Жаҳон | 10:32 / 05.04.2024
7708
2 дақиқада ўқилади

РФнинг Краматорскка зарбаси: нишон ҳақида маълумот берган шахсга умрбод қамоқ жазоси

2023 йил июн ойида Краматорскда яшовчи фуқаро «ДХР» вакилига Ria Pizza пиццерияси ҳақида маълумот берган, шундан сўнг муассасага ракета зарбаси берилган. Натижада 13 киши ҳалок бўлди. 

Фото: AP

Украина суди Краматорскда яшовчи Владимир Синелникни давлатга хиёнатда айбдор деб топиб, умрбод қамоқ жазосига ва мулкини мусодара этишга ҳукм қилди. Донецк вилояти прокурорлари судда шуни исботладики, унинг кўрсатмаси бўйича Россия қўшинлари Краматорскдаги Ria Pizza пиццериясига 2023 йил июн ойида 13 кишининг ҳаётига зомин бўлган «Искандер-М» ракета мажмуаси билан ҳужум қилган. Бу ҳақда Украина Бош прокуратураси офиси ва Донецк вилоят прокуратураси хабар берди

Фуқародан пиццерияда ҳарбийлар бор-йўқлигини текшириш сўралган 

Уларнинг маълумотига кўра, маҳаллий газ-транспорт корхонаси ходими Россия кучлари томонидан ёлланган ва 2023 йил 27 июнда ўзини «ДХР» деб эълон қилган ҳудуд ИИВда «қўмондонликнинг разведка бошқармаси бошлиғи» бўлган ундан Ria Pizza муассасасида украиналик ҳарбийлар борлиги ҳақидаги маълумотларни текширишни сўраган. Синелник ушбу таклифга рози бўлган, дейилади хабарда.

«Шаҳар марказида автотураргоҳда ҳарбий рақамли машиналар ва овқатланиш жойида ҳарбийларнинг ўзига кўзи тушган. Эркак иккита видеони ёзиб олган ва дарҳол Telegram мессенжери орқали суҳбатдошига юборган. Ҳеч ким унинг локацияга бўлган қизиқишини пайқамаслиги учун у ўзининг барча ҳаракатларини бегона кўзлардан яширган», дея маълум қилди идоралар. Видеоёзувлар юборилгандан сўнг, пиццерияга зарба берилган.

Ракета ҳужуми натижасида 13 киши, жумладан, тўрт нафар бола ҳалок бўлган, яна 64 киши жароҳатланган. Қурбонлар орасида украиналик ёзувчи Виктория Амелина ҳам бор эди, у бир неча кундан кейин Днипродаги касалхонада вафот этди. Кейинроқ Россия Мудофаа вазирлиги 2023 йил 27 июн куни Краматорскда «УҚКнинг 56-мотоўқчилар бригадаси қўмондонлик штабини вақтинча жойлаштириш пункти» йўқ қилинганини билдирди.

Мавзуга оид