Жамият | 17:56 / 17.04.2024
29055
10 дақиқада ўқилади

“Қиз туғганим учун эрим ташлаб кетди” – тақдир синовларида синалаётган аёл ҳақида ҳаётий ҳикоя

“Қизимни тўйини амал-тақал қилиб ўтказдим. Мебелни қарзга олгандим, қарийб бир йил деганда қутулдим. Бошқалардан олган қарзларни икки йил деганда амаллаб уздим. Энг ёмони қиз узатиб ҳам турли маъракалардан қутулмадим. Аввалига “Куёв чарлар”, бир йил ўтиб қизим фарзандли бўлгач “Бешик тўйи” каби маъракалар ҳам мени қаддимни анча букиб қўйди”.

“Ҳаётий ҳикоялар” рукнида берилаётган навбатдаги ҳикоянинг қаҳрамони ҳаёт синовларига дуч келган оддий аёл. У уч нафар қиз фарзанд кўргач эри ташлаб кетган.

Қизлари билан ёлғиз қолган аёл тақдир синовларида енгилмайди, бироқ кун кечириш осон ҳам бўлмайди. Бугун у икки қизини узатган, фақат кенжаси билан яшаяпти. Бироқ турли аҳмоқона урф-одатлар деб, қиз узатиб ҳам ташвишлардан қутула олмаяпти.

“Балоғат ёшига яқинлашаётган ҳар бир қиз келажакда ўзига муносиб йигит билан оила қуришни ва у билан бахтли ҳаёт кечиришни хоҳлайди.

Менда ҳам шундай бўлган. Мактабни битирганимдан сўнг совчилар кела бошлади. Ота-онам ўзлари маъқул деб билган йигитга розилик билдиришди.

Бўлажак куёвни танирдим, назаримда тарбияли, яхши йигит эди. Шу сабабли рози бўлдим. Рози бўлмаслик чораси ҳам йўқ эди. Кўп ўтмай тўйимиз бўлди. Ҳаммаси яхши эди. Бахтдан сармаст эдим. Бироқ кўп ўтмай барчаси ўзгариб кетди.

Бу орада ҳомиладор бўлдим ва қиз фарзанд кўрдик. Ўшанда эрим фарзанд кўрганига, қайнота-қайнонам набирали бўлишганига жуда хурсанд бўлишди.

Тўнғич фарзандим уч ёшга яқинлашганда яна ҳомиладор бўлдим. Яна қиз туғилди. Шундан сўнг эримнинг муносабати ўзгарди. У аввалгидай меҳр кўрсатмас, мендан кўнгли совиб борарди.

Кўп ўтмай эрим қўшни давлатга бориб савдо билан шуғуллана бошлади. Уйга 3-4 ойда бир келар ва биз билан бир ҳафтача туриб кетарди.

Уйга келган пайтлари ўртоқларидан ортмас, эрталаб чиқиб кетса ярим кечада қайтарди. Мен иккита қиз туғган аёл унга юрак ютиб эътиборли бўлишини айта олмасдим. Аниқроғи оғзимни ҳам очолмасдим.

Яъни иккита қиз туғганим учун эрим, қайнонам ва қайнотам зимдан мени айблар, бора-бора ўзимни ростдан айбдор деб ҳисоблайдиган бўлиб қолдим.

Тўнғичим олтига, иккинчи қизим уч ёшга кирганда яна ҳомиладор бўлдим. Бу сафар ҳам қиз туғилди. Ўшанда эрим келган пайт эди, бироқ туғуруқхонадан олиб чиқиш учун бормади. Қайнонам ва қайнотам бирга яшардик, мени улар олиб келишди.

Ўшанда на эрим, на қайнонам ва қайнотам менга ҳеч нарса дейишмади. Лекин уларнинг сукунати ва совуқ муомаласи мени еб битираётган эди.

Кунларнинг бирида эрим сафарга отлана бошлади. Хатти-ҳаракатларидан, қарашларидан менга нимадир демоқчи бўлаётганини сезиб турардим. “Э Худо, жавобимни бериб, уйдан ҳайдаб юбормасин” деб турардим. Агар шундай қилса ота уйимга сиғмасдим ва учта болам билан кўчада қолишим аниқ эди.

Охири, эрим уйдан чиқаётганда “ёрилди”:

“Мен энди қайтиб келмайман. Жавобингни бердим. Ихтиёр ўзингда. Бу ҳовлидан кет демайман, яшайвер. Лекин мендан ҳеч нарса умид қилиб юрма. Мен қўшни давлатда уйланганман. Болам ҳам бор. Очиғи бундан бу ёғига рўзғорингга ёрдам бераманми йўқми билмайман. Ҳеч нарса ваъда қилмайман. Тенгинг чиқса турмушга чиқавер”.

Бу гапларни негадир жуда хотиржамлик билан эшитдим. Балки анчадан буён эримнинг тахминан шундай дейишини кутиб келаётганим ва бунга ўзимни руҳан тайёрлаганим сабаб бўлган бўлса керак.

Эрим қўшни давлатда юрар экан, рўзғорга анча-мунчада пул юбормасди. Тирикчилигимиз қайнонам ва қайнотамнинг пенсия пуллари ҳисобидан эди. Ота-онамдан ёрдам сўрай десам, улар ҳам сингилларимни узатиш, укаларимни уйлантириш ташвишлари туфайли ўзларидан ортишмасди.

Рўзғорни қайнотам қилиб келарди. Билишимча эрим қайнотам ва қайнонамга ҳам пул жўнатмасди. Қайнотам рўзғорликни пенсияси ҳисобидан қиларди.

Ана шундай вазиятда мен қизларимнинг кийими ва бошқа харажатларга қайнотамдан ва қайнонамдан пул сўрай олмасдим. Ўзлари эса беришмасди. Чунки уларда ҳам ошиқча пул бўлмасди.

Шу ўринда “Нега улар ўғилларининг қўшни давлатда йўқ бўлиб кетишига, яхши даромад қилса ҳам ота-онасига, болаларига ёрдам бермагани учун индашмасди?” деган савол туғилиши аниқ.

Бунинг сабаби оддий эди – яъни қайнонам ва қайнотам бир нечта қиздан сўнг “тилаб олган” ўғилни жуда эрка қилиб ўстирган. Шу сабабли унга индай олишмасди.

Қизларим улғаявергач харажатлар ортиб борди. Шунда бекор ўтирмай деб тўнфурушларнинг тўнларини тикиб бера бошладим. Улар беш-ўнта тўнни астарлари ва ичига солинадиган пахта ёки ватинлари билан олиб келиб беришади.

Қисмларини алоҳида қилиб тикиб бераман, ўзлари олиб кетиб бутун ҳолга келтиришади. Тикилган ҳар бир тўнга ҳисоблаб пул беришади. Шу ҳам қизларимнинг кам-кўстига ярарди.

Шу тариқа бир неча йил ўтиб кетди. Қизларим бирин-кетин мактабга чиқди. Ўтган йиллар мобайнида эрим аввалига олти ой, бир йилда бир ота-онасини кўргани келарди. Шунда қизларига ҳам нимадир олиб келар, бироқ уларга меҳр бермасди. Кейинчалик икки-уч йилда бир келадиган бўлди.

Катта қизим мактабни битириши арафасида қайнонам ва қайнотам олдинма-кейин вафот этишди. Ўшанда эрим уларнинг маъракалари ўтгунча бел боғлаб турди. “Йигирма ўтгач қайтиб кетди. Ота-онасининг вафотидан сўнг эрим Ўзбекистонга умуман келмади.

Катта қизимга совчилар келганда ота-онам билан маслаҳатлашиб уларнинг бирига розилик билдирдик. Ўзбекнинг нимаси кўп, турли урф-одатлари кўп. Тўйгача бўлганлари ҳам мени анча қийнаб қўйди. Ана шундай пайтларда тонггача тўн тикиб чиққан вақтларим бўлди.

Тўғри, иккита қизим ҳам бу ишда менга ёрдамчи бўлишди, бироқ “қўлдан берганга қуш тўймайди” деганидай биров берадиган пул ҳеч нарса бўлмасди.

Қудалар тўйни ўтказайлик деб келганда умуман чорасиз қолдим. Чунки бизга ҳам қиз томон мебел қилиши, куёвга сарпо қилиши каби урф-одатлар кириб келиб бўлганди.

Ўша кунларда биров уйга чақириб келди. Чиқсам қўшни давлатда эрим яшайдиган шаҳарда ишлаб юрган ҳамқишлоғимиз. У қўлимга минг доллар пул берди ва “Янга, акам бервордилар” деди ерга қараб. Чунки минг доллар пул тўйга урвоқ бўлмаслигини у ҳам билиб турганди.

Эрим нега бирдан пул жўнатиб қолибди деб ҳайрон турганимда қайнотамнинг укаси келиб қолди. “Тунов куни тўйни қандай ўтказишга бошингиз қотиб юрганини эшитиб эрингизни телефон рақамини топиб қўнғироқ қилдим. “Ноинсоф, қиз сеники, тўйга пул юбор” деб уришиб бердим”, деди.

Гап орасида “Қанча жўнатибди ўзи?” сўраб қолди. “Минг доллар” деганимни биламан эримни сўка бошлади:

“Одам шунчалик ҳам виждонсиз, ноинсоф бўладими? Мен унга камида 4-5 минг жўнат, хотининг қийналиб қолди” дегандим. Қизлари отаси бўла туриб тирик етимдай катта бўлди. Тирноққа зорлар қанча. Мана, қўшни давлатда яшаб қолиб нима бўлди? Бир фоҳишани топиб уйланганди, у ҳам иккита қиз туғди. У ёқдаги хотинини қиз туғдинг деб ташлаб кета олмайди Мабодо шу ишни қилса у аёл туҳмат қилиб қаматиб юборишдан ҳам қайтмайди. Қолаверса савдо дўкони, уй, машинаси, қисқаси бор-йўғи ҳаммаси хотинининг номида экан. Шу учун юрибди, амманинг бузоғи бўлиб. Қизми, ўғилми Худонинг бергани бўлади. Шукр қилиб юравермайсанми, нодон”.

Мен ўша пайтгача эримнинг қўшни давлатдаги ҳаёти қандай кечаётганини билмасдим. Фақат ўша ёқда уйланганини ва топган пулини ўша хотинига сарфлаб юрганини билардим холос.

У ёқда ҳам иккита қиз кўрганини эшитганимда кўнглимдан ҳеч нарса ўтмади. Фақат бир гапни такрорлардим – Худонинг бергани бўлади.

Тўйни амал-тақал қилиб ўтказдим. Мебелни қарзга олгандим, қарийб бир йил деганда қутулдим. Бошқалардан олган қарзларни икки йил деганда амаллаб уздим.

Энг ёмони қиз узатиб ҳам турли маъракалардан қутулмадим. Аввалига “Куёв чарлар”, бир йил ўтиб қизим фарзандли бўлгач “Бешик тўйи” каби маъракалар ҳам мени қаддимни анча букиб қўйди.

Бу орада иккинчи қизим ҳам мактабни битирди ва унга ҳам совчилар кела бошлади. Иккинчи қизимнинг тўйидан аввалги ва кейинги ташвишлар ҳам катта қизимни узатгандаги югур-югурлар билан бир хил бўлди.

Иккинчи қизимнинг тўйига эрим икки минг доллар жўнатибди. Биринчи қизимни узатаётганимда қайнотамнинг укаси “Эринг шу минг долларни хотинидан яширинча жўнатган бўлса керак” деганди. Ҳойнаҳой иккинчи қизимнинг тўйига юборган минг долларни ҳам шундай қилган.

Ўшандан буён йилда бир-икки марта кимлардир “Эрингиз бериб юборди” деб бирида 200, бирида 300 доллар олиб келиб беради, қизларимга сарфлайман.

Ҳаёт ташвишлари жуда ҳам эзиб юборганда бир нарса кўнглимга таскин беради, яхшиям қайнотамдан қолган уй – бошпанам бор. Агар эрим ташлаб кетганда уч қизим билан бошпанасиз қолганимда ҳолимиз нима кечарди, тасаввур ҳам қила олмайман.

Иккинчи қизимни узатганимдан сўнг кенжа қизим билан қолдим. Бир-икки йилдан сўнг уни ҳам узатсам ёлғиз қолиб кетаман-ку деб ҳозирдан юрагимга ваҳима оралайди. Майли, ўша кун келаверсин-чи, бир гап бўлар”.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид