Жаҳон | 11:15 / 08.05.2024
2477
5 дақиқада ўқилади

Шолц глобал сиёсий инқирозни биргаликда ҳал қилишга чақирди

Ҳозирги барча глобал муаммолар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ, деди Германия канцлери. У иқлим ўзгариши, қашшоқликка қарши курашиш ва ҳарбий можароларни бартараф этиш чораларини кучайтиришга чақирди.

Фото: Hannes P. Albert/dpa/picture alliance

Германия федерал канцлери Олаф Шолц халқаро ҳамжамиятни бутун дунё дуч келаётган инқирозни ҳал қилиш учун саъй-ҳаракатларни жамлашга чақирди. У 7 май, сешанба куни Берлинда бўлиб ўтган Глобал ечимлар саммитидаги нутқида: «Ҳеч қандай алоҳида инқирозлар йўқ ва барча ҳозирги глобал муаммолар ўзаро боғлиқ», деди. Шунинг учун, унинг фикрича, бу муаммоларни алоҳида кўриб чиқиш мумкин эмас, «фикрлашимиз ва ечимларни излаш глобаллашиши» керак.

Иқлимни муҳофаза қилиш ва қашшоқликка қарши курашни кучайтириш керак

Хусусан, Шолц иқлимни муҳофаза қилиш чораларини кучайтиришга чақирди. Иқлим бетарафлиги мақсад сифатида «идеалистларнинг орзуси эмас», балки сайёранинг омон қолиши учун зарур, ўсиш ва фаровонлик унга боғлиқ, дея таъкидлади Германия ҳукумати раҳбари. Шу билан бирга, у глобал исишга қарши курашда эришилган муваффақиятларга тўхталиб ўтди. «Иқлим бетарафлигига ўтишни қайтариб бўлмайди ва қазилма даврига қайтиш мумкин эмас», деди у БМТнинг Иқлим конференциясида G20 мамлакатлари томонидан қабул қилинган қарорларга таяниб.

Шу билан бирга, БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 125 триллион евро талаб қиладиган зарурий ўзгаришларни фақат давлат маблағлари ҳисобидан амалга ошириш мумкин эмас, дея таъкидлади Шолц. Саноатлашган давлатлар бу масалада масъулиятни ўз зиммасига олади, лекин ўзгаришларни молиялаштириш учун кўпроқ хусусий сармояга таяниш керак, деди у.

Шолц иккинчи муҳим вазифани «халқаро молиявий архитектура ва халқаро қарз ҳолатини ислоҳ қилиш», шунингдек, қашшоқликка қарши кураш деб атади. Шу билан бирга, у Жаҳон банки томонидан ушбу соҳада бошланган ислоҳотларни ижобий баҳолади. «Қашшоқликка қарши кураш тирикчилик манбаларини сақлаш ва глобал жамоат мулкини ҳимоя қилиш билан бирга олиб борилади», деди канцлер. Унинг сўзларига кўра, Хитой жаҳоннинг энг йирик кредиторларидан бири сифатида Глобал Жанубнинг кўплаб мамлакатларидаги қарз инқирозини ҳал қилишда иштирок этиши зарур.

Шолц Бразилия, Хитой ва Ҳиндистонни Украина масаласида аниқ позицияни эгаллашга чақирди

Глобал инқирознинг учинчи жиҳати, Шолцнинг фикрича, уруш ва тинчлик масалалари. Россиянинг Украинага қарши давом этаётган уруши, шунингдек, ҲАМАС гуруҳининг Исроилга ҳужуми ва унинг минтақадаги оқибатларини ҳисобга олган ҳолда, Шолц БМТ Низоми асосида халқаро бирдамлик ва ҳамкорликка чақирди. «Биз чегаралар куч билан ўзгартирилишига рози бўла олмаймиз ва ҳеч қачон рози бўлмаймиз», деди у Россиянинг Украинага ҳужумини назарда тутиб.

Шу билан бирга, Шолц иқтисоди ривожланаётган йирик давлатларни Россия ҳарбий ҳаракатларига қарши аниқ позицияни эгаллашга чақирди. «Хитой, Бразилия, Ҳиндистон ва бошқа кўплаб давлатлар Россияга етарли эканлигини, бу уруш тугаши, Россия ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши кераклигини тушунишга имкон берса, тезроқ тинчликка эришиш имконияти шунчалик кўп бўлади», - дейди у. Украина учун адолатли асосларда тузилган тинчлик ушбу можаронинг инфляция, энергия инқирози, озиқ-овқат тақчиллиги каби глобал оқибатларини бартараф этиш нуқтайи назаридан ҳам муҳимдир. «Тинчликсиз барқарор ривожланиш бўлмайди», деб қўшимча қилди Шолц.

«Яқин Шарқда халқаро ҳуқуқ ҳурмат қилиниши керак»

Бундан ташқари, халқаро ҳуқуқ ва БМТ тамойиллари Яқин Шарқ можаросини ҳал қилишда стандарт бўлиши керак, деди Германия канцлери. Ушбу тамойиллардан келиб чиқадики, Исроил «ҲАМАСдан ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга» ва ҲАМАС жангчилари барча гаровга олинганларни озод қилиши керак. Бундан ташқари, Исроил ушбу тамойилларга мувофиқ, тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва Ғазо секторига гуманитар ёрдам олиб киришга рухсат бериш мажбуриятини олади, дея қўшимча қилди Шолц.

Ҳар йили ўтказиладиган Глобал ечимлар саммитининг мақсади жаҳондаги долзарб муаммолар ва уларни ҳал этиш бўйича таклифларни муҳокама қилишдан иборат. Иштирокчилар орасида G20 мамлакатлари ва халқаро ташкилотларнинг юқори даражали вакиллари бор. Биринчи бундай тадбир 2017 йилда Германиянинг G20'га раислиги даврида бўлиб ўтган.

Мавзуга оид