Жаҳон | 08:24 / 26.04.2024
5911
2 дақиқада ўқилади

ЕХҲТ: Россия расмийлари минглаб украиналикларни қўлга олган 

ЕХҲТ ҳисоботида айтилишича, тинч аҳолини ноқонуний оммавий ҳибсга олиш «Россиянинг вақтинча эгаллаб олинган ҳудудлардаги стратегиясининг белгиловчи хусусият бўлиб кўриняпти».

Фото: Ukrainian Presidential Press Service/Handout via REUTERS

Россия 2014 йилдан бери минглаб украиналик фуқароларни ноқонуний қўлга олган. Бу ҳақда 25 апрел, пайшанба куни Венада тақдим этилган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Москва механизми ҳисоботида айтилади. Унда қайд этилишича, Россиянинг Украина фуқароларини қўлга олиши 2014 йилда Қримда бошланган ва 2022 йилда Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужумидан кейин давом этмоқда. Ҳисобот муаллифларининг фикрича, бу билан Россия томони инсониятга қарши жиноятлар ва ҳарбий жиноятлар содир этган.

Феврал ойи охирида ЕХҲТга аъзо 57 давлатдан 45 таси экспертларга Украина фуқароларининг Россия расмийлари томонидан таъқиб қилиниши билан боғлиқ вазият бўйича ҳисобот тайёрлашни топширди. Шу билан бирга, ЕХҲТ терговни у олиб борилаётган давлатнинг розилигисиз ўтказиш имконини берувчи механизмни ишга туширди.

Ҳуқуқшунослар - Чехиялик Вероника Билкова, норвегиялик Сесили Хеллествейт ва латвиялик Элина Штайнерт 2014 йилда Қрим Россия таркибига ўтганидан кейин қанча одам қўлга олинганини аниқлай олмади. Бироқ, уларнинг сони минглаб, дейди улар ҳужжатлар, шунингдек, Украина расмийлари, жабрланувчилар ва гувоҳларнинг баёнотларига асосланиб. Маҳкумлар камситиш, қийноққа солиш ва жинсий зўравонликка дучор бўлади. Мутахассислар, шунингдек, ҳибсга олинган тинч фуқароларнинг ўлими ҳақидаги ҳужжатлаштирилган ҳолатларга ҳам ишора қилди.

Тинч аҳолини ноқонуний равишда оммавий ҳибсга олиш «Россиянинг вақтинча эгаллаб олинган ҳудудлардаги стратегиясининг белгиловчи хусусияти бўлиб кўриняпти», дейилади ҳисоботда. Ҳибсга олинганларнинг кўпчилиги Украина армиясини қўллаб-қувватлаганликда ёки Россия ҳарбий амалиётига қарши чиққанликда айбланмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, ушлашлар қўрқув уйғотиш ва одамларни янги ҳокимият билан ҳамкорлик қилишга мажбурлашни мақсад қилган.

Мавзуга оид