Тошкентда болаларнинг қўлига игна ва “саморез” санчган ўқитувчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Терговга қадар текширув натижасида Сергелидаги 277-мактаб ўқитувчиси бошланғич синф ўқувчиларини бурама мих билан қийнаб, уларга тан жароҳати етказгани аниқланган. Шу сабаб 22 ёшли “педагог”га нисбатан жиноят иши очилган.
Сергели туманининг 277-мактаб педагоги 1-синф ўқувчиларининг қўлига игна ва “саморез” санчиб, уларни жазолагани хабар берилиб, ҳолат ўрганилаётгани маълум қилинганди.
Болалар омбудсмани терговга қадар текширув натижасини эълон қилди. Унга кўра, 2016 йилда туғилган 2 нафар ўқувчи кафтининг устки қисмига бурама мих (саморез) бир неча марта санчиб келингани, болаларни қийнаб, уларга тан жароҳатлари етказгани аниқланган.
Шу сабаб 18 апрел куни Сергели тумани ИИО ТБ томонидан ўқитувчига нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми “а” банди (қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилган. Қайд этилишича, ўқитувчи 2002 йилда туғилган.
Тергов доирасида қўлига игна санчилгани айтилган 1-синф ўқувчиларига суд-тиббиёт экспертизаси тайинланиб, ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Болалар омбудсмани мазкур ишда бола манфаатлари нуқтаи назаридан ўз кузатувини давом эттиришини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, ўқувчиларни қийнашга оид хабарлар 16 апрелда тармоқларда тарқалганди. Ҳолат ортидан болаларни шу усул билан “тарбиялаш”га уринган ўқитувчи ишдан кетганди.
Мавзуга оид
12:41
Тошкентда лицей ўқитувчиси ўқувчини дўппослади
20:43 / 09.11.2024
Информатика фани ўқитувчилари ҳам аттестация имтиҳонидан норози
16:01 / 28.10.2024
Қибрайда бепул тиббий кўрик учун ўқитувчилардан пул олинаётгани айтилмоқда
11:28 / 26.10.2024