Европа кутубхоналаридан китоб ўғирлаган 9 нафар Гуржистон фуқароси қўлга олинди
Гуржистон ва Европа Иттифоқининг қатор мамлакатларида ўтказилган операция давомида Европа кутубхоналаридан қадимий рус китобларини ўғирлаган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди, деб хабар берди Европол. Гуржистон расмийлари тергов олиб бормоқда.
Европа тергов органлари Европа кутубхоналаридан қадимги рус китобларини ўғирлаган жиноятчиларнинг изига тушишга муваффақ бўлди. Европолнинг 25 апрел, пайшанба куни хабар беришича, 23 ва 24 апрел кунлари Гуржистон, Латвия, Литва, Франция ва Эстонияда Гуржистон фуқаролигига эга бўлган етти нафар гумонланувчи қўлга олинган, яна икки нафари Францияда суд назорати остида.
Европа полицияси ҳисоботига кўра, 100 дан ортиқ ҳуқуқ-тартибот ходимлари Гуржистон ва Латвияда жойлашган 27 та жойда тинтув ўтказган. Улар тўрт нафар гумонланувчини ҳибсга олишдан ташқари, 150 дан ортиқ китобларни ҳам мусодара қилди. Францияда ўғирланган китоблардан бири аллақачон қайтарилган.
Камида 170 та ноёб китоблар ўғирланган
Умуман олганда, жиноий гуруҳ 2022 ва 2023 йилларда Германия, Эстония, Латвия, Литва, Полша, Финландия, Франция, Чехия ва Швейцария миллий ва тарихий кутубхоналаридан камида 170 дона нодир китобларнинг ўғирланиши учун жавобгар экани тахмин қилинмоқда. Ўғрилар асосан рус ёзувчиларининг китобларини, хусусан, Александр Пушкин ёки Николай Гоголнинг биринчи нашрларини олган. Молиявий зарар тахминан 2,5 миллион еврога баҳоланмоқда. «Ўғирланган тарихий ашёларнинг бир қисми Санкт-Петербург ва Москвадаги аукцион уйлари орқали сотилган, бу уларни амалда қайтариб бўлмас ҳолга келтиради», — дейилади Европол баёнотида.
Агентликнинг таъкидлашича, Гуржистон расмийлари уюшган жиноий гуруҳ бир неча аъзоларининг шахси ва жойлашувини аниқлаш бўйича текширув бошлаган. Европа адлия органи кўмаги ва маблағи билан Франция, Гуржистон, Литва, Полша, Швейцария, шунингдек, Европола иштирокида қўшма тергов гуруҳи тузилди.
Одатда, китобларни ўғирлаш бир хил схема бўйича амалга оширилган: жиноятчилар сохта паспортлардан фойдаланган ҳолда 19-аср рус адабиёти тадқиқотчиси сифатида келган. Қимматбаҳо нашрлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлиб, қадимий китобнинг ҳар бир саҳифасидан нусха кўчиришган, кейинги ташрифида худди шу китобга буюртма беришган ва уни ўзи билан олиб келган юқори сифатли нусхага алмаштиришган.
Мавзуга оид
07:50 / 19.11.2024
ЕИ Гуржистон ҳукуматига ажратилган 121 млн еврони қайтариб олди
22:49 / 18.11.2024
Гуржистон президенти парламент сайловларидаги қонунбузарликлар сабаб Конституциявий судга даъво киритади
14:00 / 16.11.2024
Гуржистонсиз 30 йил: Абхазия ва Жанубий Осетия қандай яшамоқда?
13:37 / 06.11.2024