Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Санэпидқўмита ўзбекистонликларни баҳор ойларида тарқаладиган ўта юқумли касалликлардан огоҳлантирди
Дунёнинг қатор давлатларида ўта хавфли юқумли касалликлар бўйича мураккаб эпидемик вазият сақланиб қоляпти. Санэпидқўмита ўзбекистонликларни ўта юқумли касалликлардан огоҳлантириб, ҳимояланиш йўлларини эслатди.
Ҳозир дунёнинг қатор давлатларида ўта хавфли юқумли касалликлар бўйича мураккаб эпидемик вазият сақланиб қоляпти, деб маълум қилди Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси.
Қўмитага кўра, ўлат, вабо, сариқ иситма, вирусли геморрагик иситмалар, парранда гриппи ва ўта хавфли юқумли касалликларнинг республика ҳудудига четдан кириб келиши ва аҳоли ўртасида тарқалмаслиги учун профилактик тадбирлар олиб бориляпти. Шунга қарамай, ўтган йилларда аҳоли ўртасида қутуриш, куйдирги, Қрим-Конго геморрагик иситмаси каби касалликлар рўйхатга олинган. Санэпидқўмита юқумли касалликлардан ҳимояланиш қоидаларини аҳолига эслатди.
Қутуриш касаллигининг олдини олишда ҳудудларда ободонлаштириш ташкилотлари қошидаги дайди ҳайвонларни овлаш гуруҳлари томонидан дайди ҳайвонлар, айниқса ит ва мушуклар пайдо бўлишига йўл қўймасликлари зарур. Эгаси маълум бўлган ит ва мушукларнинг эгалари томонидан уларни сақлаш қоидаларига амал қилишлари, уларни ўз вақтида ветеринария идораларида рўйхатдан ўтказиб, қутуриш касаллигига қарши эмлатишлари талаб этилади. Фуқаролардан ҳайвонларнинг тишлаши натижасида олган ҳар қандай жароҳатларни ўзбошимчалик билан даволашга ҳаракат қилмасдан, турар жойи бўйича тиббиёт муассасасига мурожаат қилган ҳолда ўрнатилган тартибга кўра керакли муолажаларни олиши зарур, айниқса бунда қутуришга қарши эмлашни олиш аҳамиятли.
Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллигини юқтириб олмаслик учун қорамоллар танасидаги каналарни қўллар билан териб олмаслик, қўл билан эзиб ўлдирмаслик, кана қони билан тери очиқ жойининг ифлосланишига сабаб бўлмаслик ўта муҳим қоида саналади. Агар қорамолларда кана аниқланса, дарҳол ветеринария ходимларига мурожаат қилиш, уларнинг тавсияси асосида қорамоллар, уларни парваришлаш жойида канага қарши ишлов бериш керак. Бу касалликка чалинган беморларни парваришлашда ўта эҳтиёткорлик талаб қилинади, зарурият бўлганда фақат махсус ҳимоя кийимлари кийган ҳолда мулоқот қилишга йўл қўйилиши мумкин.
Куйдирги касаллигидан ҳимояланишда уйда парваришланаётган, бирор бир касаллик аломатлари бўлган қорамоллар билан бевосита алоқада бўлмаслик зарур ва бундай ҳолларда зудлик билан ҳудуддаги ветеринария врачига хабар бериш керак. Энг муҳими уйда парваришланаётган қорамолларни ўз вақтида куйдирги касаллигига қарши эмлатиш зарур. Қорамолларни заруриятга кўра сўйишдан олдин, албатта, ветеринария мутахассиси кўригидан ўтказиш шарт. Бозорлардан гўшт ва гўшт маҳсулотлари харид қилишда, албатта, ветеринария кўригидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжудлигига эътиборли бўлиш лозим. Касалланган қорамоллар билан мулоқотдан ёки унинг мажбурий сўйилишда иштирок этганидан сўнг ёки гўшт ва гўшт маҳсулотларини қайта ишлашдан сўнг танангизда (кўпроқ терининг очиқ жойларида) номаълум, оғриқсиз яралар пайдо бўлса, зудлик билан тиббиёт муассасасига мурожаат қилишингиз ва керакли текширувлардан ўтишингиз талаб қилинади, зинҳор бундай яраларни ўзбошимчалик билан даволашга ҳаракат қилмаслик керак.
Бруселлёз касаллигини юқтирмаслик учун касалликда гумон қилинган чорва ҳайвонларини дарҳол бошқа чорва молларидан ажратиш ва ветеринария кўригидан ўтказиб, кейин гўштга топшириш зарур. Қолган чорва ҳайвонларини ветеринария кўрсатмасига кўра бруселлёзга қарши эмлаш лозим. Термик ишлов берилмаган сут ва сут маҳсулотларини истеъмол қилмаслик керак. Бруселлёз касаллигининг энг нохуш асоратларидан бири бу – бепуштлик эканини унутмаслигимиз лозим.
Вабо касаллигининг олдини олишда очиқ сув ҳавзасидан олинган ва қайнатилмаган сувни истеъмол қилмаслик энг муҳим омил ҳисобланади. Ўзингизда ўткир диарея ҳолатини (ошқозон–ичак функциясининг бузилиши) кузатсангиз, зудлик билан ўз ҳудудингиздаги тиббиёт муассасасига мурожаат қилиш шарт. Чет мамлакатларга сафар пайтида хар қандай истеъмол қилинаётган маҳсулотнинг тозалигига, ишончлигига ва сифати кафолатланганига эътиборли бўлиш зарур.
Мавзуга оид
12:38 / 12.02.2025
“Умра ва Ҳаж зиёратчиларидан менингитга эмланиш сертификати талаб қилиш бекор қилинмаган” – Санэпидқўмита
18:12 / 06.01.2025
“Метапневмовирус умуман янги эмас, ваҳимага ўрин йўқ” – мутахассис тармоқлардаги саросима ҳақида
09:35 / 06.01.2025
Санэпидқўмита метапневмовирус инфекцияси тўғрисида маълумот берди
17:30 / 26.11.2024