Жаҳон | 19:01 / 26.04.2024
13388
9 дақиқада ўқилади

Тимур Иванов иши. Қўлга олинганлар ҳақида ҳозиргача нималар маълум?

Москва шаҳар Басманний суди 25 апрел куни терговчилар Россия мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов ҳамда тадбиркор Сергей Бородинни пора олишда гумонлаётган иш бўйича учинчи айбланувчини ҳибсга олди. Мудофаа вазирлигининг йирик пудратчиси — «Олимпситистрой» компаниясининг ҳаммуассиси Александр Фомин 23 июнга қадар тергов изоляторига юборилди, деб хабар берган Москва судларининг қўшма матбуот хизмати.

BBC у ва ишдаги бошқа айбланувчилар бўйича маълумотларни тўплади.

Асосий айбланувчи — Тимур Иванов, мудофаа вазири ўринбосари, коррупцияга қарши суриштирув қаҳрамони

 

РФ мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов (чапда иккинчи) оккупация қилинган Мариуполдаги турар жой қурилиш ҳудудида, 2022 йил июн ойи. Фото: YEGOR ALEYEV/TASS

Тимур Ивановга қарши жиноий иш ҳақида 23 апрел куни кечқурун маълум бўлганди. РБК маълумотига кўра, Иванов ўша куни соат 17:00 атрофида ўз хизмат кабинетида қўлга олинган. Шу куни мудофаа вазирлигида ҳайъат кенгаши йиғилиши ўтказилган, унда вазир Сергей Шойгу ҳам, Иванов ҳам иштирок этган.

Кейинги куни суд Тимур Ивановни ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди. Судда ҳам у погонлар ва орден планкалари (узун тахтача)га жойида турган ҳарбий формада кўриниш берди — бу жиноий ишларда юқори мартабали фигурантлар билан камдан кам учрайдиган ҳолатдир. Суд залидан чиқаётганда олинган видеода эса у фуқаролик кийимида бўлган, унинг билакларида кишанлар кўриниб турган.

Унинг адвокати Мурад Мусаевнинг сўзларига кўра, Иванов гўёки «мудофаа вазирлигининг қайсидир пудратчи компанияларига ёрдам кўрсатган», бунинг эвазига бу компаниялар «Ивановга тегишли бўлган объектларда текинга қурилиш-таъмирлаш ишларини бажаргани»да айбланмоқда. Унга РФ Жиноий кодексининг 290-моддаси, 6-қисми билан айблов қўйилган (ўта йирик миқдорда пора олиш бўйича модда, бунинг учун 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиш мумкин). Иванов ўз айбига иқрор бўлмаган.

Тимур Иванов 2016 йилдан буён мудофаа вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди (ТАСС хабарига кўра, у 24 апрелда лавозимидан четлатилган). Уни Сергей Шойгунинг эски таниши ва сафдоши деб билишади: 2012 йилда Иванов Москва области маъмуриятида вице-премер бўлганди, ўшанда ҳудудга Шойгу раҳбар эди.

Иванов сўнгги йилларда мудофаа вазирлигида йирик ҳарбий қурилишларга масъул бўлган: Россия босқини даврида вайрон бўлган Мариуполни тиклашда, Россия қуролли кучларининг асосий ибодатхонаси, «Шарқий» космодроми, мудофаа вазирлигининг Covid-19 га чалинган беморлари даволанадиган тиббиёт маркази қурилиши кабиларда.

Иванов ҳибсга олинишидан анча олдинроқ ўзининг ҳашаматли ҳаёт тарзи билан танилганди, шунинг учун кузатувчилар унга қарши жиноий иш очилишига айнан коррупция сабаб бўлганига шубҳа қилишмаяпти.

2022 йил декабрда Алексей Навалнийнинг сафдошлари вазир ўринбосари ва унинг собиқ рафиқаси Светлананинг мол-мулки ва бойлиги бўйича суриштирувини эълон қилганди (суриштирув муаллифларига кўра, Ивановлар 2022 йил ёзида ажрашган). Журналистик суриштирув Ивановнинг собиқ турмуш ўртоғининг электрон почталари архивига асосланган. Навалнийнинг жамоаси унинг 8 мингга яқин мактубларини ўрганганини маълум қилган, улар орасида қимматбаҳо автомобиллар хариди учун ҳисоб-фактуралар, уларнинг уйлари учун лойиҳалар, Европадаги яхталар ва виллалар учун ҳужжатлар, антиқа буюмлар ва қимматбаҳо тақинчоқлар учун  чеклар, минглаб россиялик мулозимлар, жумладан Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам иштирок этган зиёфатларда олинган минглаб фотосуратларни учратишган.

Суриштирувдан маълум бўлишича, Тимур Иванов ва унинг рафиқасининг дабдабали ҳаёт тарзи учун тўловлар Россия мудофаа вазирлигидан шартномалар олган компаниялар томонидан тўлаб берилган, улар қаторига «Олимпcитиcтрой» компанияси (ушбу компания, хусусан, мудофаа вазирлиги учун тиббиёт марказлари ҳамда оккупация қилинган Мариуполда кўп қаватли уйлар қурган) ҳам киради.

Терговчилар маълумотига кўра, мудофаа вазирлиги пудратчилари билан аффиланган компаниялар Иванов учун Твер областида Волга дарёси соҳилида кошона қурган ҳамда Москва марказида XIX асрга мансуб қасрни таъмирлаган, суриштирув муаллифлари аниқлашича, бу компаниялар Ивановнинг ҳайдовчиси номига рўйхатдан ўтказилган.

2024 йил 25 апрелда, суриштирув эълон қилинганидан бир ярим йил ўтиб, унда тилга олинган одамлар ва компаниялар Ивановга қарши жиноий ишда ҳам пайдо бўлди.

Бироқ, «Коммерсант» газетаси маълумотига кўра, Тимур Ивановга қарши жиноий иш «энг юқорида — Россия президенти назорат бошқармасида» тўпланган материалларга асосланган.

Ивановнинг шериги — Сергей Бородин

Сергей Бородин, мудофаа вазири ўринбосари Тимур Ивановга қарши жиноий ишда иккинчи фигурант
Фото: Москва шаҳрининг умумий юрисдикция судлари

Тимур Иванов билан бир вақтда ҳибсга олинган ва пора олишда айбланаётган бизнесмен Сергей Бородинни ОАВ вазир ўринбосарининг дўсти ва ишончли одами деб атаган.

Тергов версиясига кўра, айнан Бородин «Мудофаа вазирлиги эҳтиёжлари учун пудрат ва субпудрат ишларини олиб бориш»да «пора» олиш жараёнини назорат қилган. Бородин айбига иқрор бўлган-бўлмагани хабар қилинмаган.

Бородин Навалнийнинг сафдошлари ва «Досье» марказининг Тимур Ивановга бағишланган суриштирувларида тилга олинган. Журналистлар маълумотига кўра, Бородин «Волжский берег» компанияси раҳбари ҳисобланади, бу компания вазир ўринбосари учун Твер областида кошона қуриб берган (компаниянинг 99 фоиз улуши мудофаа вазирлиги субпудратчиси «Оборонспецстрой»га, 1 фоизи — Бородинга тегишли, дейишган суриштирувчилар).

«Волжский берег» 19 гектар ер майдонига эга бўлиб, у ерда Тимур Иванов оиласининг уйи ҳам жойлашган, дейилган Навалнийнинг сафдошлари ўтказган суриштирувда.

РБК нашри қайд этишича, Сергей Бородин исм-шарифли одам аввал мудофаа вазирлиги жойлаштириш департаменти раҳбари ўринбосари лавозимини эгаллаган. 2022 йил июнда уни Москва шаҳри ва Москва областидаги мудофаа ва хавфсизлик ерларини ўғирлашда гумонлаб қўлга олишган, шундан кейин, «Коммерсант» нашри ёзишича, Бородин айбига иқрор бўлган ва тергов билан ҳамкорликка рози бўлган, жумладан «ушбу жиноий ишга боғлиқ бўлмаган бошқа жиноятлар тўғрисида хабар берган».

Пора беришда айбланувчи — Александр Фомин, Мудофаа вазирлиги пудратчиси ҳаммуассиси

Александр Фомин, мудофаа вазири ўринбосари Тимур Ивановга қарши жиноий ишда учинчи фигурант
Фото: Москва шаҳрининг умумий юрисдикция судлари

Тимур Иванов иши бўйича учинчи айбланувчи — бизнесмен Александр Фомин, у пора беришда айбланган (РФ Жиноят кодексининг 291-моддаси, 5-қисм, бу модда бўйича 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиш мумкин). Фомин —  мудофаа вазирлигининг йирик пудратчиси саналган «Олимпcитиcтрой» компанияси ҳаммуассисидир.

«Коммерсант» газетаси манбалари маълумотига кўра, терговчилар ҳисоблашича, Иванов Фоминдан «откат олган», аммо «нақд пулда эмас, балки хизматлар кўринишида — унга тегишли бўлган кўчмас мулкларда қурилиш ва реставрация ишлари бажариб берилган».

«Досье» маркази 2023 йилги суриштирувда собиқ ҳарбий қурувчи Сергей Храбрихдан шундай иқтибос келтиради: «Энди Саша [Фомин] — [Тимур Ивановнинг] „чўнтаги“ … Тимурга нимадир керак бўлиб қолса — Фоминга сим қоқади ва дейди: Саша, сотиб ол».

Коррупцияга қарши кураш фонд суриштирувида «Олимпcитиcтрой»нинг икки ходимига, улардан бири — Фомин, «Оборонспецстрой» компанияси тегишли экани, у ўз навбатида, «Волжский берег»га ҳам эгалик қилиши айтилган — бу Твер областидаги Тимур Иванов учун ҳам уй қурилган ер участкасининг эгаси бўлган компаниядир.

«Олимпситистрой» 2006 йилда рўйхатга олинган. Компания мудофаа вазирлиги учун бир неча йирик объектларни, жумладан Омскда кадетлар ҳарбий корпуси биносини, Тверда Суворов ҳарбий мактабини, Мурманскда Нахимов ҳарбий-денгиз мактабини ҳамда Санкт-Петербургда ковид госпиталини қурган. Россия қўшини томонидан эгалланиши жараёнида вайрон бўлган Мариуполда эса «Олимпcитиcтрой» «Военно-строителная компания» субпудратчиси сифатида «деярли барчасини қурган», деб ёзади «Досье».

«Оккупация қилинган ҳудудлардаги қурилишлар — жуда катта даромад келтирадиган иш», — дея қайд этади нашр.

Россия мудофаа вазирлигининг «Военно-строителная компания» сайтида «Олимпcитиcтрой» раҳбариятига берилган давлат мукофотлари тўғрисида хабарлар чиққан, аммо, «Агентство» нашри эътибор қаратишича, Фомин ҳибсга олингани тўғрисидаги хабарлардан кейин уларни ўчира бошлашган.

«СПАРК-Интерфакс» маълумотига кўра, 2023 йилда  «Олимпcитиcтрой»нинг даромади 65,389 млрд рублни ташкил этган, соф фойдаси эса — 10,877 млрд рублни, бу бир йил олдингига қараганда тўрт баробар кўпроқ.

Мавзуга оид