Жаҳон | 12:19 / 25.04.2024
21539
3 дақиқада ўқилади

Қўғирчоқлар қишлоғи – одамлар тарк этиб қўғирчоқларга қолган ғайриоддий япон қишлоғи ҳақида

Япониянинг Нагоро қишлоғи — қўғирчоқлар қишлоғи, дунёдаги энг ғайриоддий ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бу ерда одамлар ўрнини қўғирчоқлар эгаллаган: автобус бекатларида, уйларда ва ҳатто мактаб болалари ўрнида ҳам қўғирчоқлар. Одамлар қаерга кетган?

Нагоро қишлоғи Япониянинг Шикоку оролида жойлашган, олис водийда жойлашган қишлоққа автобуслар қатнови жуда кам, энг яқин поезд станциясигача 1 соатдан узоқроқ юрилади. Лекин бу кичик қишлоққа ҳар йили 3 мингдан ошиқ одам боради. Сабаби – унинг ғайриоддийлигида.

Нагорода аҳоли сони 27 киши атрофида, энг ёш резидентнинг ёши ҳам 50 дан ошган. Лекин бу ерда “яшовчи” қўғирчоқлар сони эса одамлардан кўпроқ: 300 дан ошиқ қўғирчоқлар инсонлар ўрнини эгаллаган.

- Ўқувчилар ўрнини қўғирчоқлар эгаллаган қишлоқ мактаби

 

Нагоро қишлоғида дастлаб, 300 дан ортиқ аҳоли яшарди. Бироқ 20-аср охирларида уларнинг сони камая бошлайди. Ёшлар яхшироқ ҳаёт илинжида катта шаҳарларга кўчиб кета бошлашади, қишлоқда қолган ёши катталар кексаяди, баъзилар вафот этади.

Камгина одам қолган қишлоққа 2001 йилда шу ерда туғилиб-ўсган ҳунарманд Тсукими Аяно отасига ғамхўрлик қилиш мақсадида қайтиб келади. У ўша пайт ерга сепилган уруғларни қушлар еб кетмаслиги учун ўз отаси кўринишидаги қўғирчоқ қўриқчи ясаб уни далага ўрнатади. Ва Аянода кўчиб кетган одамларнинг қўғирчоқ моделларини ясаш ғояси туғилади.

Тсукими Аяно

"Мен ҳеч қачон шу кичик қишлоқни кўргани бутун дунёдан одамлар келади деб ўйламасдим", дейди Аяно.

Аяно бошида қўғирчоқларни қишлоқда қолган эски кийим ва бошқа материаллардан ясайди. Бироқ вақт ўтиши билан қўғирчоқлар ҳажми ҳам, уларнинг кўриниши ҳам мукаммаллашиб боради. Ҳозир уларнинг сони қишлоқда яшайдиган одамлар сонидан 10 баравар кўпроқ. Битта қўғирчоқ ясаш учун камида 3 кун вақт сарфланади.

Аяно ясаган қўғирчоқлар қишлоқнинг ҳар бир ҳудудида: уйларда, кўча ва далаларда, ҳатто мактабда ҳам одамларнинг, болаларнинг ўрнини эгаллаган. Қўғирчоқлар пайдо бўлгунига қадар одатий қишлоқ бўлган ҳудуд, уларнинг ясалиши билан одамларнинг қизиқишларига сабаб бўлади.

2014 йилда германиялик кинорежиссёр Фриц Шуман қишлоқ ҳақида "Қўғирчоқлар водийси" номли қисқа метражли ҳужжатли филм суратга олган. Бу филм ҳам қишлоққа халқаро миқёсда қизиқиш ошишига сабаб бўлади.

Нагорода ҳар йили октябр ойининг биринчи якшанбаси қўғирчоқлар фестивали ўтказилади.

Қўғирчоқлар муаллифи Аянодан бир пайтлар ўзи оиласи билан кўчиб кетган Осака шаҳрига қайтиб кетиш режаси ҳақида сўрашганда ўзининг Нагоро қишлоғига отасига ғамхўрлик қилиш мақсадида қайтганини, энди эса куч-қуввати бор пайти бу ерни тарк этмаслигини айтади.

Унинг айтишича, агар касал бўлиб қолса ё қариб қолса, болаларининг ёнига қайтади, унгача қўғирчоқ ясашда давом этади. Ҳар бир қўғирчоқ ўртача 3 йилдан кейин қайта ясашни талаб қилади, шунинг учун ҳам Нагорога ташриф буюрувчилар учун Аянонинг шу ерда бўлиши ва қўғирчоқ ясашда давом этиши қувончли хабар.

Мавзуга оид