Ўзбекистон | 09:30 / 25.04.2024
1326
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ёшларига Ҳиндистонда таҳсил олиш учун грантлар ажратилади 

Деҳли шаҳрида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги маданий ва илмий-академик ҳамкорликнинг янги истиқболлари белгилаб олинди.

Фото: "Дунё" АА

Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистон Маданий алоқалар кенгаши (Indian Council for Cultural Relations – ICCR) бош директори Кумар Туҳин билан музокаралар ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

ICCR етакчиси у раҳбарлик қилаётган ташкилот Ўзбекистон билан алоқаларни янада фаоллаштиришдан манфаатдор эканини таъкидлаб, янгидан янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга тайёрлигини билдирди.

Ўзбекистон ёшларига Ҳиндистон етакчи олий билим юртларида таҳсил олиш учун грантлар ажратиш ўзаро ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналишини ташкил қилмоқда. ICCR яқинда янги ўқув йили учун ҳам танлов эълон қилди. Хусусан, жорий йил ўзбекистонлик йигит-қизлар учун молия бошқаруви, бухгалтерия ва молия, хорижий тиллар, бошқа йўналишларда 12 та ўрин белгиланган.

Учрашув давомида Ўзбекистон ва Ҳиндистонда фаолият юритаётган ҳинд ва ўзбек тилларини ўрганиш марказларини қўллаб-қувватлаш, уларни замонавий дарсликлар ҳамда ўқув қуроллари билан таъминлаш, икки мамлакат олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалари ўртасида алмашув дастурларини амалга ошириш бўйича ҳам фикр алмашилди.

Томонлар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдорлик билдириб, шу мақсадда маданий-гуманитар тадбирлар режасини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид