Жаҳон | 14:13 / 29.04.2024
3117
3 дақиқада ўқилади

FT: Ғарб банклари Россияда 800 млн евро солиқ тўлаган

Financial Times газетаси ҳисоб-китобларига кўра, ғарб банклари томонидан 2023 йилда Россия бюджетига тўланган солиқларнинг умумий миқдори урушдан олдинги даражадан тўрт баравар кўп.

Фото: Vladimir Gerdo/TASS/dpa/picture alliance

Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан кейин ҳам Россия бозорида қолган энг йирик ғарб банклари 2023 йилда Россия Федерацияси давлат бюджетига 800 миллион евро солиқ тўлади. Бу урушдан олдинги даражадан тўрт баравар кўп, деб ёзади 29 апрел, душанба куни Financial Times. 

Нашрга кўра, Россиядаги активлари бўйича Европанинг етти йирик банки – Raiffeisen Bank International (RBI), UniCredit, ING, Commerzbank, Deutsche Bank, Intesa Sanpaolo ва OTP 2023 йилда жами 3 миллиард евродан ортиқ фойда кўрганини маълум қилган. «Ушбу фойда 2021 йилга нисбатан уч баравар кўп бўлди ва қисман банклар мамлакатдан олиб чиқа олмайдиган маблағлардан олинган», — дея таъкидлайди журналистлар. 

FT маълумотларига кўра, Европа банклари томонидан Россия бюджетига тўланадиган солиқлар РФ 2024 йилда ноэнергетика секторидан олиши кутилаётган барча фойданинг 0,4 фоизини ташкил қилади. 

Россияда ғарб банкларининг мавжудлиги 

Россияда фаолият юритаётган энг йирик хорижий банк Австриянинг Raiffeisen Bank International ҳисобланади. FT маълумотларига кўра, 2021 йилдан 2023 йилгача банкнинг Россия бозоридаги фойдаси уч баравар кўпайиб, 1,8 миллиард еврога етган. 

FT мақоласида айтилишича, Кремл ўтган йили баъзи компаниялар учун қўшимча фойда солиғини жорий қилгани натижасида мунтазам солиқ тўловларидан ташқари, Raiffeisen 2023 йилда 47 миллион евро тўлаган. 

Deutsche Bank, Венгриянинг OTP ва Commerzbank Россиядаги мавжудлигини сезиларли даражада қисқартирди, бу RBI билан солиштирганда кичик эди, деди уларнинг вакиллари газета сўровига жавобан. Италиянинг Intesa банки Россия бозорини тарк этишга энг яқин, аммо у ҳали ўзининг рус бизнесини сотгани йўқ. UniCredit банки изоҳ беришдан бош тортди. 

Россиядаги Америка банклари 

Шу билан бирга, Киев иқтисодиёт мактаби (KSE) Россия Федерацияси Марказий банки маълумотларига асосланиб, 2023 йилда Россияда ғарб банклари орасида тўртинчи йирик солиқ тўловчи Американинг Citigroup банки бўлганини аниқлади. Аммо у Россия Федерациясида корпоратив ва чакана бизнесини қисқартирган. Қайд этилишича, 2023 йилда ушбу банк РФда 149 миллион доллар фойда олган ва Россия бюджетига 53 миллион доллар солиқ тўлаган. 

KSE маълумотларига кўра, АҚШнинг яна бир йирик банки JPMorgan Россияда 35 миллион доллар ишлаб топган ва 6,8 миллион доллар солиқ тўлаган. Шу билан бирга, Америка банклари ҳақидаги маълумотлар FT нашрида пайдо бўлган 800 миллион евро миқдорига киритилмаган, дея таъкидлайди журналистлар. 

FT иқтибос келтирган Россия банкларидан бирининг исми ошкор этилмаган юқори мартабали вакили РФ Марказий банки ғарб банкларининг Россия бозорида қолиши учун ҳамма нарсани қилиши, сабаби ҳозирда Россиядан пул жўнатиш ва SWIFT-тўловларни қабул қилиш мумкин бўлган, санкцияга учрамаган банклар жуда кам. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид