АПЛда чемпионлик пойгаси: «Арсенал» муҳим ғалабага эришди ва «Сити»нинг хатосини кутмоқда
«Тоттенҳэм» Лондон дербисида «Арсенал»ни қийнади, «шпорлар»да «Сити» ва «Ливерпул» билан ҳам ўйин бор.
Якшанба куни АПЛдаги чемпионлик пойгаси иштирокчилари учун асабий кун бўлди: «Арсенал» «Тоттенҳэм», «Манчестер Сити» «Ноттингҳэм»нинг меҳмони бўлди. Ва иккиси ҳам қийналишди.
«Арсенал» Шимолий Лондон дербисида устун келди: яна стандарт вазиятлар ҳал қилди
«Тоттенҳэм» — «Арсенал» 2:3
Голлар: Ромеро (64), Сон (87, пеналти) — Ҳёйберг (15, автогол), Сака (27), Ҳавертц (38).
«Тоттенҳэм» – Викарио, Порро, Ромеро, ван де Вен, Дэвис (Ло Челсо, 88), Ҳёйберг (Биссума, 64), Мэддисон (Ришарлисон, 64), Бентанкур (Сарр, 46), Кулусевски, Сон, Вернер (Жонсон, 31).
«Арсенал» – Райя, Уайт, Габриэл, Салиба, Томиясу,Парти, Эдегор (Кивиор, 89), Райс, Ҳавертц, Троссар (Мартинелли, 63), Сака.
Огоҳлантиришлар: Кулусевски (77), Дэвис (81), Парти (83).
Биринчи бўлимда «Арсенал» ташаббусни бериб ўйнади – тўп ўйин вақтининг атиги 30 фоиз қисмида меҳмонларда бўлди – аммо «Тоттенҳэм»ни хатолар учун жазолади. Биринчи бурчак зарбасидаёқ Пиер-Эмил Ҳейберг автогол муаллифига айланди.
Иккинчи гол эса «шпорлар» Деян Кулусевски ва Жеймс Мэддисон рақиб жарима майдони ичида йиқилиши туфайли пеналти сўраш билан овора бўлиб қолганида рўй берди – бу вақтда Букайо Сака Ҳавертцнинг узатмаси билан қарши ҳужумга чиқиб кетиб, Бен Дэвисни ортда қолдирди ва тўпни олис бурчакка юмалатиб юборди.
Учинчи гол – ва яна бурчак зарбаси. Бу сафар Ҳейбергнинг хизматларига эҳтиёж сезилмади – Деклан Райс тўпни ошириб берди, Кай Ҳавертц уни дарвозага киритди.
Бу ҳисоб ўйин характерини ўзида акс эттирмасди: «Тоттенҳэм» Артета жамоасини кучли босим остида қолдирди ва тўпсиз қолдирди – биринчи бўлимдаги ўйин учун 0:3 ҳисоби мос эмасди, аммо «шпорлар» дарвоза соҳасига аниқ борган иккита зарбадан учта гол ўтказишни уддалашди.
Аммо «Арсенал»нинг стандарт вазиятларига чора топиб бўлмаяпти. «Канонирлар» АПЛнинг бу мавсумида бурчак зарбаларидан кейин урган голлар сони аллақачон 16 тага етди. Премер-лигада охирги бор Тони Пюлис бошқарувидаги «Вест Бромвич» 2016/17 йиллар мавсумида бурчак зарбасидан бу қадар кўп гол урганди – ўшанда ҳам 16 гол бўлган, аммо 38 турдан кейин.
Танаффусдан кейин Сака ҳисобни 4:0 кўринишига келтириши керак эди, аммо Викарио унинг яқин масофадан йўллаган зарбасини оёқлари билан тўсиб қолди.
Иккинчи бўлимда «Арсенал» ўйиннинг кўпроқ вақтида тўпга эгалик қила бошлади ва энди ғалабали ҳисобни хотиржамлик билан ушлаб қоладигандек кўринаётганди, аммо индивидуал хатолар туфайли иккита гол ўтказиб юборилди ва мухлислар ўйин охиригача ҳаяжон ичида ўтиришга мажбур бўлди. Дастлаб дарвозабон Давид Райя ўйинга интрига қайтаришни хоҳлади ва 64-дақиқада рақиб футболчисига голли пас берди.
Бу гол «Тоттенҳэм»нинг кучли прессинги самараси бўлди. Шу куни мезбонлар сафидаги энг фаол футболчи бўлган марказий ҳимоячи Кристиан Ромеро марказий ҳужумчи позициясида пайдо бўлди ва совғадан унумли фойдаланди. Бу аргентиналик футболчининг мавсумдаги бешинчи голи бўлиб, у марказий ҳимоячилар орасида энг яхши натижани қайд этмоқда.
86-дақиқада эса вазият яна қизғин тус олди, Майкл Оливер меҳмонлар дарвозасига пеналти қўйди – бу вазиятда Райс ўз жамоаси жарима майдонида эҳтиётсиз ҳаракатланиб, тўп ўрнига Бен Дэвисни тепиб юборди. Сон Ҳин Мин аниқ ва кучли зарба бериб, ҳисобни 2:3 кўринишига келтирди, аммо мезбонларда бундан ортиғига вақт етмади.
«Арсенал» Шимолий Лондондаги қўшнисини мағлуб этди – энди дербилардаги ҳисоб 74:54 (ва яна 49 ўйин дуранг билан якунланган). Артета жамоаси қаторасига иккинчи мавсумда сафарда ғалабага эришмоқда.
«Манчестер Сити» кўп тер тўкишига тўғри келди, аммо «Ноттингҳэм»ни енга олди. Де Брюйненинг икки ассисти ҳал қилди
«Ноттингҳэм Форест» — «Манчестер Сити» 0:2
Голлар: Гвардиол (32), Ҳоланд (71).
Ноттингҳэм Форест – Зелс, Уилямс (Монтиэл, 35), Боли (Сангаре, 84), Ниакате, Мурилло (Омобамиделе, 74), Айна, Гиббс-Уайт, Данило (Йейтс, 74), Эланга (Рейна, 74), Вуд, Ҳадсон-Одои.
Манчестер Сити – Эдерсон (Ортега, 46), Уокер, Аке, Аканжи, Гвардиол, Грилиш (Ҳоланд, 62), де Брюйне (Нунеш, 89), Бернарду Силва, Родри, Доку (Ковачич, 46), Алварес (Бобб, 89).
«Сити» якшанба куни «Ноттингҳем Форест» меҳмони бўлди. Бу ўйин у қадар голларга бой бўлмади, аммо ёрқин ва Гвардиола жамоаси учун қийин кечди. «Манчестер» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди, аммо мезбонлар шу куни жуда кўп хавфли вазиятлар яратишди.
Бу ўйинда ҳам жамоани Кевин Де Брюйне қутқарди. Белгиялик футболчи биринчи бўлимда бурчак зарбасидан кейин яқин устун олдида турган Йошко Гвардиолнинг бошини топди. Хорватиялик ҳимоячи ҳисобни очди.
62-дақиқада Эрлинг Ҳоланд ўйинни ҳал қилиш учун захирадан тушди, чунки ҳисоб қалтис бўлиб қолаётганди. Ва норвегиялик ҳужумчи иккинчи голни урди. Де Брюйне уни олдинга ташлади, Эрлинг ҳимоячини ҳам, дарвозабонни ҳам доғда қолдирди. Кевин мавсумнинг ярмини жароҳат туфайли ўтказиб юборган бўлса-да, иккинчи даврада кўп ўйинларни ҳал қилиб берди.
Меҳмонлар уч очкога эга бўлган бўлса-да, «Ноттингҳэм» амалдаги чемпионлар дарвозасига кўп бор таҳдид солди. Биринчи бўлимда «Форест» кутилган голлар бўйича 1,27 xG кўрсаткичини қайд этди – бу мавсумда «Манчестер»га қарши ўйнаган рақиблар орасидаги энг яхши натижа.
«Ноттингҳем» ўйин якунларига кўра «Сити»дан кўпроқ зарба берди – 10 тага қарши 14. Ва биринчи даврада ҳам жамоа кучли рақибдан бу борада устунлик қилганди – уникал ҳолат. Гвадриола жамоаси бунгача фақат бир марта бир мавсумда бир жамоадан икки ўйинда ҳам зарбалар сони бўйича ортда қолганди (ва бу 2009/10 йиллар мавсумидаги «Реал» бўлганди).
«Сити» таркибдаги муаммоларга қарамай муҳим ғалабага эришди: Фил Фоден ва Рубен Диаш захирада ҳам йўқ эди, Эрлинг Ҳоланд ўйинни захира ўриндиғида бошлади, дарвозабон Эдерсон жароҳат туфайли танаффусда алмаштирилди.
Турнир жадвалидаги вазият: «Арсенал» ҳозирча биринчи, «Сити» – битта захира ўйинига эга, «Ливерпул» ЕЧЛ йўлланмаси билан овунади
35 турдан кейин турнир жадвали қуйидагича кўринишда. «Арсенал» биринчи, аммо «Сити»да битта захира ўйини бор.
«Ливерпул» шанба куни турни очиб берганди ва ўзини ўзи чемпионлик пойгасидан чиқариб юборди: «Вест Ҳэм» билан ўйиндаги 2:2 ҳисоби Юрген Клоппнинг апрел ойидаги даҳшатли тушини якунлаб берди. Яхши янгилик – «қизиллар» 99 фоиз эҳтимол билан кейинги мавсумда Чемпионлар лигасида ўйнайди. Катта эҳтимол билан, Арне Слот бошқарувида.
«Арсенал» бу йил бошидан буён АПЛдаги сафар ўйинларида мағлубиятсиз сериясини давом эттирди – 7 ғалаба ва 1 дуранг, тўплар нисбати 27:3. Қолаверса, Микел Артета жамоаси бу мавсумда Англиянинг классик топ-6 гуруҳи вакиллари билан ўйинларда бирор марта мағлуб бўлмади – беш ғалаба ва тўрт дуранг.
Пойгада фаворит ҳамон ўзгармади – «Манчестер Сити». Гвардиола шогирдлари барча турнирлар доирасида 31 ўйиндан буён мағлубиятга учрамаяпти (ЕЧЛда «Реал»га қарши ўйиннинг асосий вақти дуранг билан якунланганди).
Чемпионликка даъвогарлар учун тақвим қуйидагича:
«Арсенал» «Борнмут» ва «Эвертон» билан уйда, «Манчестер Юнайтед»га қарши сафарда ўйнайди; «Манчестер Сити»да «Вулвз» (уй), «Фулҳэм» (сафар), «Тоттенҳэм» (сафар) ва «Вест Ҳэм»га (уй) қарши ўйинлар қолган. «Ливерпул» «Тоттенҳэм» ва «Вулвз»ни уйда қабул қилиб, «Астон Вилла» майдонига сафар қилади.
Пойга иштирокчилари ҳали очко йўқотиши мумкин.
Мавзуга оид
11:53 / 25.11.2024
«Реал» «Барса»га етиб олмоқда, Салоҳ «Ливерпул»ни қутқарди. Кун ўйинлари
11:50 / 24.11.2024
«Сити» яна 4 та гол ўтказди, «Барса» камбэк қурбони. Кун ўйинлари
13:34 / 11.11.2024
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
15:52 / 10.11.2024