Жаҳон | 21:24 / 26.04.2024
10699
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонлик амалдор жамоат муҳокамасига 100 та челак олиб келди 

Буларнинг барчаси нима учун, деган саволга у ёш авлод 1 куб метр сув қанча бўлишини билиши кераклигини айтди. 

Фото: Сергей Кораблев / lada.kz

Қозоғистоннинг Манғистау вилояти ҳокимлигида ичимлик суви тарифларини ошириш бўйича жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди. Йиғилишга 100 та челак олиб келган вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Жумабой Қарағаев тадбирга ёрқинлик қўшди, деб ёзди Tengrinews. 

Тингловлар дастлаб анъанавий форматда ўтказилган. Аммо тадбир бошланганидан бир соат ўтиб, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Жумабай Карағаев бир кубометр сув қанча бўлишини кўрсатишга қарор қилган. Бунинг учун унга челаклар керак эди. Шу тариқа амалдор ёшларни, умуман, аҳолини сувни исроф қилишдан тийилишга чақирган. 

«Биз газланмаган ичимлик сувини (5 литр) ҳеч иккиланмай 498-500 тенгега сотиб оламиз. Мана бу ерда 100 та челак бор... Бир 1 куб.м. ичимлик сувининг тарифини 398 тенге қилиш ҳақида гапиряпмиз. Мен бу «1 куб метр» қанчалик кўп эканини кўрсатмоқчиман», деди у. 

Тажриба учун ҳоким ўринбосари иккита 5 литрли идишдаги сувни челакка солиб кўрсатмоқчи эди, аммо йиғилганлар ундан сувни исроф қилмасликни сўрашди. 

Буларнинг барчаси нима учун, деган саволга Қарағаев ёш авлод 1 куб метр сув қанча бўлишини билиши кераклигини, сувдан оқилона фойдаланиш қанчалик муҳимлигини англаб етиши учунлигини айтди.

Мавзуга оид