Иқтисодиёт | 14:43 / 18.04.2024
12848
3 дақиқада ўқилади

Бобур Бекмуродов энергетика соҳасида молиявий очиқликни таъминлашга чақирди

Бойлар ўз харажатлари учун давлатдан дотация олмаслиги керак, деди “Юксалиш” ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов. У тариф ислоҳоти жараёнида табиий газ етиб бормаган ҳудудлардаги шароитларни ҳисобга олиш, энергетикага ажратилаётган маблағларнинг очиқлигини таъминлашга чақирди.

Фото: Конституциявий комиссия матбуот хизмати

Қонунчилик палатаси депутати, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродов ўз Telegram-каналида 1 майдан эътиборан аҳоли учун электр энергияси ва табиий газ тарифлари ўзгариши ҳамда ижтимоий нормалар киритилишига муносабат билдирди.

“Таъкидлаш керак, Ўзбекистонда электр энергияси истеъмолига тўловлар унинг таннархига мос келмайди, орадаги тафовут давлат бюджетидан субсидиялар ҳисобига қопланади. Бундай ёндашув фуқароларнинг моддий имкониятидан қатъи назар, бутун аҳоли учун қўлланилади.

Энергия ресурсларининг жиддий танқислиги шароитида моддий таъминланган фуқаролар харажатлари учун давлат бюджетидан дотация олмаслиги керак, деб ҳисоблаймиз.

Энергетика вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, ҳозир аҳолининг 15 фоизи ойига 300 kWh'дан ортиқ электр энергиясини истеъмол қилади. 75 фоиз аҳолининг истеъмоли эса 200 kWh'дан ошмайди.

Албатта, Ўзбекистоннинг энергетика тармоғи туб ислоҳотларга муҳтож, шу муносабат билан тарифларни ўзгартириш ва бозор механизмларини жорий этиш зарур”, – деди депутат.

Бобур Бекмуродовга кўра, ушбу жараёнда масъул вазирлик ва идоралар қуйидагиларни эътиборга олиши керак:

  • Қарор ижроси доирасида марказий иситиш тизими ва табиий газдан фойдаланиш имкони йўқ ҳудудлардаги шароитларни, бу ҳудудларда асосий иссиқлик манбалари печка ва кондиционерлар эканини ҳисобга олиш зарур.
  • Энергетика вазирлиги юқори кучланиш бўлганда маиший техникаларига зарар етган истеъмолчиларга компенсация тўлаш механизмларини ишлаб чиқиши зарур.
  • Ҳукумат давлат бюджетидан энергия тармоғини модернизация қилишга ажратилган маблағларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаши керак.

“Хорижий тажрибани ўрганиш ҳам муҳим. Масалан, дифференцияланган тарифлар қўлланиладиган мамлакатларда электр энергиясига талаб юқори бўлган пайтларда (аномал ҳаво шароитларида) тариф нормалари сезиларли даражада оширилади”, – дея қайд этди “Юксалиш” етакчиси.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий норма электр энергияси учун ойига 200 kWh'гача, табиий газ учун март-октябр ойларида ойига 100 кубометргача, ноябр-феврал ойларида ойига 500 кубометргача деб белгиланди.

Аввалроқ тарифлар ўзгариши муносабати билан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари маълум қилинганди.

Мавзуга оид