялаштириш ва ижрочиларга маблағлар тақдим этишда бевосита иштирок этган», — дея ТАСС агентлиги «ФСБ» хабаридан иқтибос келтирмоқда. Ушланганлардан бири сўроқ пайтида «Крокус Сити Холл»га ҳужум қилган террорчилар учун Маҳачқалъадан Митишчига қурол олиб келганини айтди, деб ёзади ТАСС.

Бундан ташқари, махсус хизмат маълумотларига кўра, қўлга олинган тўрт нафар хорижлик Каспийскда теракт тайёрлаган. Доғистонда ушланганлар «ҳудудда разведка ўтказган, қўлбола портловчи қурилма ясаган ва автоматик қурол сотиб олган», деб таъкидлайди «ФСБ».

Доғистонда террорчиликда гумонланганларнинг қўлга олиниши

31 март, якшанба куни эрталаб Доғистонда махсус хизматлар ўтказган операция вақтида уч нафар қуролли шахс қўлга олинди. Улардан қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва фойдаланишга яроқли қўлбола портловчи мослама мусодара қилинди. Миллий аксилтеррор қўмитаси (МАҚ) маълум қилишича, улар террорчилик ҳужумларини режалаштирган.

Маҳаллий вақт билан соат 05:30 лар атрофида Каспийск шаҳри ва Доғистон пойтахти Маҳачқалъанинг икки туманида аксилтеррор операцияси режими жорий этилди. Операцияда айрим ҳудудлар ўраб олинган, бир қатор уйлар аҳолиси эвакуация қилинган. Операция давомида, МАҚ маълумотларига кўра, махсус кучлар террорчилар деб тахмин қилинганларнинг тўсиб  қўйди. Тушга яқин икки шаҳарда аксилтеррор операцияси бекор қилинди.

«Крокус Сити Холл»га ҳужум

Москва яқинидаги Красногорскда «Крокус Сити Холл» биносига ҳужум 22 март куни кечқурун содир бўлди. Қуролланган одамлар бинога бостириб кириб, автоматлардан ўт очган, бир неча портлашлар эшитилган ва ёнғин бошланган. Сўнгги маълумотларга кўра, теракт оқибатида 144 киши ҳалок бўлган, яна 551 киши жароҳатланган.

Ҳужум учун жавобгарликни ИШИД террор ташкилоти ўз зиммасига олди. Шу билан бирга, Россия раҳбарияти терактга Украинанинг алоқадорлигини тахмин қилмоқда. Киев, шунингдек, ғарб давлатлари, жумладан АҚШ ва Германия бу айбловларни рад этади.

Мавзуга оид