Жаҳон | 14:28 / 18.04.2024
8182
8 дақиқада ўқилади

Ғазо бўйича берк кўчага кирган музокаралар, АҚШда Украинага ёрдам муҳокамаси ва Қорабоғни тарк этаётган Россия — кун дайжести

Дунёда содир бўлган янгиликлар, воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари билан таништиришда давом этамиз. 

Ғазодаги вазият

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокаралар яна боши берк кўчага кириб қолганга ўхшаяпти.

Қатарнинг бош вазири Муҳаммад ибн Абдурроҳман Ол Соний Ғазода оташкесимга эришиш ва гаровдаги асирларни озод қилиш бўйича ўтказилаётган музокараларнинг янги тафсилотларини очиқлади. Унинг сўзларига кўра, томонлар боши берк кўчага кириб қолишган.

«Ушбу босқичда жараён чўзилмоқда, биз имкон қадар муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилмоқдамиз», — деган Муҳаммад ибн Абдурроҳман Ол Соний.

Унинг қайд этишича, расмий Доҳа «уруш бошланганидан буён можаронинг авж олишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантириб келганига қарамасдан, бугунга келиб можаро турли фронтларга тарқалиб кетди».

Қатар Миср ва АҚШ билан биргаликда бир неча ҳафтадан буён Ғазода тинчликка эришиш, гаровда ушлаб турилган исроилликларни маҳбус фаластинликларга алмашиш бўйича парда ортида музокаралар олиб бормоқда. Рамазон ойи тугагач, тарихда илк бор Эроннинг Исроилга очиқ ҳужуми рўй бергач, Ғазодаги чўзилиб кетган уруш минтақавий можарога айланиб кетиш хавфи пайдо бўлди. 

Украина шаҳрига зарба

Россия қўшини Украинанинг Черниҳив шаҳрига ракета зарбаси берди. Кўп қаватли уйлар вайрон бўлган, камида 17 киши ҳалок бўлиб, ўнлаб кишилар яраланган. Қурбонлар сони ошиши мумкин.

Област маъмурияти раҳбари Вячеслав Чаус шаҳарга «Искандер» тизимининг учта ракетаси билан зарба берилганини айтган.

Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Олексий Кулебага кўра, шаҳар ўққа тутилиши оқибатида саккиз қаватли турар жой биноси вайрон бўлган, шунингдек тўртта кўп қаватли уй, шифохона, олий таълим муассасаси ва ўнлаб автомобилларга зарар етган. Черниҳив шаҳар маъмурияти раҳбари Дмитро Брижинский шаҳарда жами 16 та уй шикастланганини айтган.

Украина президенти Володимир Зеленский қурбонларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган. Шунингдек, қурбонлар ва жабрланганлар сони ортиши мумкинлигини қайд этган.

«Агар Украина етарлича ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари олганида ва дунёнинг Россия террорига қарши қатъияти етарли бўлганида бу иш бўлмасди», — дея ёзган Зеленский телеграм-каналида.

Америкада Украина ёрдам муҳокамаси

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатасида Украинага 61 млрд долларлик ёрдам ажратиш бўйича қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Қонун лойиҳасига кўра, АҚШ Украинага ATACMS ракеталарини ажратади.

Ҳужжатга кўра, Украинага 61 млрд доллар ёрдам пули ажратиш, шу жумладан, АҚШнинг Украинага бериб юборилганидан сўнг бўшаб қолган арсеналларини тўлдириш учун 23 млрд доллар ажратиш ҳам кўзда тутилган.

Ёрдам пули кредит асосида ажратилиши назарда тутилмоқда. Бунда АҚШ президенти Украинага иқтисодий ёрдам кўрсатилгани сабаб унинг гарданидаги қарзларнинг 50 фоизидан кечиб юборишга ҳақли бўлади, бироқ 2024 йилнинг 15 ноябридан кейин.

Шуниндек, харажатларни қоплаш учун Россиянинг активларини мусодара қилиш ҳам назарда тутилмоқда.

Қонун қабул қилинганидан сўнг 45 куни ичида Давлат департаменти ва Пентагон Киевни қўллаб-қувватлаш бўйича АҚШ стратегиясини тақдим этишлари керак бўлади.

Қонун лойиҳаси бўйича овоз бериш жараёни 20 апрел, шанба куни бўлиб ўтади. 

Украинадаги уруш қурбонлари

Украинада икки йил давом этаётган урушда камида 50 минг россиялик аскар ҳалок бўлгани номма-ном тасдиқланган.

BBC рус хизмати ва мустақил «Медиазона» сайти расмий баёнотлар, газеталардаги некрологлар ҳисоботлари ва ижтимоий тармоқлардаги постлар орқали ҳалок бўлган россиялик аскарлар сони ҳақидаги статистикани юритмоқда.

2023 йилда эълон қилинган ҳисоботда 27 минг 300 нафар россиялик аскарлар ҳалок бўлгани, уларнинг мутлақ кўпчилиги муддатли ҳарбий хизматчилар экани айтилган эди.

Журналистларга кўра, қурбонларнинг ҳақиқий сони анча юқори бўлиши мумкин. Ўлимлар ҳақидаги статистикага Россия томонидан оккупация қилинган Донецк ва Луганск республикаларидаги рақамлар киритилмаган.

Ҳалок бўлган 50 минг ҳарбий хизматчиларнинг 3300 дан ортиғи офицерлардан иборат. Уларнинг 390 нафари подполковник ва ундан юқори унвонда бўлган. 

Гуржистонда эътирозли қонун қабул қилинди

Гуржистонда норозиликларга сабаб бўлган «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун биринчи ўқишдаёқ қабул қилинди. 150 кишилик парламентда ҳужжатни йиғилишда қатнашган ҳукмрон коалициянинг 83 нафар депутатларининг барчаси ёқлади. Мухолифат овоз беришда қатнашмаган.

Бир кун аввал парламент олдида қонун лойиҳасига қарши намойишлар бўлиб ўтди. Намойишчилар полиция томонидан тарқатиб юборилди.

Бироқ, намойишчилар янги куч билан яна норозилик билдириш учун парламент жойлашган майдонга йиғилишди.

Намойишчилар ва мухолифатдаги партиялар амалдаги ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси россияпараст эканини таъкидлаб келади ва бундай қонунни қабул қилишларидан мақсад Европа Иттифоқи билан интеграциясини савол остига қўйиш, деб билишади.

Чет эл агентларни рўйхатга олиш тўғрисидаги АҚШ қонунининг қисқартирилган версияси бўлган мазкур қонун лойиҳасида молиялаштиришнинг 20 фоиздан ортиғини хориждан олувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларига чет эл давлат манфаатларини ҳимоя қилувчи ташкилот сифатида рўйхатдан ўтиш мажбуриятини юклаш назарда тутилган. Рўйхатдан ўтишдан бўйин товлаганлик учун жарима солиш таклиф қилинмоқда.

Қонунга қарши бўлганлар уни Россия қонунчилигидан кўчирилган ва жорий йилнинг кузида бўлиб ўтадиган парламент сайловлари олдидан мухолифатни обрўсизлантириш учун шошилинч қабул қилинганини таъкидлаб, эътироз билдиришмоқда. 

Покистонга жойлашаётган Америка

Покистон Эрон ва Афғонистон билан чегаралари яқинидаги иккита ҳарбий базасини АҚШ ихтиёрига топширган, деб хабар беради Atlas Press.

Нашр Афғонистон ислом амирлиги Ташқи ишлар вазирлигининг Ҳиротдаги вакили ўринбосари Раҳматуллоҳ Файзанга таяниб, ушбу маълумотни тарқатган. Эндиликда чегара ҳудудидаги иккита Покистон (ҳарбий) базаси АҚШ назоратида бўлади.

Покистондаги «Таҳрики инсоф» партияси аъзоси Шерафзал Марватга кўра, америкаликларга топширилган базалар Покистоннинг Балужистон вилояти ҳудудида жойлашган.

Нашрлар мазкур базаларга АҚШ томонидан ҳарбий контингент жойлаштирилиши эҳтимоли ҳақида ёзган. Вашингтон расмийлари бу борада ҳеч бир маълумот тарқатмаган. 

Қорабоғдан чиқаётган Россия

Россия тинчликпарвар кучлари Озарбойжоннинг Қорабоғ ҳудудини тарк этишни бошлади. Контингент 2020 йил кузида можаро авж олганидан сўнг Қорабоғга киритилган ва 5 йил давомида жойлаштирилиши кўзда тутилган эди.

Россия тинчликпарвар кучларини Тоғли Қорабоғдан олиб чиқиш жараёни тўғрисидаги маълумотни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам тасдиқлади.

«Ҳа, бу ҳақиқат», дея қисқа жавоб берган Песков кундалик матбуот брифингида. У бошқа ҳеч қандай қўшимча маълумот бермаган.

Аввалроқ, Озарбойжон матбуоти 16 апрелдан тинчликпарвар кучларни олиб чиқиш бошлангани ҳақида ёзган эди. Маълумотларга кўра, жараён бир неча кундан бери давом этмоқда.

Ижтимоий тармоқларда россиялик тинчликпарвар кучларнинг Қорабоғни тарк этаётгани видеолари пайдо бўлди. Кадрлардан кўринишича, аскарлар ўз нарсаларни юк машиналарига ортмоқда. Шундан сўнг юк машиналаридан иборат колонна темирйўл станциясига йўл олган. Аскарлар эса поездга чиқишган.

2023 йил 19 сентябрда Озарбойжон бир кунлик операция давомида Қорабоғни бутунлай ўз назорати остига олди. Шундан сўнг, у ерда яшовчи ўн минглаб арманлар бир неча кун ичида минтақани тарк этди. 2024 йил 1 январдан арманлар томонидан эълон қилинган Тоғли қорабоғ республикаси тугатилди. 

Мавзуга оид