Ўзбекистон | 11:20 / 20.04.2024
2633
2 дақиқада ўқилади

Қоидабузарлик ҳақидаги қарор устидан ЙҲХХга электрон мурожаат қилиш имконияти яратилади

Мазкур имконият 2024 йил 1 октябрдан амалиётга татбиқ этилиши мумкин. Бу орқали аҳолининг вақтини тежаш ҳамда ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан чиқарилган қарор устидан ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ЙҲХХга электрон мурожаат қилишни назарда тутувчи қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳасида келтирилишича, ҳозирги кунда йўл ҳаракати қоидалари бузилиши ҳолати юзасидан чиқарилган қарор ва юбориладиган хабарномалар устидан фуқаролар томонидан мурожаатлар анъанавий тарзда амалга оширилиб келинаётганлиги аҳолининг ортиқча оворагарчилигига сабаб бўлмоқда. Шу сабабли йўл ҳаракати қоидалари бузилиши ҳолати юзасидан чиқарилган қарор устидан ЙҲХХга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон мурожаат қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш зарурияти юзага келмоқда.

Қарор билан қуйидагиларни назарда тутувчи электрон мурожаат қилиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланади:

— жисмоний ва юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситалари томонидан йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан юборилган қарор ва хабарномалар бўйича электрон мурожаат қилиш тартиби;

— жисмоний ва юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситалари томонидан йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан юборилган қарор ва хабарномалар бўйича давлат хизматлари кўрсатилишида давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари масъул ходимларининг ҳамда мурожаат этувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

— Жисмоний ва юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситалари томонидан йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан юборилган қарор ва хабарномалар бўйича электрон мурожаат қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартиби.

Қарор устидан электрон мурожаат йўллаш имконияти 2024 йил 1 октябрдан амалиётга татбиқ этилиши кўзда тутилган. Мазкур хизмат ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади. Бунда жисмоний ва юридик шахслар оғзаки ёки ёзма мурожаат қилиши мумкин. 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид