Жаҳон | 23:43 / 26.04.2024
28945
3 дақиқада ўқилади

Санкт-Петербургда ўзбекистонлик ишчи одамларни ёнғиндан қутқарди

Ижтимоий тармоқларда жасур ўзбекистонликнинг видеоси пайдо бўлди.

Санкт-Петербургдаги ёнғинда ўзбекистонлик ишчи қаҳрамонга айланди. Подолская кўчасидаги тарихий уйда 25 апрел куни ёнғин юз берди. Ёнғинга биринчи бўлиб кўча тозаловчи ишчи Олим етиб келди, деб хабар берди «КП».

«Тонгда ишга келдим ва уйнинг деразасидан олов чиқаётганини кўрдим. Дарҳол ўт ўчириш бўлимига қўнғироқ қилдим. Олов кучайди ва одамлар деразадан ташқарига чиқа бошлади. Аёллар қичқириб, пастга сакрамоқчи бўлди. Сакраманглар, ўт ўчирувчилар ҳозир сизларни қутқаради, дедим. Ўт ўчирувчилар аллақачон зинапояни очиб, юқори қаватга чиқаётган эди», деди у.

Аммо одамлар қўрқув туфайли учинчи қаватдан сакрашга тайёр эди. Шу лаҳзада Олим акробат каби дренаж трубасидан юқорига кўтарила бошлади. Бир нечта моҳирона ҳаракат билан учинчи қаватга етиб олди ва аёлларга деразадан чиқиб, карнизда туриб олишга ёрдамлашди. Кейин ўт ўчирувчилар келиб, нарвонни ўрнатди. Олим аёлларни пастга туширишга ёрдам берди.

Агар бу саҳна ўткинчилар томонидан суратга олинмаганида, жасорат номаълумлигича қолар эди, деб таъкидлайди нашр. Ижтимоий тармоқларда жасур ўзбекистонликнинг видеоси пайдо бўлди.

Хабарда Олимнинг фамилияси келтирилмаган (бошқа манбаларда Иброҳимов экани айтилади), ёши 48 да. У 7 йилдан бери Санкт-Петербургда яшайди. Ўзбекистондан келган. Адмиралтейский туманидаги уй-жой коммунал хўжалигида ишламоқда, ҳатто намунали меҳнати учун фахрий ёрлиқ билан мукофотланган.

Олимнинг айтишича, тикка деворга чиқиш учун кўникмани ўтмишда олган. Ўзбекистонда парашютчилар сафида хизмат қилган ва бокс билан шуғулланган.

«Агар 7-қаватга кўтарилиш керак бўлса, кўтарилган бўлардим. Ҳаммаси қандай содир бўлганини эслай олмайман. Ҳаммаси жуда тез содир бўлди. Мен ерда туролмадим ва уларга қарай олмадим, улар қаттиқ бақиришди! Биз ҳаммамиз инсонмиз, бирга яшаймиз, бир-биримизга ёрдам беришимиз керак», деди у.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, Подолская кўчасидаги 5 қаватли турар-жой биносининг учинчи ва тўртинчи қаватларида умумий майдони 60 квадрат метрда ёнғин содир бўлган. Ёнғин 5 соат давомида ўчирилган. Хавфли ҳудуддан 10 киши эвакуация қилинган.

Мавзуга оид