СССРда яширилган фожиалар — Новочеркасскда ишчилар нега отилган эди?
Бундан қарийб 62 йил аввал СССРда фожиали воқеалардан бири бўлиб ўтади. Новочеркасск шаҳрида маош кам ва меҳнат шароити ёмон ҳолатда нархлар оширилгани учун намойишга чиққан одамлар ўққа тутилади. Ушбу иш Сталин давридан кейин СССРда содир бўлган энг қонли ҳодиса сифатида эсланади. Советлар бу фожиани яширишади ва омма ҳодиса тафсилотларидан СССР парчаланиб кетгандан сўнг хабар топади.
СССРни Сталин бошқарган 31 йилда жуда кўп қатағонлар ўтказилган. 1920-йиллар ўрталарида аввал шаҳар жойларида ўз тирикчилигини ўтказиб юрган турли ҳунармандлар, баққоллар, дўкондорлар мулкига чанг солинади.
Сўнг навбат қишлоқ жойларига келади. 1928-1932 йилларда коллективлаштириш баҳонасида бойлар ва ўртаҳоллар аёвсиз таланади. Уларнинг аксарияти сургун қилиниб, бошқа қисми ўлдирилади.
1935-йиллардан бошлаб навбат одамларни “Халқ душмани” деб атаб жазолашга етиб келади. 1937-1939 йилларда миллионлаб одамлар қамалади ва ўлдирилади. Бу давр тарихчилар томонидан “Катта террор” номи билан аталади.
1941-1945 йилларда мамлакат уруш билан андармон бўлади. Уруш тугагач яна қатағонлар авж олади. Мамлакат бўйлаб адибларни, кейин “Врачлар иши” бўйича кўзга кўринган шифокорларни қамашади.
Умумий ҳисобда Сталин СССРни бошқарган йилларда 20 миллиондан ошиқ қатағон қилинади. Жазоланганларнинг асосий қисми вафот этади.
1953 йил 5 март куни Сталин вафот этгач ўша йил кузгача миллионлаб одамлар қамоқдан озод қилинади. Шу билан бирга Сталин қатағонларининг асосий ижрочилари бўлган НКВД бошлиғи Лаврентий Берия ва унинг ёрдамчилари ҳибсга олиниб, отиб ташланади.
Шундан сўнг халқ бирмунча эркин нафас ола бошлайди. Бироқ Сталин вафот этган бўлса ҳам аввалбошдан зўравонлик ва зулм устига қурилган совет давлати яшаётган эди.
Маошлар камлиги, оғир меҳнат шароити туфайли мамлакатнинг бир нечта жойларида ишчилар ёки аҳоли норозиликлари содир бўлади. Бироқ уларнинг барчаси аёвсиз бостирилади.
1962 йилда Ростов вилоятида жойлашган Новочеркасск шаҳридаги ишчилар норозилиги ҳам аёвсиз тарзда бостирилган ва ҳодиса СССР тарқаб кетгунча оммадан яширилган эди.
Новочеркасскдаги фожиадан олдин нима бўлганди?
Сталин вафотидан сўнг мамлакатни Никита Хрушчёв бошқара бошлайди. Бугун кекса ёшдаги инсонлар унинг “жўхори жинниси” бўлганини яхши эслашади.
1959 йилда у АҚШга давлат ташрифи билан боради ва океан ортида икки ҳафта юради. Сафар давомида унга маккажўхоридан юқори ҳосил олаётган америкалик фермернинг ерларини ҳам кўрсатишади.
Ўша пайтда СССРда озиқ-овқат тақчиллиги бор эди. Хрушчёв ана шу муаммони ҳал этиш учун бутун мамлакат бўйлаб маккажўхори экишга буйруқ беради.
Оқибатда магазин пештахталаридан буғдой уни йўқолади ва унинг ўрнини жўхори уни эгаллайди. Бироқ бу иш СССРдаги озиқ-овқат тақчиллиги муаммосини ҳал қилмайди.
1960-йиллар бошида СССР илк бор хориждан буғдой харид қилади. Барибир муаммо ҳал бўлмайди. Шундан сўнг ишлаб чиқаришни ва бошоқли ўсимликлар экишни рағбатлантириш мақсадида Хрушчёв нархларни оширишга буйруқ беради.
1962 йил 1 июн куни СССР министрлар совети “Гўшт ва сут маҳсулотларининг нархларини ошириш бўйича” қарор қабул қилади. Қарор матни мамлакатдаги барча газеталарда чоп этилади. Радиода ўқиб эшиттирилади.
Бу қарор шундоқ ҳам оғир аҳволда яшаётган одамларда норозилик кайфиятини уйғотади. Москва, Ленинград, Киев, Донецк, Днепропетровск ва бошқа йирик шаҳарларда “халққа қарши бўлаётган совет ҳукуматини” ағдаришга чорловчи варақалар тарқатила бошланади.
Новочеркассдаги норозилик
Гўшт ва сут маҳсулотлари нархининг оширилишини бошқалар каби Новочеркасскдаги электровоз ишлаб чиқарилувчи завод ишчилари ҳам нохушлик билан қаршилашади.
Бу завод ишчилари шаҳардаги бошқа корхоналар ишчиларига қараганда жуда оғир меҳнат билан банд, бироқ маошлар унча яхши эмасди. Бундан ташқари, заводда ишчиларнинг овқатланиши, дам олиши билан боғлиқ вазият ҳам ачинарли эди.
Шу сабабли ҳам заводга янги ишчилар келмай қўйган, раҳбарият ишчилар тақчиллигини ёпиш учун қамоқхонадан маҳкумларни олиб келиб ишлата бошлайди.
Маҳкумлар ишчилардан фарқли равишда меҳнат шароитини яхшилашни, овқат рационини сифатли ва калорияли қилишни талаб қилишмас, борига шукр қилиб ишлайверишади.
Ҳали министрлар советининг гўшт ва сут маҳсулотлари нархини ошириш ҳақидаги қарори эълон қилинмасдан аввал 1962 йил баҳорда бир неча марта иш ташлаш уюштиришган, раҳбарият шароитларни яхшилашга ваъда берган, бироқ бажармай келаётганди.
1962 йил 1 июн куни қарор ОАВда эълон қилинар экан, эрталабдан заводга келган ишчилар ускуналарни ишга тушириш ўрнига завод ҳовлисида йиғила бошлашади.
Соат 10:00 да яна бир цехнинг 200 дан ошиқ ишчилари ишни тўхтатишади. Соат 11:00га бориб завод ҳовлисида 1 000 дан ошиқ ишчи тўпланади. Улар завод раҳбарияти олдига “Биз қандай кун кечирайлик?” деган саволни қўйишади.
Раҳбарият эса яна ваъда беришни бошлайди. Бироқ бу сафар ишчилар ёлғон ваъдаларга ишонмасликларини билдиришади. Шу жойда завод директори ейишга нарсаларинг бўлмаса, биргаликда пирожки еймиз” дейди. Ишчилар унинг бу гапини ҳақорат ўлароқ қабул қилишади.
Тушга бориб электровоз ишлаб чиқарилувчи завод ишчилари иш ташлаганини эшитган Новочеркасскдаги бошқа яна бир нечта корхона ишчилари ҳам иш ташлайди. Шу тариқа жараён бутун шаҳарга ёйилади.
Завод директорининг ҳақоратомуз гапидан сўнг электровоз ишлаб чиқарилувчи завод ишчиларидан 500 нафари турли плакатлар кўтариб шаҳар кўчаларига чиқади.
Ўша куни эрталаб ишчилар иш ташлашни бошлаганда бу ҳақда Новочеркасск шаҳар ва Ростов вилояти партия қўмитаси котибларига хабар берилганди. Ишчилар кўчага плакатлар кўтариб чиққан пайтда улар шаҳарга етиб келишади.
Улар ишчилар қаршисига чиқиб музокаралар ўтказишга уринишади. Жараён 13 соат давом этади. Бу пайтда вилоят обкоми келганини эшитган бошқа ишчилар ҳам намойишчиларга қўшилади. Натижада уларнинг сони 5 минг кишига етади.
Вилоят ҳокими вазиятни ўз назоратига олиши ва шароитлар яхшиланиши ҳақидаги ваъдаларига ишонмаган ишчилар Москва ва минтақани ўзаро боғлайдиган темирйўлни тўсиб қўйишади. Оқибатда Саратов-Ростов йўловчи поезди йўлда қолиб кетади.
Шу пайтда намойишчилар орасида бўлган айримлар тош отиб бир нечта вагоннинг ойналарини синдиришади.
Вилоят обкоми ишчиларни тўхтатиб қололмагач ҳодиса ҳақида дарҳол Москвага хабар беради. Хрушчёв намойишдан хабар топади ва йиғилиш чақиради.
Йиғилишда у КГБ раҳбари В.Семичастним, ИИВ раҳбари В.Тикунов ва Мудофаа вазири Р.Малиновскийга қисқа муддатда совет ҳукуматига қарши кўтарилган намойишни бостиришга буйруқ беради.
Шундан сўнг Шимолий Кавказдаги армия қўмондонларига, КГБ ва ИИБ раҳбарларига тегишли топшириқлар берилади. Ростов шаҳридан Новочеркасск томон ҳарбийлар, КГБ ходимлари ва милиционерлар ҳаракатлана бошлайди.
Ўшанда Новочеркасскга Ички қўшинлар таркибидаги махсус ротанинг 150 нафар ҳарбийси юборилади. Улар 1 июн куни соат 16:00 да электровоз ишлаб чиқарилувчи завод яқинида турган намойишчилар олдига етиб келишади.
Ҳарбийлар намойишчиларга дарҳол тарқалиш буйруғини беришади. Ишчилар парво ҳам қилишмайди. Шундан сўнг намойишчилар олдига Ростов шаҳар ва вилояти, Новочеркасск шаҳри партия қўмитаси раҳбарлари чиқиб ишчилардан намойишларни тўхтатишни ва тарқалишни сўрашади.
Улар ишчиларга агар тарқалишмаса оқибати ёмон бўлишини таъкидлашади. Бу гапларни эшитган ишчиларнинг айримлари жазавага тушади ва раҳбарлар томон турли буюмлар улоқтирилади. Улар қочиб кетишади.
1 июн куни соат 19:00 ларда 200 кишидан иборат милиция отряди ишчиларни куч билан тарқатишга уринади. Бироқ кучи етмайди.
Соат 20:00 ларда милиционерларга ҳарбийлар ёрдамга келишади. Бироқ ҳарбийлар намойишчиларни куч билан тарқатишга уринмайди. Уларга қўмондонлик қилган генерал Матвей Шапошников ишчиларга куч ишлатишга рухсат бермайди. Намойишчилар тунда ўз жойларида қолишади.
2 июн куни эрталаб Новочеркасскга, сўнг завод ҳудудига ҳарбийлар танклар колоннаси билан кириб келади. Ана шу пайтда кимдир танклар бир неча одамни босиб янчиб кетгани ҳақида айтиб қолади.
Шундан сўнг намойишчилар танкларга қарата турли нарсаларни ирғита бошлашади. Бошқалари танкларнинг занжири остига темир бўлаклари ташлаб уларни ишдан чиқаришади. Оқибатда бир неча аскар жароҳатланади.
2 июн куни ишчилар Москва-Боку поездини ҳам тўхтатиб қўйишади ва Лениннинг портларини кўтариб шаҳар маркази томон ҳаракатлана бошлашади.
Новочеркасск аҳолиси ишчиларнинг оғир шароитидан хабардор эди. Шунингдек, улар ҳам министрлар советининг гўшт ва сут маҳсулотлари нархини ошириш ҳақидаги қароридан норози эди.
Ана шундай вазиятда масъуллар ишчиларнинг муаммосини ҳал қилиш ўрнига шаҳарга ҳарбийлар танкларда кириб келгани шаҳар аҳолисини ҳам ғазаблантириб юборади. Улар ҳам намойишга чиқиб, ишчилар сафига қўшила бошлашади.
Намойиш кўлами кенгайганини кўрган масъуллар дарҳол Москвага Хрушчёвга қўнғироқ қилишади. Хрушчёв бир кун олдин берган буйруғини такрорлайди: Совет ҳукуматига қарши бош кўтарганлар ҳаракати куч билан бостирилсин.
Хрушчёвнинг буйруғи ҳарбийларга етказилади. Бироқ генерал Шапошников буйруқни бажаришга шошилмайди. Ҳарбийлар ишчиларга куч ишлатмайди. Бунинг ўрнига фақат Новочеркасскдаги барча маъмурий биноларни қўриқлаш кучайтирилади.
2 июн куни соат 10:00 ларда намойишчиларнинг асосий гуруҳи шаҳар маъмурияти биноси томон ҳаракатлана бошлашади. Уларнинг қаршисига ҳарбийлар чиқишади. Шу пайтда Москвадан бир қатор юқори мартабали амалдорлар, КГБ бош бошқармасидан икки генерал Новочеркасскга етиб келади.
Тушдан сўнг намойишчилар бир неча гуруҳга бўлинади. Уларнинг бир қисми шаҳар маъмуриятига, бошқа қисми банк биносига қараб боради. Яна бир гуруҳ бошқа маъмурий бинолар томон ҳаракатланишади.
Уларнинг йўлини тўсган ҳарбийлар аввалига ҳавога огоҳлантириш ўқларини узишади. Шунда кимдир “Қўрқманглар, улар бўш патронлардан ўқ узишяпти”, деб бақиради. Бироқ ўқлар ҳақиқий эди.
Шундан сўнг шаҳарда бўлиб турган ҳарбийлар, милиция ва КГБ ходимлари намойишчиларнинг олд сафларидагиларни ҳибсга олишни бошлаб юборишади. Уларга ёрдам бермоқчи бўлган орқа қатордагиларга эса ўқ узилади.
Ҳарбийларнинг ўқларидан одамлар ҳалок бўлганини кўрган намойишчиларнинг асосий қисми қочиб кетади. Бироқ 3 июн куни эрталаб оз сонли одамлар, гувоҳларнинг айтишича уларнинг сони 500 нафар атрофида бўлган яна намойишга чиқади.
Намойишчилар бу гал ҳибсга олинганларни қўйиб юбориш ва ҳарбийларни дарҳол шаҳардан олиб чиқиш талабини илгари суришади. Бироқ намойишчиларнинг асосий қисмини тарқатиб юборган ҳарбийлар қолганларга нисбатан куч ишлатишади.
300 га яқин одам ҳибсга олинади. Бир неча киши ҳарбийлар отган ўқдан ҳалок бўлади. 3 июн кечга бориб Новочеркасскдаги намойишлар бутунлай бостирилади. 4 июн куни шаҳар бўйлаб ҳибсга олишлар давом этади.
Расмий маълумотларга кўра ўшанда Новочеркасскда намойишчилардан 24 киши ҳалок бўлган. 70 нафари жароҳатланган. Бироқ ҳодиса гувоҳлари ўлдирилганлар ва ярадор қилинган одамлар сони бир неча баробар кўп бўлганини айтишган.
Ўшанда ҳалок бўлганларнинг жасадлари яқинларига берилмайди. Улар тунда шаҳардан яширинча олиб чиқилиб, Ростов вилоятидаги ўрмонлардан бирига яширинча кўмиб юборилади. Омма ўша қабристон қаердалиги ҳақида СССР парчаланиб кетгач хабар топади.
Ўшанда намойишлар вақтида 15 ёшли ўғлидан айрилган она ҳодисаларни шундай эслаганди:
“Менга ўғлим намойишчиларни ўққа тутишган пайтда ҳалок бўлганини айтишди. Шундан сўнг шаҳар кенгашига бордим. У ерда Сорокин котиб эди. Унга ўғлимнинг тана тузилишини таърифладим, “бўйи баланд, ўзи озғин бола эди”. Сорокин менга “Ўзи нима хоҳлайсан?” деди. Унга ўғлимнинг жасадини беришларини айтдим. Шунда унинг жазаваси қўзиди ва “Бу ерда ҳеч ким ўқ отмади, ҳеч ким ўлмади”. Сорокин шу гапларни гапираётганда ёрдамчиларидан бири келиб кафти билан оғзимни ёпди ва мени гапиришга қўймай ташқарига олиб чиқди. Сўнг шу ҳолда ҳарбийларнинг олдига олиб келди. У ердан ҳеч қандай маълумот ололмадим. Фақат эртага келинг дейишди холос. Эртаси куни яна бордим. Сиротин мени дўппослади. Сўнг мени ўша ердан тўғри руҳий касалликлар шифохонасига олиб бориб жойлаштиришди”.
Шимолий Кавказ ҳарбий округи маълумотларига кўра ўшанда на ҳарбийлардан, на милиция ва КГБ ходимларидан ҳеч ким ҳалок бўлмаган. Фақат 15 нафар ҳарбий ўрта оғирликда, 40 нафари енгил жароҳатланган. Бироқ бу ҳалок бўлган ва яраланган намойишчилар, шунингдек жароҳатланган ҳарбийлар Москвадаги раҳбарлардан яширилган.
Суд
Ҳалок бўлганлар яширинча кўмиб юборилгач КГБ ва милиция қўлга олинганларни тергов қилишни бошлаб юборади. Ана шундай вазиятда Москвадан терговни узоқ вақтга чўзмасдан, ишни тезроқ тугатиш ҳақида буйруқ олинади.
Ҳибсга олинган намойишчилар РСФСР Жиноят кодексининг 77 ва 79-моддаларида кўзда тутилган бандитизм ва оммавий тартибсизликлар уюштириш ҳамда совет ҳукуматини ағдаришга уринишда айбланади.
1962 йил 13 августдан 20 августгача Новочеркасскда очиқ суд мажлиси бўлиб ўтади. Судда 7 киши олий жазо – отувга ҳукм қилинади. 103 нафар одам эса 2 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси олади.
Шунингдек, намойишларнинг биринчи куни одамларни тарқатмаганликда айбланиб генерал Шапошников ҳам суд қилинади. Уни қамашмайди. Бироқ компартия сафидан ҳайдашади ва ишдан бўшатишади.
Шапошниковга қўйилган айблар 1988 йилда бекор қилинади ва у партияга тикланади. Бу пайтда генерал нафақага чиққани учун ишга қайта олмасди.
Ҳодисанинг яширилиши
Намойиш бостирилгач советлар бу ҳодиса тарқалиб кетмаслиги чораларини кўришади. Энг аввал намойишни бостиришда қатнашган ҳарбийлар ва милиция ходимларидан ҳодиса ҳақида ҳеч қаерда оғиз очмаслик бўйича тилхат олишади.
Тилхатда шундай ёзилганди:
“Мен, Черкасск шаҳар милицияси ходими (шу жойда исм-шариф ёзилган) ҳукумат топшириғини бажариш ва бу ҳақдаги буйруқни давлат сири сифатида сақлаш мажбуриятини олганим ҳақида тилхат беряпман. Агар ушбу ваъдамни бузсам, олий жазога ҳукм қилишларига – отиб ташлашларига розиман. 1962 йил 4 июн соат 16:30”.
Шу тариқа Новочеркасскда содир бўлган ҳодиса барчадан яширилади. Бироқ бу ишдан мамлакатдаги советларга қарши кишилар аллақачон хабар топган, ҳодиса тафсилотлари улар орқали хориж ОАВга етиб борганди.
1962 йил октябр ойида АҚШда чоп этиладиган Time журналида Новочеркасскда содир бўлган фожиа тафсилотлари чоп этилади. Бунгача Франция ва Британиядаги бир нечта нашрларда ҳодиса тафсилотлари қисқароқ ёритилган эди.
Советлар Новочеркасскдаги ҳодисаларни ҳужжатлаштириб архивларга жойлашади. Бироқ СССР тарқаб кетгунча архив КГБ назоратида бўлган ва улардан фойдаланишнинг иложи бўлмайди.
1990 йилда эса Новочеркасскдаги фожиаларга тегишли 8 томли архив тўсатдан изсиз йўқолади. Бироқ бунгача ҳарбий прокурор Александр Третецкий ундан нусха олишга улгурган эди.
1992 йилда ҳужжатлар ошкор қилинади ва халқ 30 йил аввал Новочеркасскда нималар юз берганидан хабар топади.
1992 йилда Россия Бош прокуратураси Новочеркасскда одамларнинг ўққа тутилиши бўйича жиноят иши қўзғатади. Бу жиноят ишида Никита Хрушчёв, унинг ёрдамчиси Анастас Микоян ва СССР министрлар совети раиси ўринбосари Фрол Козлов ва яна 8 киши айбланади. Уларнинг барчаси вафот этиб кетгани учун жиноят иши тўхтатилади.
Орадан бир неча йил ўтгач 1996 йилда Россия президенти Борис Елцин 1962 йилда Новочеркасскдаги фожиа бўйича махсус фармон имзолайди. Унга кўра Новочеркасскдаги намойишлар бўйича одамлар ноҳақ айбланган ва жазоланган. Фармонда барча жазолар бекор қилинади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
19:39 / 21.11.2024
СССР тарихидаги энг йирик ўғрилик: қатл этилган амакиваччалар
14:58 / 03.11.2024
Ғарб ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари: Британияга қочган совет майори
14:21 / 20.10.2024
АҚШга қочган дипломат: океан ортидан сиёсий бошпана сўраган совет амалдори
16:15 / 17.10.2024