Ўзбекистон | 21:06 / 09.04.2024
6086
5 дақиқада ўқилади

9 апрелнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Президентнинг Жиззахдаги таклифлари, Рамазон ҳайити кунлаои пойтахтда транспорт ҳаракатидаги ўзгаришлар, экофаолларнинг шарлар шоусига эътирози, Қашқадарёда пора билан қўлга тушган прокуратура терговчиси — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг.

Бугун президентнинг Жиззах вилоятига ташрифи давом этди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган йиғилишда Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Жиззахда томорқаларни ишга солиш бўйича 309 та маҳаллага лидер тадбиркор – экспортчилар бириктирилиши белгиланди.

Лидер тадбиркор – экспортчи учун ҳар бир маҳалла ихтисослашувидан келиб чиқиб томорқада 50 миллион сўм даромад қиладиган молиявий хизмат пакети ишлаб чиқилади. Бу борада банклар лидер тадбиркорларга айланма учун 3 йил муддатга 1,5 миллиард сўмгача кредитлар ажратади.

Автомобилсозлик соҳасига 1 млрд доллар инвестиция жалб қилиш режалаштириляпти. Президент кооперация асосида 365 турдаги бутловчи қисмлар чиқаришни йўлга қўйиб, маҳаллийлаштириш даражасини 50 фоизга етказиш муҳимлигини қайд этди.

Жиззахда М-39 йўлининг четида бўш турган ерлар тадбиркорларга таклиф этилади. Шу орқали 20 минг аҳолини доимий банд қилиш режалаштирилмоқда.

Сентябрдан бошлаб Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик ва Мирзачўл туманларини Жиззах шаҳри билан боғловчи «Иржар – Дўстлик – Жиззах» йўналишида тепловоз қатнови йўлга қўйилади

Ҳайит кунида жамоат транспорти бутун республикада бепул бўлмайди

10 апрел Рамазон ҳайити кунида республикадаги барча жамоат транспорти соат 04:00 дан 10:00 гача бепул қилиниши хабар берилган эди. Аммо Транспорт вазирлиги куннинг бу вақтларида фақат Тошкент шаҳридаги автобус ҳамда метролар йўловчиларга текин хизмат кўрсатишини маълум қилди.

Вазирликнинг Kun.uz’га маълум қилишича, Тошкентдан бошқа барча ҳудудларда йўловчи ташиш хизмати билан тадбиркорлар шуғулланади. Шунинг учун пойтахтдан ташқари қолган вилоятларда Рамазон ҳайити куни йўлкира бепул қилиниши тавсиявий характерга эга.

Шунингдек, 9 апрел куни соат 17:00 дан 10 апрел соат 17:00 гача Тошкент шаҳрига юк автомашиналарининг кириши ва шаҳарда юк автомашиналарининг ҳаракатланиши тўлиқ чекланиши хабар қилинди.  

КУН РАҚАМИ

Ўзбекистонда 120 мингдан ортиқ кишининг ҳужжатлари мавжуд эмаслиги аниқланди. Адлия вазирининг 2024 йил 18 январдаги тегишли буйруғи билан жорий йил 20 январдан 1 апрелга қадар «Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди» ҳуқуқий акцияси ўтказилди. 

Фаоллар Тошкентда ўтадиган шарлар шоусини бекор қилишни сўрашмоқда

Ҳайит байрами муносабати билан 10 апрел куни Ашхобод сайилгоҳида 20 мингта пуфак (шарлар) ёғдирилиши кутилмоқда. Экофаолларнинг фикрича, бу тадбир сабаб табиат ва ҳайвонот дунёсига жиддий зарар етиши мумкин. Жамоатчилик Экология вазирлиги ҳамда Экопартиядан пластик чиқиндилардан байрам тадбири ўтказишни чеклашни сўрамоқда. Партия ҳолат бўйича боғ маъмуриятига хат юборди.

Депутатлар ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига оид қонунни қабул қилди

Сенат тасдиғига юбориладиган мазкур қонун қарийб 4 млн фуқароларга бевосита дахлдор экани айтилган.

Қонунчилик палатасининг аввалги мажлисида мазкур қонун 3,8 миллиондан ортиқ фуқаронинг 493 минг гектарга тенг ер участкалари тақдирини белгилаб беришини айтилган эди.

КУН ФАКТИ

Ўзбекистонда 2024 йилнинг 1 феврал ҳолатига 305 минг 976 та масъулияти чекланган жамиятлар фаолият кўрсатмоқда — Статистика агентлиги. Корхоналар энг кўп жойлашган ҳудудлар:

Тошкент шаҳри – 78 366 та; Тошкент вилояти – 30 989 та; Самарқанд вилояти – 23 456 та; Фарғона вилояти – 22 781 та; Бухоро вилояти – 21 143 та; Андижон вилояти – 20 570 та; 

Хориждан қайтган меҳнат мигрантларини ишга қабул қилганларга бир йил давомида субсидия тўланади

Янги тартиб 1 июндан кучга киради. Унга кўра, иш билан таъминланган ҳар бир ходим учун ойига 500 минг сўмдан субсидия берилади. Маблағлар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан қопланади

Қашқадарёда прокуратура терговчиси 5 минг доллар пора билан ушланди

Терговчи ўз иш юритувида бўлган жиноят иши бўйича айбланаётган шахсга енгиллик қилиб бериш эвазига пул талаб қилиб олган

Telegram орқали сохта ҳавола жўнатиб, ўзганинг пулини ўзлаштирган шахс ушланди

Сурхондарё вилояти Денов туманида яшовчи 36 ёшли В.Ф. ИИОга мурожаат этиб, банк картасидан 680 000 сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганини маълум қилган

Тошкентда йўловчининг қўлини қисиб қолган ҳолда ҳаракатланган автобус ҳайдовчиси ишдан кетди

«Тошшаҳартрансхизмат»га кўра, ҳолат 4 апрел санасида ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги сабаб юзага келган. Йўловчи тушиб улгурмасидан автобус эшиклари ёпилган ва фуқаронинг қўли қисиб қолинган ҳолда транспорт ҳаракатланган.

Мавзуга оид