Жаҳон | 12:03 / 03.04.2024
12814
5 дақиқада ўқилади

Оқ айиқ патрули, дўконларда сотиладиган кит гўшти – Гренландия табиати инсонни қандай даволайди?

Ноқулай иқлим ва жойлашув сабаб гренландияликларда стресс кўп. Бироқ аҳоли ноқулай табиатни ўзи учун кўнгилочар жойга айлантиришни уддалаган. Ҳатто бу ерга борган сайёҳлар руҳий соғлиғи яхшилангани, хотиржамликка эришганини айтади. Хўш, Гренландия табиатининг қандай сири бор?

Яшаш учун ноқулай жой бўлгани учун ҳам Гренландия аҳолисида стресс даражаси юқори экани айтилади. Шу билан бирга, мамлакатда ўз жонига қасд қилиш даражаси ҳам баланд. Бироқ гренландияликлар табиатга мослашиб, ундан руҳиятни даволовчи, соғайтирувчи восита сифатида фойдаланишни ўрганиб олган.

Фото: MB Photography/Getty Images

Гренландиянинг 80 фоиз ҳудудини музликлар эгаллаган. Киаттуа лагери Гренландия пойтахти Нуукдан қайиқда 2 соатлик узоқликда жойлашган. Мамлакатга борган сайёҳлар Киаттуага ташриф буюрмасдан қайтмайди. Аэропортдан тушиш билан ўпка тоза ҳаво билан тўлади. Охири кўринмайдиган музликлар эса сизга ўз муаммоларингиз ҳақида ўйлашга имкон бермайди. Киаттуада сизни муз устида қурилган чодир, иссиқ ванна ва очиқ ҳавода тайёрланаётган овқатлар кутиб туради.

Фото: Getty Images
Фото: Getty Images
Фото: Getty Images

Кейин табиатни кашф қилиш учун Жанубий Гренландияда Тасермиут лагерига йўл олсангиз бўлади. Тоғлар билан ўраб олинган бу ҳудудда балиқ овлаш, байдаркада ёки пиёда сайр қилиш мумкин. Бу ерда энг асосий эътибор табиатдан руҳ учун дори сифатида фойдаланишга қаратилган. 1 миллион йил олдин ёғган қор остидаги 3 километр қалинликдаги муз устида тун ўтказиш, тез-тез бўладиган бўронли денгиз тўлқинлари, қуруқликдаги йиртқич қутб айиғини кўриш ўзига хос табиат ҳодисаси ҳисобланади.

Гренладия табиатининг кенгликлари ташқи олам билан муносабатингизни ўзгартиради. Ҳар нарса табиатга боғлиқлигини ва ундан қочиб кетолмаслигингизни ҳис қиласиз. Масалан, тўсатдан парвозлар бекор қилинади, кучли шамол туфайли қайиқлар суза олмайди ва ҳатто ов мавсуми бўлгани учун яхши об-ҳаво шароитида ҳам гидлар ишламаслиги мумкин. Жамият эҳтиёжлари табиатга мослашишга мажбур.

Фото: Justin Lewis

Табиат ва яшашга ҳайрат уйғотадиган ғайриоддий ҳодисаларни бутун мамлакат бўйлаб учратиш мумкин. Сузиб ўтаётган айсбергларни кўриш, қадимий иссиқ булоқда дам олиш ёки оқ айиқларнинг Гренландия денгизида сузишини томоша қилиш мумкин.

Фото: Getty Images

Қақортўқда ҳунармандлар уйидаги кийик суяги ва оқ айиқ панжаларидан ясалган заргарлик буюмлари, маҳаллий супермаркетларда сотиладиган кит гўшти, ҳар куни эрталаб мактаб ўқувчиларининг хавфсизлигини таъминлаш учун кўчаларни текширадиган оқ айиқ патрули эса дунёнинг бошқа жойида учрамайди.

Копенҳагендаги Siddansk университети тадқиқотчиси доктор Нажа Карина Стинхолдт гренландияликлар ўртасидаги муносабатлар ва фаровонлиги бўйича тадқиқот қилган. Унда "Гренландия парадокси" деб аталадиган нарсага эътибор қаратади. Гренландия дунёнинг ҳар қандай мамлакатида аҳоли жон бошига ўз жонига қасд қилишнинг энг юқори кўрсаткичини мунтазам қайд этиб келади. Бироқ аҳолиси бор-йўғи 56 000 киши бўлган бу узоқ оролда Стинхолдт билан суҳбат қилган одамларнинг кўпи ўз ҳаётларидан жуда юқори даражада қониқишларини билдирган.

Фото: Getty Images

Стинхолдтнинг тадқиқотлари Гренландияда ҳаёт сифати учун барча муҳим омиллар орасида табиат биринчи ўринда туришини аниқлаган. У суҳбатлашган одамлар табиатни оиласидан устун қўйишини айтишган.

Кўпчилик табиатни оиладан юқори баҳолагани мени ҳайратда қолдирди. Бу шунчаки озиқ-овқат манбаи сифатида кўрилмайди. Табиат шунчалик муҳимки, у оила ва ишни ҳам четга суриб туриши мумкин. Бу яхши ҳаётнинг дастлабки шартидир”, – дейди тадқиқотчи.

Табиатга ҳурмат Гренландиянинг ҳар бир қисмида сезилади. Тарихан одамлар совуқ, ўсимлик жуда кам ўсадиган шароитда яшаб қолиш ва йиртқич ҳайвонлардан омон қолиш учун кўп курашлар қилган. Бугун эса табиат ов, балиқ овлаш қайиқда саёҳат қилиш ўйин-кулги билан кечадиган жойга айланган.

Мамлакатда табиат билан уйғунликда яшаш ёшларга ўргатилади. Масалан, Нуукдаги Гренландия Соғлиқни сақлаш тадқиқотлари маркази тадқиқотчиси Ингелисе Олесенниг ёш ва кекса авлодни табиат билан боғлаш учун лойиҳалар қилиб туради. Улар лагерга бориб, балиқ тутишади, олов ёқишади, иссиқ тошларда кечки овқат пиширади. Қариялар ўз анъаналари ҳақида ёшларга гапириб берса, ёшлар замонавий технологияларни кекса авлодга таништиради. “Бу авлодларда ҳам илгари етишмаётган табиатга тегишлилик туйғусини пайдо қилишда катта имкон беради”, – дейди тадқиқотчи Ингелисе.

Зуҳра Абдуҳалимова
Тайёрлаган Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид