Фан-техника | 22:44 / 26.04.2024
19719
2 дақиқада ўқилади

Учар автомобил йўловчи билан биринчи парвозини амалга оширди

Ёқилғи 1000 км парвоз учун етади, шундан сўнг, ерга қўниб, қанотларни корпус ичига тортиб, йўл бўйлаб ҳаракатланиш мумкин. 

Фото: autoevolution.com

Словакияда ишлаб чиқарилган AirCar автомобил ва самолёт гибриди йўловчи билан биринчи парвозини амалга оширди. Auto Evolution порталига кўра, электрон мусиқа композитори Жан-Мишел Жар транспорт воситасини синовдан ўтказган. 

Спорткар ва самолёт гибриди парвозга яроқлилик сертификатини 2022 йилда олган эди. Қайд қилинишича, ёқилғи 1000 км парвоз учун етади, шундан сўнг, ерга қўниб, қанотларни корпус ичига тортиб, йўл бўйлаб ҳаракатланиш мумкин. 

AirCar умумий оғирлиги 200 кг вазнгача бўлган икки кишини ташиши ва 300 км/соат тезликка эришиши мумкин. Муҳим жиҳат шундаки, учар такси прототипларидан фарқли ўлароқ, бу трансформер вертикал равишда уча олмайди ва қўна олмайди: унга учиш-қўниш йўлаги керак. Бундан ташқари, автомобилдан самолётга айланиш учун 2 дақиқа 15 сония керак бўлади. 

AirCar сотуви бу йилга мўлжалланган, бироқ нархи ҳали эълон қилинмаган. Тахминларга кўра, учар автомобил нархи 500 минг доллардан 1 миллион долларгача бўлиши мумкин. Автомобилни бошқариш учун учувчи гувоҳномаси бўлиши талаб қилинади.

Мавзуга оид