Иқтисодиёт | 09:38 / 07.04.2024
9614
6 дақиқада ўқилади

Нефт ва олтин кескин қимматлашмоқда, криптовалюталарда пасайиш – Халқаро молия бозори шарҳи

Ҳафта давомида қимматбаҳо металларнинг барчаси ўсиш суръатини тақдим этди. Хусусан, алюминий ва олтин мос равишда 110 доллар ва 96 долларга ўсган бўлса, кумуш ва мис 2,6 доллар ва 23 центга қимматлашди. Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинлик фонида нефт нархи ҳам кескин ўсишда давом этмоқда.

Фото: Reuters

Апрел ойининг дастлабки ҳафтасини АҚШ иқтисодий фаоллигини кўрсатиб берувчи ИСМ кўрсаткичи эълон қилингани бошлаб берди. Душанба куни тарқатилган маълумотларга кўра, март ойида ИСМ ((The Institute of Supply Management, яъни Таъминотни бошқариш институти) кўрсаткичи 50,3, прогноздан 1,8 пункт баландроқни ташкил этган. Бу шуни англатадики, АҚШда олиб борилаётган кескин монетар сиёсатга қарамай иқтисодий ўсиш секинлашмай, аксинча ҳали ҳам ўз кучини сақлаб қолган. Ҳафтанинг кейинги муҳим макроиқтисодий кўрсаткичи АҚШдаги ишсизлик даражаси бўлиб, март ойида ижобий натижа қайд этилган. Хусусан, ўтган ойда ишсизлар сони 0,1 фоизга қисқариб, умумий кўрсаткич 3,8 фоизни ташкил этган. Бу натижа Федерал захира тизими (ФЗТ) раиси Жером Повелга ўз сиёсатини тўлиқ кучида олиб бориши учун барча имкониятларни тақдим этиб, 2 фоизлик инфляция кўрсаткичига эришиш учун ёрдам беради. Бироқ геосиёсий омиллар (Яқин Шарқда Исроил ва Эрон ўртасида вазиятнинг кескинлашуви) нефт ва олтин нархини осмонга кўтариб юборди. Бу эса иқтисодиётга кучли босим ўтказиб, инфляция ҳолати таранглашишига олиб келиши кутилмоқда. Рақамларда олиб қарасак, нефт йил бошидан 18-22 фоиз, олтин 13 фоиз, S&P500 фонд индекси эса 9 ўсишга эришган. Бу эса иқтисодиётда ҳеч қандай шоксиз “юмшоқ қўниш” сценарийсини амалга ошириш қанчалик мурракаблигини яққол кўрсатиб беради.

Jahon Insights канали экспертлари 1 апрелдан 5 апрелгача бўлган даврда халқаро молия бозорида содир бўлган энг муҳим воқеаларни таҳлил қилиб чиқди.      

АҚШ топ фонд бозорлари индекси:

S&P500 – 5204 (ҳафта бошидан -0,95 фоиз, йил бошидан +9,11 фоиз);

NASDAQ – 18108 (ҳафта бошидан -0,8 фоиз, йил бошидан +7,62 фоиз);

DJI – 38904 (ҳафта бошидан -2,27 фоиз, йил бошидан +3,22 фоиз).

500 та энг йирик компаниялардан таркиб топган S&P500 индекси 50 пунктга, Dow Jones индекси 900 пунктга, NASDAQ индекси эса 146 пунктга пасайди.  

Асосий қимматбаҳо металлар:

  • Олтин – 2329 доллар (1 унцияси) ҳафта бошидан +4,3 фоиз, йил бошидан +12,94 фоиз;
  • Кумуш – 27,4 доллар (1 унцияси) ҳафта бошидан +10,48 фоиз, йил бошидан +15,57 фоиз;
  • Алюминий – 2443 доллар (1 тоннаси) ҳафта бошидан +4,71 фоиз, йил бошидан +2,6 фоиз:
  • Мис – 4,2 доллар (1 фунти) ҳафта бошидан +5,77 фоиз, йил бошидан +9,29 фоиз.

Қимматбаҳо металларнинг барчаси ўсиш суръатини тақдим этди. Масалан, алюминий ва олтин мос равишда 110 доллар ва 96 долларга ўсган бўлса, кумуш ва мис 2,6 доллар ва 23 центга қимматлашди.

Нефт

  • WTI – 86,67 доллар (ҳафта бошидан +4,35 фоиз, йил бошидан +21,57 фоиз);
  • BRENT – 90,87 доллар (ҳафта бошидан +4,54 фоиз, йил бошидан +17,95 фоиз).

Ҳафта давомида нефтнинг WTI маркаси 3,61 долларга, BRENT эса 3,95 долларга қимматлашди. Нефт нархининг ошишига Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинлик бевосита таъсир ўтказмоқда.

Валюталар

  • USD/EUR:  +0,43 фоиз (йил бошидан -1,83 фоиз);
  • CNY/USD:   +0,18 фоиз (йил бошидан +1,90 фоиз);
  • TRY/USD:  -1,08 фоиз (йил бошидан +8,40 фоиз);
  • UZS/USD:   +0,4 фоиз (йил бошидан +3,01 фоиз);
  • RUB/USD:  -0,04 фоиз (йил бошидан +3,58 фоиз).

АҚШ валюта индекси макроиқтисодий маълумотлар фонида тебраниб, ҳафтани қизил шамчироқда якунлади. Натижада евро 0,43 фоиз, рубл 0.04 фоиз, лира 1,08 фоиз ўсишга эришди. Аммо юан ва сўм ўз қийматини мос равишда 0,18 фоиз ва 0,4 фоизга йўқотди.

Криптовалюта

  • Bitcoin – 67921 доллар (ҳафта бошидан -4,83 фоиз, йил бошидан +60,15 фоиз);
  • Ethereum – 3319 доллар (ҳафта бошидан -8,87 фоиз, йил бошидан +45,42 фоиз). 

Асосий криптолар флетда тебранишни давом эттирмоқда. Ҳафта давомида Bitcoin 4,83 фоизга, Ethereum 8,87 фоизга пасайди.

Бозорлар ҳақида қисқача

ФЗТ томонидан жадал олиб борилаётган миқдорий қисқариш сиёсатига қарамай макроиқтисодий кўрсаткичларнинг аъло даражадаги натижалари Жером Повелга барча мақсадларига эришиш учун кенг имкониятларни тақдим қилади. Чунки сўнгги ойларда инфляция кўрсаткичи салбий ўзгаришлар тақдим қилаётган бир пайтда бу жуда ҳам зарур бўлиб, муваффақиятга эришиш учун муҳим ҳисобланади. Жером Повел жорий фоиз ставкаси пасайтирилиши мумкин деган бўлса-да, бозор иштирокчилари бу бўйича ўзларининг янги прогнозларини тақдим этган ҳолда барчани ҳайратда қолдиришда давом этишмоқда. Йил бошида иштирокчиларнинг аксарияти 2024 йилда ставка 6 марта, яъни 150 пункт пасайтирилади дейишган бўлса, ҳозир бу 2 баробар қисқариб, ставканинг биринчи пасайиши июнда бошланиб, йил якунига бориб яна 3 маротаба пасайтириши (жами 3та) прогноз қилинмоқда. Аммо айтиш лозимки, АҚШ иқтисодиётида пайдо бўлаётган янги рисклар ва юқори иқтисодий фаоллик фонида ставка пасайтирилиши тескари эффект бериб, инфляция ўчоғини қайта қўзғатиш хавфи бор.

Эслатма! Тақдим қилинган маълумотлар муаллифга тегишли бўлиб, 1 апрелдан 5 апрелгача бўлган вақт оралиғидаги молия бозорида юз берган ўзгаришлар асосида тайёрланган. Ушбу мақола инвестицион маслаҳат эмас.  

Мавзуга оид