Жаҳон | 23:09 / 23.04.2024
4421
2 дақиқада ўқилади

Нигерияда йўталга қарши болалар сиропида заҳарли токсин топилди

Benylin сиропи савдосини тақиқлаш ва сотувдан олиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилинди. 

Фото: Fotolia

Нигерия озиқ-овқат ва дори воситаларини бошқариш ва назорат қилиш миллий агентлиги (NAFDAC) Американинг Johnson&Johnson компанияси томонидан ишлаб чиқарилган йўталга қарши болалар сиропи партиясини савдодан олиш ҳақида қарор қабул қилди. Унда диэтиленгликол заҳарли токсин топилгани таъкидланмоқда. 

NAFDAC эҳтимолий хавфларни ҳисобга олган ҳолда Benylin сиропи савдосини тақиқлаш ва сотувдан олиб қўйишни буюрган. 

«Лаборатория текширувлари Johnson&Johnson компаниясининг Benylin сиропида диэтиленгликол миқдори йўл қўйиб бўлмайдиган даражада юқори эканлигини аниқлади, синовлар ҳайвонларда ўткир заҳарланишни келтириб чиқарди», дейилади регулятор баёнотида. 

Ушбу моддани истеъмол қилиш ўлимга олиб келадиган қорин оғриғи, қусиш, диарея, бош оғриғи ва ўткир буйрак шикастланиши каби ножўя таъсирларни келтириб чиқариши мумкин. 

Маҳсулотнинг хавфли партияси 2021 йил май ойида Жанубий Африкада ишлаб чиқарилган. Унинг яроқлилик муддати 2024 йил апрелида тугайди. 

Johnson&Johnson ҳолат бўйича Benylin брендига эгалик қилувчи Kenvue компаниясига сўров юборган. Ушбу компания ўтган йили Johnson&Johnson таркибидан ажралиб чиққан. 

2022 йилда Ҳиндистоннинг «Marion Biotech» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистонда сотилган «Док-1 Макс» йўталга қарши болалар сиропи таркибида ҳам этиленгликол ва/ёки диэтиленгликол заҳарли моддалари аниқланган эди. Бу дорининг истеъмоли оқибатида 65 нафар боланинг ўлими қайд этилган. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид