Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Июн ойида Ўзбекистон ва Туркия янги марраларни белгилаб олади — Туркия вице-президенти
Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз 1 май куни Тошкент халқаро инвестфорумида қатнашиш учун Ўзбекистонга келди. У президент Шавкат Мирзиёев ва қатор расмийлар учрашувларидан кейин журналистлар саволларига жавоб берди. Йилмазнинг сўзларига кўра, келаси ой Ўзбекистон–Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида янги марралар белгилаб олинади.
— 2018 йилда Ўзбекистон ва Туркия президентлари икки мамлакат орасидаги савдо ҳажмини 5 миллиардга етказишга келишиб олишган эди. Аммо, 6 йил ўтдики, бу режалар ҳали амалга ошмади, бу борада қандай сабаблар ва муаммолар мавжуд?
— Бир томондан қарасак, хабарингиз бор, 3 миллиард ошди. Бу жуда яхши натижа. Бугунги дунё жуда оғир вазиятни бошдан ўтказмоқда. Бутун дунё иқтисодиёти инқирозни бошдан кечирди. Хусусан, пандемия бутун дунёга ўз таъсирини ўтказди, аҳолининг ўсиши, мамлакатнинг савдосига таъсир қилди. Шу билан бирга, бутун дунёда бу каби муаммолар мавжуд, лекин барчасига қарамасдан, Ўзбекистон ва Туркия ижобий йўлдан кетмоқда.
Ўтган йили дунё аҳолиси 3 фоизга ошган бўлса, Ўзбекистон аҳолиси 6 фоизга, Туркия аҳолиси эса 4,5 фоизга ошди. Ўзбекистон аҳолиси ҳам, Туркия аҳолиси ҳам дунё аҳолисининг ўсишига қараганда янада тезроқ ўсмоқда. Тижоратимиз ҳам, туризмимиз ҳам ошиб бормоқда. Режалаштирган мақсадларимизга яқинлашдик, Худо хоҳласа, бу мақсадларимизга эришиб, бундан каттароқ режаларимизга қараб илдам қадам ташлаймиз.
Хабарингиз бор, июн ойида юқори даражали стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтади. У ерда янги марраларни белгилашимизга ишончим комил.
— Бугун президент билан кўришдингиз. Нималар ҳақида гаплашдингиз?
— Мен жаноб Мирзиёевни анчадан бери кузатиб келмоқдаман. Жуда кучли, ҳақиқатан мамлакати учун жуда катта ишлар қила олган лидер. Эркин бозорга чиқиш, ташқи дунё учун очилиш, ислоҳотлар, ташкилий тузилмаларнинг ривожланиши каби катта ишларни амалга оширмоқдалар. Мен ҳам вақти-вақти билан келиб-кетаётганимда ўзгаришларни кўряпман. Энди баъзида ичкарида яшаётганлар кўролмаётган бўлиши мумкин. Ташқаридан келиб кетсангиз, бундай ўзгаришларни, ривожланишларни янада яхшироқ кўра оласиз. Бутун Ўзбекистон худди бир иншоот каби – ўзгаришлар ичида.
Биз нафақат Ўзбекистондаги ривожланишлар-у, икки томонлама ҳамкорлигимизни, қолаверса, бошқа платформалар – Туркий давлатлар ташкилоти каби платформалардаги муносабатларимизни ҳам муҳокама қилдик. Давлат раҳбари жаноб Мирзиёевнинг турли масалалардаги фикрларини эшитиш имкониятига эга бўлдик. У баъзи муҳим масалаларга эътибор қаратди. Бу масалалар бўйича ҳам [бош вазир ўринбосари] жаноб Жамшид Қўчқоров билан бирга яқиндан шуғулланамиз.
— Ғазо масаласига ҳам тўхталиб ўтсангиз. Фаластин келажаги борасида нима дея оласиз?
— У ерда, шубҳасиз, инсоният драмаси содир бўлмоқда. Ҳаммамизнинг юрагимизни эзаётган саҳналарга гувоҳ бўлмоқдамиз. Энг қисқа фурсатда ўша ердаги қийноқлар тўхташини умид қилиб қоламиз. Биринчи ўринда ўт очиш тўхтатилиши керак. Шундан кейин, инсонийликдан четда бўлган тўқнашувлар тугаши керак деб ишонамиз. Бошқа томондан, у ерда яшаётган бегуноҳ аҳолига ҳам тез орада гуманитар ёрдам етказилиши керак.
Ўт очиш тўхтаб, гуманитар ёрдам етказилгандан кейин ҳам барқарор бир ечим, барқарор бир тинчлик учун нима қилиш керак бўлса, амалга оширилиши керак. Туркия гуманитар ёрдам бўйича биринчилар қаторида, баъзан биринчи, баъзан иккинчи ўринда бўлмоқдамиз. Ҳар қандай кучимизни сарфлаяпмиз, ўт очишни тўхтатиш учун ҳам ҳар қандай дипломатик ҳаракатларни амалга оширмоқдамиз. Тинчлик ўрнатиш жараёни, барқарор бир ечим жараёни, сиёсий бир ечим жараёнлари олдинга юрса, бундай пайтда кафил бўлувчи мамлакат бўлиш билан бирга, ҳар қандай чора-тадбирлар амалга оширишга тайёрмиз.
Ҳозир, хабарингиз бор, Халқаро судда ҳам бу мавзу муҳокама қилинмоқда, ҳуқуқий жиҳатдан кўриб чиқилмоқда, Исроил давлати бошқаруви суд ишида кўриб чиқиляпти. Туркия сифатида биз ҳам у ердаги даъвога қўшиламиз, биз ҳам бу ишнинг бир бўлаги бўламиз ва кузатиб турамиз.
Мавзуга оид
20:52 / 15.05.2025
Шавкат Мирзиёев Туркия вице-президенти билан учрашди
02:31 / 15.05.2025
Путин Украина билан музокараларда иштирок этадиган делегация таркибини тасдиқлади
23:40 / 14.05.2025
Зеленский: Украина музокараларнинг ҳар қандай форматига тайёр
17:14 / 14.05.2025