Иқтисодиёт | 22:03 / 25.04.2024
30463
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк раиси охирги ойларда доллар курси нисбатан тезроқ ошганига изоҳ берди

Мамаризо Нурмуродовнинг сўзларига кўра, жорий йилнинг 1-чорагида доллар курсининг ошишига валютага бўлган талаб 17 фоизга ошгани сабаб бўлган. Бу нафақат импорт, балки бошқа тўловлар, хусусан ташқи қарзларни қайтариш бўйича харажатлар ошгани билан ҳам боғлиқ. МБ раиси талаб-таклиф мувозанати сабаб 25 апрел куни курс 50 сўмга пастлаганига эътибор қаратди.

Фото: Марказий банк

Ўзбек сўми йил бошидан буён АҚШ долларига нисбатан 2,3 фоизга қадрсизланди. 2023 йилнинг мос даври билан таққослаганда девалвация 10,5 фоиз атрофида бўлди.

Ўзбекистон Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуродов 25 апрел кунги матбуот анжуманида жорий йилнинг биринчи чорагида девалвация суръати нисбатан тезроқ бўлганига изоҳ берди.

“1-чоракда доллар курсининг ошишига сабаб – валютага бўлган талаб. Буни биз тўғирланиш деб атаймиз. Бу талаб 1-чоракда 17 фоизга ошди. Ҳаммасини импорт билан боғлай олмаймиз, импортдан бошқа тўловлар бор. Масалан, ташқи қарзлар бўйича тўловларимиз ўтган чоракка нисбатан 34 млн долларга ўсди. Худди шу омиллар билан шаклланадиган жараён бу.

Қўшни давлатлар валютаси қадри нимага ошяпти, бизда тушяпти деган саволларни кўрдим. Ҳар бир давлатнинг ўзининг ички иқтисодий шароити бор. Қозоғистонни мисол қилиб келтиришди, уларда иккита фактор бор. Биринчиси, давлат томонидан кафолатланмаган қарз олиб келиш сезиларли ошди. Иккинчиси, барқарорлик суверен жамғармаси харажатлари ошди. Бу валюта бозорида қўшимча валюта сотилди дегани. Ҳар бир давлатда қайси ракурсдан қарасак, талаб ва таклифдан келиб чиқадиган ҳолат”, – деди Нурмуродов.

Марказий банк раиси яна бир бор валюта курси талаб ва таклифдан келиб чиқиб шаклланишини таъкидлаб, 25 апрелги кунги валюта савдолари якунларига кўра сўм долларга нисбатан 50 сўмга мустаҳкамланганини мисол сифатида келтириб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бунда савдолар вақтидаги доллар таклифи (16 млн доллар) талабга нисбатан (11 млн доллар) сезиларли юқори бўлган, натижада миллий валюта мустаҳкамланган.

МБ 26 апрелдан бошлаб белгилаган АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси – 12 640,21 сўм бўлиб, бу 25 апрел кунги курсдан 49,76 сўмга арзон.

Мавзуга оид