Жаҳон | 22:40 / 06.05.2024
17283
2 дақиқада ўқилади

ҲАМАС Исроил билан тинчлик келишувига рози бўлди 

Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳония Ғазо секторида сулҳ тузиш ҳақидаги таклифни қабул қилишга тайёрлигини айтди. 

Фото: Reuters

Бу ҳақда у Қатар бош вазири Муҳаммад бин Абдураҳмон бин Жасим Ол Соний ва Миср Бош разведка хизмати раҳбари Аббос Комил билан телефон орқали суҳбатда маълум қилган. Қатар ва Миср ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги музокараларда воситачилик қилмоқда. 

«Уларга ҲАМАС ҳаракати ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишув бўйича таклифларни маъқуллагани ҳақида хабар бердим», деб «Коммерсант» Ҳония баёнотидан иқтибос келтирди. 

Бундан сал олдин The Times of Israel нашри Исроил армияси Рафаҳ шаҳрининг шарқий минтақасида аҳолини эвакуация қилинишга чақирувчи варақалар тарқата бошлагани ҳақида хабар берган эди. Исроил Ғазо секторининг жанубида жойлашган шаҳарда ҳарбий амалиёт ўтказмоқчи, гарчи ғарбий иттифоқчилари уни бундан қайтараётган бўлса-да. Рафаҳда тахминан бир миллион қочқин яшамоқда. 

29 апрел куни музокаралар чоғида ҲАМАС ҳаракатига 40 кунлик оташкесим таклиф қилинган эди. Келишув, шунингдек, ҳамасчилар томонидан гаровга олинганларни фаластинлик маҳбусларга алмаштиришни ҳам ўз ичига оларди. 

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби ушбу келишув Рафаҳ операциясини кечиктиришини тахмин қилди. Бироқ Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу бўлажак ҳарбий операция ҲАМАС билан музокаралар натижасига боғлиқ эмаслигини айтди. 

Исроил ва ҲАМАС ўртасида сулҳ бўйича музокаралар бир неча ойдан бери давом этмоқда.

Мавзуга оид